Ўзбекистон | 17:04 / 10.09.2022
12728
4 дақиқада ўқилади

«Қонуний кучга эга эмас». Адлия вазирлиги Театр арбоблари уюшмасининг «Илҳом» театри спектакли бўйича хатига муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда Театр арбоблари уюшмасининг «Илҳом» театри спектакли бўйича хулоса олиниши лозимлиги юзасидан давлат ташкилотларига киритган хати муҳокамаларга сабаб бўлди. Театрда премьераси кутилган «Ер остидаги қизлар» спектакли уюшма хатидан сўнг бекор қилинди.

Театр арбоблари уюшмасининг «Илҳом» театрига хатида «Афғонистондаги ижтимоий диний ва сиëсий аҳволни Ғарб дунëқараши асосида кенг жамоатчиликка кўрсатиш икки томонлама давлат алоқаларига путур етказади», дейилган.

Адлия вазирлиги нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатга олувчи орган сифатида ушбу масала юзасидан расмий муносабат билан чиқди.

Қайд этилишича, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги қонун 4-моддасига асосан, нодавлат нотижорат ташкилоти давлат органлари ҳамда улар мансабдор шахслари фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.

Қонун 8-моддасига мувофиқ, нодавлат нотижорат ташкилоти қонунчилик ва таъсис ҳужжатларига риоя этиши, молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ахборот билан танишиш эркинлигини таъминлаши, ўз фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этиши шарт.

«Театр арбоблари уюшмаси» нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмалари оммавий тадбир ўтказишга рухсатнома бериши билан боғлиқ муносабатларга аралашиши устав фаолиятидан четга чиқиш ва қонунчилик талабларини бузиш деб ҳисобланиши айтилган.

Маълум қилинишича, Театр арбоблари уюшмасининг 2022 йил 7 сентябрдаги хати қонуний кучга эга эмас. Театр арбоблари уюшмаси қонунчилик ҳужжатлари бузилишига йўл қўймаслик ҳақида 2022 йил 10 сентябр куни ёзма равишда огоҳлантирилган ва давлат ташкилотларига юборилган хатини ижродан чақириб олиш ҳақида кўрсатма берилган.

Қайд этилишича, «Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги қонун 31-моддасига кўра, театрлар бадиий йўналишларни, репертуарни танлашда, саҳна асарларини яратиш, оммавий ижро этиш ва (ёки) оммавий намойиш қилиш тўғрисида қарор қабул қилишда, самарали ижодий жараённи ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун зарур бўлган, қонунчиликка зид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга оширишда эркиндир. Улар фаолиятига аралашиш маданий фаолият соҳасидаги асосий принциплардан бири бўлган - «ижодий фаолият эркинлиги»га зиддир.

Шу билан бирга, «Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги қонун 20-моддасига кўра, маданий-оммавий тадбирлар ўтказилаётган вақтда миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатишга, шафқатсизлик ва зўравонликни тарғиб этишга, ўзга шахслар ҳуқуқларини камситишга қаратилган плакатлар, тимсоллар, транспарантлардан ва бошқа ашёлардан фойдаланиш тақиқланади.

«Келгусида нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан устав фаолиятидан четга чиқиш ҳолати такрорланса, маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилиши ва фаолиятини тўхтатиш юзасидан суд органларига мурожаат қилиниши ҳақида маълум қилинди», дейилади Адлия вазирлиги маълумотида.

Э. Рейли ва Я. Скрживанеклар муаллифлигидаги «Ер остидаги қизлар» спектакли Афғонистондаги аëллар ҳақида ҳикоя қилади.

«Илҳом» театри 1976 йилда «Ёш театрлар экспериментал студияси» номи билан тузилган бўлиб, СССР ҳудудида илк мустақил театрлардан бири бўлган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид