Саудия Арабистони қироли ўзбек дипломати қатл этилгани учун СССР билан алоқаларни узган эдими?
1937 йилда СССРнинг Саудия Арабистонидаги элчиси бўлиб ишлаган ўзбек сиёсатчиси Москвада суд қилиниб, ўлимга маҳкум этилади. Бу ҳақда хабар топган Саудия қироли СССР билан дипломатик алоқаларни узади ва Жиддадаги совет элчихонаси ёпилади. Шундан сўнг 50 йилдан ошиқроқ вақт мобайнида бу давлат СССР билан дипломатик алоқаларни тикламайди.
1917 йилда Россияда содир бўлган Октябр тўнтаришидан кейин «болшовой»ларнинг ёлғон ваъдаларига ишониб, компартияга аъзо бўлган ўрта осиёлик зиёлиларнинг қарийб барчаси кейинчалик Сталин қатағонларида йўқ қилинган. Манфур тузум ўзига садоқат билан хизмат қилган инсонларнинг аксариятига раҳм-шафқат қилмаган.
СССР даврида Ўрта Осиё халқларидан иттифоқ миқёсидаги мансабдорлар анча-мунчада тайинланмаган. Тайинланганлари ҳам Москвада эмас, четроқда, масалан, Ташқи ишлар вазирлигида ишлаган. Ана шулардан бири ўтган асрнинг 20-йилларида Ўзбекистонда энг таниқли сиёсатчилардан бири бўлган Назир Тўрақулов эди.
Октябр тўнтаришидан кейин ташкил этилган Туркистон АССРда бир қатор юқори лавозимларда ишлаган, кейинчалик қарийб 10 йил СССРнинг Саудия Арабистонидаги элчиси бўлган Назир Тўрақуловнинг ҳаёти ҳам бошқаларники каби фожиали тугайди. У ҳам Сталин қатағонларида ноҳақ айбланиб қатл этилади. Айнан унинг ўлдирилиши СССР ва Саудия Арабистони ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг узилишига сабаб бўлади.
Назир Тўрақулов ҳақида
Назир Тўрақулович Тўрақулов 1892 йилда Қўқон шаҳрида пахта савдоси билан шуғулланувчи йирик савдогар оиласида туғилган. Бошланғич таълимни Қўқондаги «Жадид» мактабида бошлаган Назир Тўрақулов у ерда Ислом дини асослари билан бирга форс, араб тилларини ҳам ўрганади.
Ундан сўнг таҳсилни «рус-тузем» мактабида давом эттиради ва бу ерда рус тилини ўзлаштиради.
Кейин эса руслар очган Қўқон тижорат махсус мактабида ўқийди. 1914-1916 йилларда Москва савдо институтининг иқтисодиёт бўлимида таҳсил олади.
Император Николай II нинг 1916 йил 25 июндаги «Империядаги рус бўлмаган эркак аҳолини ҳаракатдаги армия районида мудофаа иншоотлари ва ҳарбий алоқа йўллари қуриш ишларига жалб қилиш» ҳақидаги фармони эълон қилинади.
Шундан сўнг 18 ёшли Назир Тўрақулов ҳам мардикорликка олиб кетилади ва у Белоруссияга юборилади.
Назир Тўрақулов рус тилини яхши билгани учун Белоруссияда жойлашган Ғарбий фронт қўмитасида инструктор бўлиб ишлайди ва Минскда «Эркин дала» яширин ташкилотини тузади. Бу ташкилотга, урушга қарши ва инқилоб кайфиятида бўлган талабалар ҳамда ўқитувчилар аъзо бўлган эди.
1917 йилда Россияда Феврал революцияси бўлиб ўтади ва император Николай II тахтдан воз кечади. Шундан сўнг Назир Тўрақулов уйга қайтишга қарор қилади.
Ўша пайтда Россияга тобе бўлган ҳудудларда мухторият мақомида миллий давлатчиликни ташкил этиш бошланади. Шу жумладан Ўрта Осиёда ҳам.
Ўша йили октябр ойида содир бўлган тўнтаришдан сўнг Назир Тўрақулов Оренбургдан Тошкентга қайтиб келади ва Туркистон автоном совет социалистик республикасининг ишчи ва солдат кенгашида мусулмон депутатлар кенгаши котиби лавозимида ишлай бошлайди.
Бироз ўтиб, Фарғона шаҳар тафтиш комиссияси аъзоси ҳамда халқ таълими бўлими мудири лавозимига тайинланади.
1918 йил октябрда Россия большивиклар коммунистик партиясига аъзо бўлади ва Қизил армиянинг отлиқ бўлинмаси сиёсий бошқарув бошлиғи этиб тайинланади.
Назир Тўрақулов Туркистондаги сиёсий ҳаракатларда қатнашиш билан бирга Тошкент ва Қўқонда бир қанча газета ва журналларни ташкил этишда қатнашади.
Жумладан, Халқ депутатлари Қўқон шаҳар кенгашининг «Халқ газетаси», Туркистон компартияси марказий қўмитасининг «Инқилоб» журналини айнан Назир Тўрақулов ташкил этади.
Бундан ташқари, Туркистоннинг турли шаҳарларида чоп этилган ва ҳатто Қошғар, Ғулжа, Волгабўйи ҳудудларигача тарқатилган «Ҳақиқат», «Билим ўчоғи», «Туркман эли», «Ақ жўл» газеталарининг ташкил этилишида қатнашади.
Сиёсий фаолият
1920 йилда Назир Тўрақулов Туркистон АССР коммунистик партияси марказий қўмитаси котиби, 1921 йил май ойида Туркистон АССР марказий ижро ҳокимияти раиси этиб сайланади.
1920-21 йилларда Туркистон АССР маърифат ишлари бўйича халқ комиссари лавозимида ишлайди. Шу даврда Тошкентда чоп этилган «Иштирокиюн» газетаси бош муҳаррири ҳам бўлади.
1922 йилда Россия болшивиклар коммунистик партиясининг Ўрта Осиё ижро комиссияси аъзоси, 1920-1922 йиллар оралиғида Туркистон фронтининг ҳарбий-инқилобий кенгаши аъзоси бўлади.
Назир Тўрақулов юқори лавозимларда ишлаган пайтида Ўрта Осиёнинг барча ҳудудларини айланиб чиқади ва жойларда совет ҳокимиятини ўрнатишда жонбозлик кўрсатади.
1922 йилда Назир Тўрақулов Москвага чақириб олинади ва Шарқ халқлари марказий босмахонаси раҳбари этиб тайинланади. Шунингдек, бутуниттифоқ шарқшунослари илмий ассоциацияси аъзоси ҳамда Шарқшунослик институти ректори ўринбосари лавозимларида ҳам ишлайди.
Тўрақулов лингвист олим сифатида ўзини кўрсатади ва 50 дан ортиқ тилларда кўплаб илмий-оммабоп, сиёсий, бадиий адабиётларни, ўқув китобларини тузиб чоп эттиради.
1925 йилда ўқитувчиларнинг бутуниттифоқ съездида қатнашган Назир Тўрақулов ҳудудларда миллий мактаблар ташкил этиш, миллий-маданий марказлар фаолиятини ривожлантириш, қишлоқ жойларида мактаблар қуриш масаласини кўтаради. Унинг таклифлари съездда қабул қилинган резолюцияга киритилади.
Ўша пайтда аксарият маҳаллий коммунист масъуллар большивиклар сафига ўтгач диний эътиқодидан воз кечиб, давлат сиёсатига ҳамоҳанг тарзда даҳрийликни тарғиб қиларди.
Назир Тўрақулов улардан фарқли равишда диний эътиқодидан воз кечмаган, давлат бошқаруви ва Ислом динининг қарама-қарши қўйилишига ҳамда даҳрийликнинг тарғиб қилинишига қарши бўлади.
У 20-йилларнинг бошида Туркистон АССР раҳбари бўлиб ишлаган кезда Қурбон ҳайитини нишонлаш учун уч кунни дам олиш этиб белгилаш ҳақида қарор ҳам чиқарганди.
Шунингдек, у расмий дам олиш кунини якшабадан жума кунига кўчириш учун ҳам ҳаракат қилади ва бунинг уддасидан чиқа олмайди.
Назир Тўрақулов СССР таркибида яшаётган туркий халқлар учун лотин алифбосига асосланган ягона алифбонинг қабул қилиниши тарафдорларидан бири бўлади.
У 1926 йилда Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида ўтказилган бутуниттифоқ туркологларнинг биринчи съездида ҳам қатнашади. Ана шу ерда туркий халқлар лотин алифбосига асосланган янги алифбога ўтиши ҳақида қарор қабул қилинади.
Назир Тўрақулов ўзбек, рус, қозоқ, татар, турк, араб, форс, француз ва немис тилларини билган.
Назир Тўрақулов 1922 йилда биринчилардан бўлиб русча-ўзбекча иқтисодий-сиёсий луғатини тузиб чоп эттиради. Бундан ташқари, 1922 йилда «Туркистон» тарихи асари, 1923 йилда «Туркистон Мухтор Республикаси» асари китоб ҳолида чоп этилган.
СССРнинг Саудия Арабистонидаги элчиси
1927 йил Ташқи ишлар вазирлиги халқ комиссари (Ҳозирги ташқи ишлар вазири ўша пайтда шундай деб аталган) ўринбосари Лев Карахан Сталинга олиб кирган ҳисоботида Назир Тўрақуловни «Мусулмон дунёсини яхши биладиган, СССРнинг араб дунёсида, жумладан Ҳижозда талаб қилинадиган мураккаб ва нозик сиёсатини амалга оширишда муносиб кадр» эканлигини билдиради.
Сталин ТИВ халқ комиссари ўринбосарининг тавсиясини қўллаб-қувватлайди. Компартия марказий қўмитаси сиёсий бюроси йиғилишида СССР ижроия қўмитаси президуми қарори билан татаристонлик Карим Ҳакимов ўрнига Назир Тўрақулов СССРнинг Саудия Арабистонидаги элчиси этиб тайинланади.
1928 йил 3 октябр куни Назир Тўрақулов Одесса-Жидда йўналиши билан денгиз орқали икки ой деганда Саудия пойтахтига етиб боради. У қабул маросимида қирол Абдулазиз Ол-Сауднинг ўғли, шаҳзода Файсалга ишонч ёрлиғини топширади.
Ўшанда Назир Тўрақулов 36 ёшда бўлган ва бундай ёшда масъулиятли вазифанинг ишониб топширилгани унинг ниҳоятда билимли ва тажрибали эканидан далолат эди.
Саудиядаги фаолият
Ўтган асрнинг 20-30-йилларида Арабистон яриморолида асосан инглизлар етакчи мавқега эга эди. Ана шундай шароитда Назир Тўрақуловнинг саъй-ҳаракатлари билан Саудия Арабистони ва СССР ўртасида дўстона алоқалар ўрнатилади.
Элчининг ўзи ҳам қироллик оиласининг яқин дўсти мақомига эришади. Бунда Назир Тўрақуловнинг Ислом арконларини яхши билиши ва бошқа ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ диний эътиқодидан воз кечмагани ҳам муҳим рол ўйнайди.
Ана шундай ҳолатда Саудия қироли ва қироллик оиласи аъзолари мансабни деб ўз диний эътиқодидан кечмаган Назир Тўрақуловни айрича ҳурмат қилишади. Натижада СССР билан савдо-иқтисодий алоқалар анча яхшиланади.
Бундан ташқари, Тўрақулов нафақат қироллик оиласида, балки Саудияда ишлаётган бошқа элчихоналар ходимлари орасида ҳам яхши обрўга эга бўлади.
1930 йил 16 апрел куни Назир Тўрақулов ташқи ишлар халқ комиссари Максим Литвиновга ёзиб юборган хатида Саудияда уни айрича ҳурмат қилишаётганини айтган.
«Инглизлар билан Яқин Шарқдаги тарихий рақобатимиз бизнинг фойдамизга ҳал бўлди. Саудия Арабистони қироли томонидан ўтказилаётган расмий тадбирларда мен СССР элчиси сифатида сафнинг энг олд қаторидан жой оляпман. Инглиз элчиси Риан иккинчи, Франция элчиси Мегре учинчи, Эрон элчиси Айнол-Молк тўртинчи бўлиб жойлашишяпти», деган эди у хатида.
Назир Тўрақуловнинг саъй-ҳаракатлари билан 1932 йил май ойида Саудия шаҳзодаси Файсал ибн Абдулазиз Ол-Сауд СССРга икки кунлик ташриф билан келади (кейинчалик, 1964 йилдан, 1975 йил, вафотигача Файсал ибн Абдулазил Саудия Арабистони қироли бўлган).
Ўша пайтда ҳали Саудия Арабистонидаги улкан нефт конлари топилмаган ва бу давлатнинг ёқилғига эҳтиёжи бор эди. Ана шундай шароитда 1932 йилда Назир Тўрақуловнинг хизматлари билан Саудия ҳукумати Англия-Голландиянинг «Shell», АҚШнинг «Standard Oil of California» компаниялари таклифларини рад этиб, СССРдаги «Нефтесиндикат» корхонасидан ёқилғи сотиб олиш бўйича шартнома имзолайди.
Орадан бир йил ўтиб, 1933 йилда икки давлат ўртасида соғлиқни сақлаш, илм-фан ва яна бир нечта соҳаларда ҳамкорлик қилиш бўйича битимлар тузилади.
Назир Тўрақулов нафақат СССРнинг Саудия билан, балки бошқа араб мамлакатлари билан ҳам дўстона алоқалар ўрнатишига жуда катта ҳисса қўшади. У Саудияда муваффақиятли ишлагани учун ҳам 8 йил давомида СССРнинг бу давлатдаги элчиси бўлиб туради.
СССРга чақириб олиш ва қатағон
Ўтган асрнинг 30-йиллари иккинчи ярмида СССРда мисли кўрилмаган қатағонлар бошланади. Бу қатағонлардан амалда давлат структурасида ишлаб келаётган жуда кам одам омон қолади. Қолган барча қамалади ёки ўлимга маҳкум этилади. Шу жумладан, Назир Тўрақуловнинг ҳаёти ҳам аянчли кечади.
1936 йилда Назир Тўрақуловни тўсатдан Москвага чақириб олишади ва ўрнига Карим Ҳакимовни СССРнинг Саудиядаги элчиси этиб тайинлашади. Назир Тўрақулов Москвадаги аввалги иш жойи – Шарқшунослик институтида ишлай бошлайди.
Ана шу даврда НКВД бошлиғи Николай Ежов томонидан СССРда Қизил террор бошлаб юборилган эди. Ҳар куни иттифоқ бўйлаб кўплаб одамлар ҳибсга олиниб, узоқ йилларга қамалар ёки отиб ташланарди.
1937 йилда Назир Тўрақуловнинг боши узра қора булутлар айлана бошлайди. 1937 йил 15 июл куни у ҳибсга олинади. Назир Тўрақулов панисломизм, пантуркизм ва ватанга хиёнат қилишда айбланади.
Ўша пайтда нафақат Назир Тўрақуловнинг, шунингдек, бошқаларнинг ҳам ватанга хиёнат қилмагани аниқ эди. Шунчаки Сталин тузумининг жазо машинаси – НКВД ишга тушган ва у ҳеч кимни аямасдан жазолай бошлаганди.
Қамоққа олинганидан салкам 3 ой ўтиб Назир Тўрақулов СССР олий суди ҳарбий коллегияси ҳукми билан РСФСР Жиноят кодексининг 58-моддаси 1, 8 ва 11-қисмлари билан айбдор деб топилиб, отиб ўлдирилади. Ўшанда у эндигина 45 ёшга кирганди.
Саудия билан дипломатик алоқаларнинг узилиши
Назир Тўрақуловннинг ўлдирилгани ҳақидаги хабар уни жуда ҳурмат қилган Саудия қироли Абдулазизнинг жаҳлини чиқариб юборади.
Қирол СССРнинг Саудиядаги элчиси Карим Ҳакимовга совет элчиларини ортиқ кўришни хоҳламаслигини ва бу давлат билан барча алоқаларни узганини маълум қилади. Жиддада бўлган элчихона ходимларига мамлакатни тарк этиш талаби қўйилади.
1938 йил март ойида Саудияда жуда катта нефт конлари топилади. Шундан сўнг совет ҳукумати нима қилиб бўлса ҳам бу давлат билан аввалги дўстона алоқаларни тиклашга уринади.
Ўша йили апрел ойида Москвадан Жиддага махсус делегация жўнатилади. Делегация олдига нима қилиб бўлса ҳам Саудия билан алоқаларни тиклаш вазифаси қўйилганди.
Аммо қирол Абдулазиз ас-Сауд уларни қабул қилишни хоҳламайди ва қироллик оиласининг яқин дўсти бўлган Назир Тўрақулов ўлдирилгани учун СССР билан ортиқ алоқа қилмаслигини узил-кесил маълум қилади.
Ўшангача Жиддадаги элчихона ходимлари Москвага қайтмаган, совет ҳукумати Саудия билан алоқаларни тиклаш масаласида умидини узгани йўқ эди. Қиролнинг қароридан сўнг махсус делегация зиммасига юкланган вазифани бажара олмай Москвага қайтади.
1938 йилда Саудиянинг қатъий талаби билан Жиддадаги совет элчихонаси ёпилади. У ерда бўлган Карим Ҳакимов ва бошқа ходимлар Саудияни тарк этиб, Москвага қайтиб келишади.
Шундан сўнг Саудия Арабистони узоқ йиллар давомида СССРнинг дипломатик алоқаларни тиклаш ҳақидаги таклифларини рад этиб келади. Ҳатто Сталин вафот этиб, унинг даврида қатағон қилинганлар оқланганда ҳам Саудия СССР билан дипломатик алоқаларни тиклашни хоҳламайди.
Фақат, орадан 52 йил ўтиб, 1990 йилда мамлакатда Михаил Горбачёв томонидан диний эркинлик эълон қилинганига 1 йил бўлганда Саудия Арабистони СССР билан дипломатик алоқаларни қайта тиклайди.
Оқланиши
1953 йил Сталин вафотидан сўнг унинг даврида ноҳақ қатағон бўлганларни оқлаш ишлари бошланади. Кўплаб бегуноҳ жазоланганлар қатори, 1958 йил 28 январ куни Назир Тўрақулов ҳам оқланади.
1974 йилда Назир Тўрақуловнинг жияни, акаси Қодир Тўрақуловнинг қизи Саида Тўрақулова саъй-ҳаракатлари билан унинг номи Қўқондаги кўчалардан бирига берилади.
Горбачёв даврига келиб сирлар очила бошлангач, 1990 йилда Назир Тўрақуловнинг қабри Москва вилоятидаги «Коммунарка» деб аталган махсус қабристонда экани аниқланади.
Бу ерда ундан бошқа яна 6,5 минг нафар ноҳақ қатағон қилинган шахслар кўмиб юборилгани маълум бўлади. Ҳозирги пайтга келиб бу қабристонга кўмиб юборилганлардан 4,5 мингтасининг шахси аниқланган, қолганлариники номаълумлигича қолмоқда.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
19:39 / 21.11.2024
СССР тарихидаги энг йирик ўғрилик: қатл этилган амакиваччалар
08:10 / 12.11.2024
Ўзбекистонга Саудия компанияларининг қарийб 2,5 млрд долларлик инвестициялари жалб этилади
19:01 / 11.11.2024
Ўзбекистон ва Саудия бош прокурорлари тергов ва ахборот алмашинувида ҳамкорлик бўйича келишув имзолади
09:25 / 11.11.2024