Жаҳон | 08:05 / 09.09.2022
11112
4 дақиқада ўқилади

Россияда Путинни истеъфога чақирган муниципал депутатлар полицияга чақирилди

Санкт-Петербургнинг «Смолнинское» муниципал округи кенгашининг Давлат думасини Путинни истеъфога чиқаришга чақирган депутатлари полицияга чақирилди – «ҳокимиятни обрўсизлантириш» тўғрисида протокол тузилди.

Фото: kremlin.ru

Санкт-Петербургнинг «Смолнинское» муниципалитети кенгаши депутатлари Давлат думасини Путинни ишдан бўшатишга чақиришди, сўнг улар полицияга чақирилди - армияни «обрўсизлантириш»дан иборат бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида протокол тузиш учун. Бу ҳақда 8 сентябр, пайшанба куни DW нашрига ташаббусни қўллаб-қувватлаган мундеплардан бири Никита Юферев хабар берди. 

Депутатга келган СМС-хабардаги матнга кўра, 9 сентябр куни эрталаб у Россия Ички ишлар вазирлигининг Санкт-Петербург марказий округи бўйича 76-полиция бўлимига келиши керак. Юферевнинг сўзларига кўра, шунга ўхшаш хабарни барча депутатлар («Смолнинское» муниципалитети кенгашидан), «ҳатто овоз беришда бетараф қолганлар ҳам» олишган. 

Россия президенти Владимир Путинни давлатга хиёнат қилгани учун лавозимидан четлатиш ҳақидаги чақириқ билан Давлат думасига мурожаат лойиҳасини 7 сентябр куни «Смолнинское» муниципалитети кенгаши йиғилишига унинг депутати Дмитрий Палюга киритди. Муниципалитет кенгашининг йигирма нафар аъзосидан ўн нафари, шу жумладан унинг раиси, «Ягона Россия» партияси аъзоси овоз беришда қатнашмади, дейди Юферев. Бироқ, ҳозир бўлган ўн нафар депутат қонуний жиҳатдан кворум учун етарли эди. Натижада, улардан етти нафари Давлат думасига мурожаат юборишни ёқлаб овоз берди.

Палюга ва Юферев ўзларининг Twitter’даги саҳифаларида Россия Давлат думасига мурожаатнинг нусхасини эълон қилишди. Ҳужжатда айтилишича, унинг муаллифларига кўра, Россия президенти Путиннинг ҳаракатларида Россия конституциясининг давлатга хиёнат ҳақидаги моддасида назарда тутилган жиноят белгилари мавжуд. Хусусан, улар Россия армиясининг жанговар тайёр бўлинмаларининг йўқ қилиниши, Россиянинг ёш ва меҳнатга лаёқатли фуқароларининг ўлими ва жароҳати, Россия иқтисодиётига етказилган зарар, Украинадаги «махсус операция»дан сўнг юз берган НАТОнинг кенгайиши ва Украина армияси замонавий Ғарб техникаси билан жиҳозланаётганига эътибор қаратмоқда. Бу - унинг «демилитаризация» мақсадига зиддир. 

«Смолнинское» муниципалитети депутатларининг Давлат думасига мурожаат тайёрлаш тўғрисидаги қарори ўз-ўзидан бўлмаган, дея таъкидлайди Юферев. 24 февраль куни у кенгашнинг бошқа депутати Дмитрий Балтруков, шунингдек, бошқа муниципалитетлар депутатлари билан биргаликда «Урушга йўқ: тинчлик учун, Украина билан тинчлик учун» шиори остида митинг ўтказишга ариза берган. Бироқ шаҳар ҳокимияти митингга рози бўлмаган. Мундеплар 2 март куни Санкт-Петербург аҳолисини кенгашнинг очиқ йиғилишига таклиф қилишди ва Путинга «махсус операция»ни тугатиш кераклиги ҳақидаги мурожаатга келишиб олди. Кремлдан ҳеч қандай жавоб келмади.

Август ойида Юферев Россия президентига яна бир баёнот юборди - бу сафар шахсан ўзидан - гуманитар сабабларга кўра «махсус операция»ни тугатиш чақириғи билан: «Ахир, миллионлаб украиналиклар қочқинга айланди, 5000 дан ортиқ тинч аҳоли, БМТ маълумотларига кўра, ўша пайтда вафот этган, жумладан 300 га яқин болалар». Бу баёнотга жавоб келган. Унда айтилишича, мурожаат кўриб чиқилиб, унда Россия «демилитаризация ва денацификация бўйича махсус ҳарбий операция ўтказаётгани» айтилган, деди муниципал депутат.

DW’нинг у ва ҳамкасблари мурожаатига қандай муносабат кутаётгани ҳақидаги саволига жавоб берар экан, Никита Юферев шундай таъкидлади: «Бизнинг барча мурожаатларимиз, муҳим ва салмоқли манзиллар бўлишига қарамай, уларга йўналтирилмаган. Биз тушунамизки, улар катта эҳтимол билан бизга жавоб бермайди ёки август ойидаги мактубимда бўлгани каби қандайдир бемаънилик билан жавоб қайтаради. Биз уларга улар ёлғиз эмаслигимизни, биз шу ерда эканлигимизни, орамизда бўлаётган воқеаларга қарши бўлганлар кўплигини кўрсатишга ҳаракат қиляпмиз. Бу - тарғиботда айтилганидек, «сотқинларнинг оз сони» эмас, биз жуда кўпчиликмиз».

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид