Жаҳон | 15:39 / 15.09.2022
3932
2 дақиқада ўқилади

Россияда яна бир муниципал депутат Путинга қарши айбловлар учун жаримага тортилди

Петербург муниципал депутати Никита Юферев ҳамкасблари билан биргаликда Путинни давлатга хиёнатда айблаш таклифи билан Давлат думасига мурожаат қилганди. Суд уни ҳокимиятни обрўсизлантириш моддаси бўйича жаримага тортди.

Никита Юферев

Яна бир депутат Россия президенти Владимир Путинни давлатга хиёнатда айблагани учун жаримага тортилди. Санкт-Петербург суди Смолнинское муниципалитети кенгаши депутати Никита Юферевга ҳокимиятни обрўсизлантириш моддаси бўйича жарима белгилади. Жарима миқдори 46 минг рублни ташкил этади, деди Юферев 15 сентябр, пайшанба куни Twitter’даги микроблогида. 

Аввалроқ Никита Юферев ҳамкасблари билан биргаликда Россия Давлат думасига Путинни давлатга хиёнатда айблаш таклифи билан мурожаат қилган эди. 14 сентябр куни ҳокимиятни обрўсизлантириш ҳақидаги худди шу моддага кўра, яна бир Смолнинское муниципал депутати Дмитрий Палюга 47 минг рубл жаримага тортилди. Депутатлар суд қарори устидан шикоят қилмоқчи. 

Суд қарорига кўра, 7 сентябр куни кечқурун Палюга Смолнинское муниципалитети биносига кираверишда бўла туриб, «Россиянинг амалдаги ҳукуматини обрўсизлантиришга қаратилган нутқи билан номаълум одамлар доирасига» мурожаат қилган. У гапираётган пайтида, Юферев уни қўллаб-қувватлаб турган. 

Муниципал депутатлар Давлат думасига мурожаат қилиб, уни Владимир Путинни кейинроқ истеъфога чиқариш учун давлатга хиёнатда айблашга чақирди. Улар фикрича, Путиннинг Украинага қуролли бостириб кириш ҳақидаги қарори Россия ва унинг фуқаролари хавфсизлигига зиён етказади. Мурожаатни аксарияти Смолнинское муниципалитетидан бўлган етти нафар депутат қўллаб-қувватлади.

Бўлаётган воқеалар фонида суд Санкт-Петербург губернаторига Смолнинское муниципалитет кенгашини тарқатиб юборишга рухсат берди. Шаҳар прокуратураси 2021 йилда кенгаш уч ойдан ортиқ вақт давомида йиғилмаганлигини билдириб, судга мурожаат қилганди. Аммо эшитувлар доимо кейинга қолдирилган. 

Москва, Санкт-Петербург ва Виборг шаҳарларининг турли муниципалитетларидан бўлган яна бир қанча депутатлар ҳам Путиннинг истеъфосини талаб қилишди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид