Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Биз буни имкон қадар тезроқ тугатиш учун бор имкониятни ишга соламиз». Путин — уруш ҳақида
Владимир Путиннинг сўзларига кўра, Украина музокараларни рад этган.
Россия президенти Владимир Путин ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг Самарқанддаги ШҲТ саммити доирасида ўтказилган учрашувида Украина мавзуси тилга олинди, деб хабар берди Reuters.
«Ҳозир уруш даври эмас ва сиз билан бу ҳақда телефон орқали гаплашгандик»,- дея Модининг сўзларидан иқтибос келтирган агентлик.
Ўз навбатида Путин Модига Ҳиндистон раҳбарининг Украина борасидаги хавотирларини тушунишини ва Москва низога тезроқ якун ясаш учун бор имкониятини ишга солишини айтди. Шу билан бирга Украина музокараларни рад этаётганини қўшимча қилди.
«Украинадаги низо бўйича позициянгизни, доимий билдираётган хавотирингизни биламан. Биз буни тезроқ тўхтатиш учун бор имкониятимизни ишга соламиз.
Афсуски, қарама-қарши томон — Украина раҳбарияти — музокаралар жараёнидан воз кечишини айтмоқда, улар ўз мақсадларига ҳарбий йўл билан эришмоқчи эканликларини эълон қилишган. Уларнинг таъбири бўйича, жанг майдонида. У ерда бўлаётган воқеалар ҳақида сизни хабардор қилиб турамиз», - деди Путин.