Ўзбекистон | 10:49 / 15.09.2022
8943
5 дақиқада ўқилади

Қуёш ва шамол электр станцияларини харид қилганлик учун компенсация тўланади

Фото: Kun.uz

Президент томонидан “Энергия тежайдиган технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон имзоланди.

2022 йил 1 октябрдан бошлаб:

  • жисмоний шахслар мамлакатда ишлаб чиқарилган қуёш ва шамол электр станциялари ва қуёш сув иситгичларини 3 йил мобайнида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаган ҳолда сотиб олиши мумкин;
  • шунга ўхшаш қурилмаларни ўрнатган ва улар қийматини тўлиқ тўлаган шахслар харажатлари бир қисми Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергия тежаш жамғармаси ҳисобидан қопланади. Компенсация миқдори қурилма қувватидан келиб чиққан ҳолда БҲМ 5 бараваридан 50 бараварини ташкил этади.

Ушбу мақсадлар учун 2022 йил якунига қадар давлат бюджетидан жамғармага 100 млрд сўм йўналтириш топширилган. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан, маҳаллий чакана савдо объектларида, электрон тижорат орқали қурилмаларни етказиб берадиган ва ўрнатадиган корхоналардан қурилмалар сотиб олинганида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади ёки якуний чакана нархдан компенсация миқдори чегириб ташланади.

Шунингдек:

  • ҳудудлардаги 34 мингдан ортиқ объектларда, шу жумладан 619 Янги Ўзбекистон массивларида ва вилоятлардаги 28 мингдан ортиқ уй хўжаликларида муқобил энергия манбаларини жорий етиш;
  • вазирликлар ва идоралар таркибидаги 6 мингдан ортиқ объектларда муқобил энергия манбалари улушини 30 фоизга етказиш (2023 йил якунлари бўйича);
  • “Темир дафтар”га киритилган оилаларни маҳаллий бюджетлар ҳисобидан қайта тикланувчи энергия қурилмалари билан таъминлаш (2022 йилда эҳтиёжманд оилалар 20 фоизи, 2023 йилда 80 фоизи);
  • қурилмалар эгалари (жисмоний ва юридик шахслар) томонидан қуввати 1 МВтгача бўлган қуёш, шамол ва биогаз электр станцияларида ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясини сотиш имконияти (фақат "Ҳудудий электр тармоқлари" ва давлат томонидан ваколат берилган органга бундай энергияни сотиб олишга рухсат берилган, бунда электр энергиясини харид қилиш камида ўн йил муддат давомида амалга оширилади);
  • асосий фаолияти қуёш, шамол электр станциялари ва кичик ГЭС ишлаб чиқариш ва ўрнатиш бўлган юридик шахслар, 2025 йилгача ташкил этилган янги юридик шахслар тадбиркорлик субъектлари сифатида рўйхатдан ўтган кундан бошлаб 3 йил давомида фойда солиғи ва мол-мулк солиғини белгиланган ставкалар 50 фоизи миқдорида тўлайди.

 
2023 йил 1 январдан бошлаб:

  • маҳаллий иссиқлик таъминоти тизимларига уланган барча (давлат ва хусусий) янги ва реконструкция қилинган ижтимоий объектларни, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш объектларини, кўп қаватли уйларни, майдони 1 000 квадрат метрдан ортиқ бўлган барча савдо марказларини лойиҳалаштириш ва ишга туширишда иссиқ сув ҳажми камида 25 фоизи қуёш сув иситиш қурилмаларини ўрнатиш орқали қопланишини таъминлаш лозим;
  • лойиҳа ҳужжатларида қайта тикланувчи энергия қурилмаларини ўрнатиш кўзда тутилмаган ҳолда қурилиш ишларини бошлаш тақиқланади;
  • иссиқ сувдан фойдаланиш режалаштирилган, бироқ қуёш сув иситиш қурилмалари ўрнатилиши назарда тутилмаган янги бино ва иншоотларни (якка тартибдаги уй-жой бундан мустасно) фойдаланишга қабул қилиш тақиқланади;
  • энергия тежайдиган ва қайта тикланадиган энергия манбалари жорий этилиши ижтимоий соҳа вакиллари ва бошқа бюджет ташкилотлари раҳбарлари ва ходимлари KPI’ни шакллантиришда ҳисобга олинади. 

Фармонда қуйидагилар назарда тутилган:

  • 2022 йил 1 октябрдан бошлаб "Ҳудудий электр тармоқлари" ва давлат томонидан ваколат берилган орган қуввати 5 МВтгача бўлган ГЭСда ишлаб чиқилган электр энергиясини кафолатланган тарзда харид қилиш;
  • қуввати 5 МВтгача бўлган ГЭСларни қуриш лойиҳалари ташаббускорлари орасида ғолибни аниқлаш Е-Auksion савдо майдончасида ўтказиладиган, харид қилиш тарифларини пасайтиришга қаратилган аукцион орқали амалга оширилади;
  • бундай аукцион савдоси умумий давомийлиги 30 иш кунидан ошмайдиган тартиб ўрнатилади, аукционда бир нафар иштирокчи қатнашган бўлса ҳам у ўтказилган ҳисобланади;
  • Энергетика вазирлигига микро ва кичик ГЭС қуриш учун ер участкалари ажратилади ва кейинчалик ушбу майдонлар узоқ муддатли ижара асосида аукцион ғолибига топширилади. Бунда ер участкасини олиб қўйиш ва рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ харажатлар ижарага олувчи томонидан қопланади. Ижарага олувчи ушбу ер участкаси солиқ тўловчиси деб  ҳисобланади.

Ҳужжат билан 5 МВт гача қувватга эга микро ГЭСларни қуриш бўйича ҳудудлар кесимидаги 200 та лойиҳалар рўйхати ва бу ГЭСларни қуриш бўйича бизнес-лойиҳаларни молиялаштириш учун хусусий инвесторларни жалб қилиш схемаси тасдиқланмоқда.

Фармонда президент айрим ҳужжатларига бир қатор ўзгартиришлар киритилмоқда. Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш тақиқланган энергия самарадорлиги D ва ундан қуйи тоифадаги энергия сарфловчи маиший электр приборлари рўйхатини белгиловчи қарорга қўшимча киритилмоқда (рўйхат ТИФ ТН кодлари акс эттирилган 18 та номдаги товарлардан иборат).

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид