Озарбойжон ва Арманистон чегарасидаги вазият тинчимаяпти. Қурбонлар сони ортмоқда
Озарбойжон ва Арманистон бир-бирини сулҳ келишувини бузганликда айбламоқда. Арманлар Озарбойжон чегарадаги ҳужумларни қайта бошлаганини таъкидлаган бўлса, Озарбойжон Мудофаа вазирлиги арман қуролли кучлари оташкесим режимини бузганини таъкидламоқда, деб ёзади BBC.
Икки мамлакат чегараларидаги тўқнашувлар 12 сентябр тунида рўй берди. Арманлар Озарбойжон билан чегаранинг жанубий қисмидан мамлакат ичкарисидаги шаҳарларга ҳужум уюштирилганини хабар берди.
Озарбойжон Мудофаа вазирлиги эса «Арманистоннинг кенг миқёсдаги провокациясига айрим жойларда жавоб чоралари амалга оширилаётгани»ни таъкидлаб ўтди.
Чоршанба куни Арманистон бош вазири Никол Пашинян 10 квадрат километр ҳудуди Озарбойжон томонидан босиб олинганини айтиб чиқди.
Можаро нимадан келиб чиқди?
Алангаланаётган тўқнашув Тоғли Қорабоғ можароси билан бевосита эмас, билвосита боғлиқ — у Арманистон ҳудудида содир бўлмоқда.
Тоғли Қорабоғ масаласида Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги 90-йиллар бошидаги бир неча йиллик тўқнашувлар 2020 йилнинг кузида янгича куч билан ўт олиб, Арманистоннинг узил-кесил мағлубияти билан тугади. Ўт очишни тўхтатишга келишув асносида Озарбойжон Қорабоғнинг қарийб барча ҳудуди, шунингдек, илгари Арманистон томонидан босиб олинган барча туманлар устидан назорат ўрнатди.
Россия мўрт сулҳ устидан кузатув ўрнатиш учун икки минг нафар тинчликпарвар аскарлар жўнатди.
12 сентябр кунги тўқнашувлардан кейин ҳар икки томондан 170 нафардан ортиқ инсон ҳалок бўлгани айтилмоқда: Озарбойжон Мудофаа вазирлиги 71 нафар аскар ҳалок бўлганини баён қилди, Арманистон томони йўқотишлари сони камида 105 кишини ташкил этмоқда, маълумотлар ҳали аниқлаштирилмоқда.
Ҳарбий асирлар, гаровга олинганлар ва дом-дараксиз йўқолган фуқаролар бўйича Озарбойжон давлат комиссиясининг бугунги баёнотига кўра, Озарбойжон сўнгги икки кунда чегарадаги можарода ҳалок бўлган Арманистон қуролли кучларининг юзга яқин аскарлари жасадини бир томонлама тартибда арман томонига топширишга тайёр.
Томонлар нима демоқда?
14 сентябр куни Озарбойжон Мудофаа вазирлиги кундузги соат учдан бошлаб Арманистон қуролли кучлари бўлинмалари миномётлар ва артиллерия қурилмаларидан Келбажар ва Лочин тумани йўналишида дислокация қилинган Озарбойжон армияси позицияларини ўққа тутган.
Озарбойжон президенти Илҳом Алиев 14 сентябр куни Европа Иттифоқи вакили Тойво Кларк билан учрашувда Озарбойжон бор-йўғи Арманистон провокациясига жавоб бераётгани, таранглик учун бор жавобгарлик арман томонида эканини таъкидлаб ўтди.
Озарбойжондаги таниқли блогер ва журналист Ҳабиб Мунтазирнинг ёзишича, қарама-қаршилик арман диверсия гуруҳи озарбойжонликларнинг постига ҳужум қилиб, Озарбойжон аскарларини ўлдирганидан бошланганини ёзган. Шундан сўнг Озарбойжон тарафи душманнинг ўт очиш нуқталарини нишонга олишга қарор қилган.
Арманлар эса буларни рад этиб, Озарбойжонни ўзларининг суверен ҳудудини босиб олишга уринаётганликда айбламоқда.
Reuters агентлигига берган интервьюсида Арманистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Паруйр Ованнисян ушбу тўқнашувлар кенг миқёсдаги урушга айланиб кетиш хавфи борлигини айтиб ўтган.
AFP агентлиги хабарига кўра, Ереванда норозилик намойишига чиққан одамлар ўз ҳукуматидан фаол хатти-ҳаракатлар талаб қилишмоқда.
Экспертлар эса Арманистон ҳукумати ҳозир жуда заиф эканига урғу беришмоқда.
«Албатта, озарбойжонликларнинг чегарада тўпланиши ҳисобга олинса, янги уруш бўлишини кутиш керакдек. Арманистоннинг ҳозирги ҳукумати имкониятлари ва салоҳияти бугунги масалаларни ҳал қилиш учун етарли эмас», — деган иқтисодчи Арман Мхитарян.
Тоғли Қорабоғ масалалари бўйича таниқли британиялик эксперт Том Де Ваал ҳам шунга ўхшаш фикрда.
«Арманистон айни пайтда кучсиз, статус-квонинг ўзгартирилишидан манфаатдор эмас. Нега Озарбойжон ҳозир бошлади? Қисқача айтганда — қўлидан келгани учун. Улар Россиянинг Украинадаги муваффақиятсизлиги ортидан қатъиятни сақлаб қолган-қолмагани, КХШТнинг ҳозир ва келгусидаги сценарийлар учун Арманистонни ҳимоя қилиш истаги нечоғлик кучли эканини текшириб кўришни исташмоқда», — деб ёзган у ўз Twitter’ида.
Жанубий Кавказдаги ўт очишлар Арманистонда янги норозилик намойишларини келтириб чиқаради. Минглаб ереванликлар парламент биноси олдида тўпланиб, ҳукуматнинг хатти-ҳаракатларига қаршилик билдиришди.
Кенг миқёсдаги норозилик намойишларига сабаб бош вазир Никол Пашиняннинг Озарбойжон билан сулҳ шартномаси имзолашга тайёр эканлиги борасидаги чиқиши бўлди.
Европа иттифоқи, АҚШ, Франция, Россия, Эрон ва Туркия ўт очилиши қайталанганидан хавотирда эканини билдириб, жанговар ҳаракатни тўхтатишга чақиришди.
Туркия президенти ражаб Тоййиб Эрдўған ва Россия президенти Владимир Путин Самарқандда ўтаётган ШҲТ саммитида Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги тўқнашувларни муҳокама қилишади.
ШҲТ саммитида иштирок этиши кутилган Арманистон бош вазири Никол Пашинян мамлакатдаги вазият туфайли Самарқандга ташрифини бекор қилди.
Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Москва раҳбарлигидаги КХШТ миссияси Ереванга пайшанба куни етиб боришини таъкидлади.
Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тиловберди КХШТ доирасида тинчликпарвар кучларни Арманистонга жўнатиш масаласи кўриб чиқилмаётганини таъкидлаган.
Мавзуга оид
00:59 / 21.11.2024
Озарбойжон 2025 йилги мудофаа харажатларини оширади
21:21 / 14.11.2024
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларациясини энг катта муаммо ва фожиа деб атади
14:26 / 13.11.2024
БМТ суди: Арманистон ва Озарбойжоннинг даъволари бизнинг юрисдикциямизда
17:29 / 12.11.2024