Жамият | 13:54 / 17.09.2022
28629
12 дақиқада ўқилади

«Болалар катта бўлса «россиячи» бўлмоқчи — эри хорижга кетган аёл кундалигидан

Қишлоқларда бугун отасиз катта бўлаётган авлод пайдо бўлди. Бундай фарзандларнинг оталари узоқ юртларда меҳнат муҳожирлигида юришибди. Уларнинг Ўзбекистонда қолган рафиқалари эса фарзандлар отасини унутиб қўйишидан хавотирда.

Фото: KUN.UZ

5 сентябр. Бухоро вилоятида жойлашган Пешкў туманидаги 28-мактаб ҳар йилгидан анча гавжум. Мактабга бу йил борган 1-синф ўқувчилари 6 та синфга бўлинишди. Уларнинг 4 тасида таълим рус тилида олиб борилади. Руслар деярли яшамайдиган туманда ота-оналар фарзандини негадир тобора рус синфларида ўқитишни бошлаган.

Туманнинг Садир қишлоғида яшовчи 35 ёшли Санобар 8 ёшли ўғлини мактабга жўнатиб қўйди. Ўғли тумандаги 2-мактабнинг 2-синфида ўқийди.

Аёл одатда боласини кузатгач, чала қолган ишларини тугатиб қўйиш учун тикув машинаси ёнига ўтиради. У тикиш-бичишни яхши кўради, янада аниқроғи, тикиш отидан пул топиб, рўзғорнинг кам-кўстларини ямайди. Албатта, у ёлғиз она эмас. Турмуш ўртоғи билан бахтли ҳаёт кечиради.

Турмуш ўртоғи Россиянинг Москва шаҳрида қурилишда ишлайди. Туманидаги эркакларнинг аксари хорижга ишлашга кетади. Чунки туманда каттароқ завод, саноат ишлаб чиқариш корхоналари йўқ ҳисоби. Умуман Ўзбекистонда расмий ишсизлик даражаси жуда юқори бўлмаса-да, норасмий ишсизлар кўп.

Ишсизлик кўпми ёки иш ҳақи кам?

Меҳнат ва бандлик вазирлиги 2021 йилда Ўзбекистонда 1 млн 442 минг киши ишга муҳтожлиги ва ишсизлик даражаси 9,6 фоизга етганини маълум қилган эди. Ёшлар орасида ишсизлик даражаси 15,1 фоизни, аёллар орасида эса 13,3 фоизни ташкил этди. Аммо асл ҳолатда рақамлар бундан йирикроқ бўлиши мумкин. Сабаби хорижга ишлаш учун кетувчиларнининг ўзи 2 млн.дан ошади.

Ишга берилган ойлик аксар ҳолларда тирикчиликдан ортиғига етмайди. Одамлар эса уй-жой қилишни, оёғи тагида битта машинаси бўлишини хоҳлайди.

Масалан, Статистика қўмитаси 2022 йил биринчи чорагига кўра, ўртача номинал иш ҳақи 3,4 млн сўмни ташкил этади, деган маълумотни берган. Лекин Ўзбекистоннинг ҳамма жойида ҳам бунақа маош берилмайди. Тумандаги бюджетдан маош олувчи ишчиларнинг айтишича, аксар ўқитувчи ва шифокорларнинг ойлиги 2 млн сўмга ҳам етмайди. Мактаб ўқитувчилари орасида дарс соатлари кўплиги учун тил ўқитувчиларининг ойлиги 4–5 млн сўм атрофида бўлади.

Статистика қўмитаси таъкидлаганидек, ўртача ойлик 3,4 млн сўм бўлган тақдирда ҳам бу маблағ уй-жой қуриш, машина харид қилишга ортмайди.

«4–5 кишидан иборат оила ўртача овқатланиб, яшай деса, туман шароитида 2 млн сўм сарф бўлади. Битта оилага 5–6 млн сўм кирим бўлса, секин-секин уй-жой қилишга етса керак», — дейди Санобар.

Санобарнинг турмуш ўртоғи ҳам Ўзбекистонда уй-жой қилишга етадиган пул топмагани учун хорижга кетишига мажбур бўлган.

«Россиячи» атамасининг пайдо бўлиши

Улар 2013 йилда турмуш қуришган. Эри улар ҳали оила қурмасидан анча олдин тўй, уй-жой харажатлари учун ҳар йили ёки 2 йилда бир Россияга қариндошлари билан ишлашга бориб турган. Тўйдан кейин ҳам шу ҳолат такрорланди. Жуфтликнинг оила қурганига 9 йил бўлган бўлса, умумий ҳисблаганда улар 3–4 йил бирга яшашган, холос.

«Ҳамма қатори биз ҳам тирикчилик ғамида юрган оиламиз. Аллоҳга шукур бир нафар боламиз бор. Турмуш ўртоғим Россияга кўп чиқиб келади. Қўлида касби бор, жуда яхши уста, уйларни таъмирлайди. Лекин у пулга иморат кўтариб бўлмайди. Ўзи қайнота-қайнонам билан яшардик. Турмуш ўртоғим ўртанча фарзанд бўлгани учун уй-жой қилиб чиқишимиз керак. Ўз уйимиз бўлгани яхши-да. Шунинг учун оила қурганимиздан кейин уни ишлашга Россияга жўнатдик. Орада 1–2 ой келиб-кетишлар билан йилларимиз ўтяпти», — дейди у.

Бухоро вилояти туманларидан Россия Федерациясига ишлашга кетувчилар кўп. Маҳаллий аҳоли Россияга мунтазам ишлашга кетувчиларга «россиячи» деб ном ҳам қўйиб олган.

Россия ИИВ маълумотларига кўра, 2021 йилнинг январ-сентябр ойларида 3 млн.дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси Россия Федерациясига меҳнат миграцияси учун борган.

Меҳнат вазирлиги 2022 йил январ-июл ойларида 2 млн ўзбек хорижга кетганини тасдиқлайди. Уларнинг катта қисми Россияга кетувчилардир.

Ташқи меҳнат миграцияси Kun.uz’га берган маълумотга кўра, 100 минг 260 нафар одам 2021 йил агентлик орқали Россияга кетган, бундан 6324 нафари Бухоро вилоятига тўғри келади.

«Россиядан келадиган пулларни иложи борича йиғиб қўямиз»

Санобар ҳам турмуш ўртоғи пул юборишини кутиб кун ўтказадиган аёллардан эмас. Қўлида тикувчилик ҳунари бор. Қишлоқ аёллари у-бу кийим тиктириш учун унинг олдига тез-тез чиқиб туради. Шунинг учун ҳам ўғлини мактабга юбориб, дарров тикишга ўтиради.

«Менинг ишларим қўшниларимга ёқадими ёки масофа яқинлиги учунми билмадим, тикишга нарса олиб чиқиб туришади. Битта кўйлакни 40 минг, лозимларни 15 минг сўмдан тикаман. Тикилиши қийинроқ фасонлар бўлса, 50–60 минг сўмга ҳам тикишим мумкин», — дейди у.

Шу зайл ишлаб у ойига узоғи билан 500–700 минг сўм топади, лекин бу ҳам мавсумий. Чунки иш асосан ёзда кўпаяди. Турмуш ўртоғи ойига 300–400 АҚШ доллари атрофида пул жўнатади. Иморатга пул йиғилиб турсин деб, Россиядан келадиган пулларни иложи борича ишлатмасдан олиб қўяди, рўзғорга ўзининг касби орқасидан тушиб турадиган пулларни сарфлайди. Ёш оиланинг 3 та катта хона, 1 ошхона, ҳаммом ва ҳожатхонадан иборат иморати қарийб 50 фоиз тайёр ҳолатда.

Ҳозир Санобар ва ўғли ошхонага айлантирилган кенггина хонада ҳам овқат пишириб, ҳам яшаб туришибди. Яшашга мўлжалланган уйларининг полини қоқиб бўлишган. Эрининг касби уй-жой таъмирчиси бўлгани учун, уйнинг қолган пардоз таъмирини ўзи қилмоқчи.

«Таъмирчи устага ҳам анча пул беришимизга тўғри келарди. Ҳарқалай, турмуш ўртоғимнинг ўзи таъмирласа, уста пули чўнтагимизда қолади», — дейди аёл хурсандлик билан.

Отасини кутиб ўсаётган болалар тақдири

Эри кўп вақт Россияда бўлгани учун, иморатда ишловчи усталарга ҳам ўзи бош-қош бўлишига тўғри келган. Ўтган ёз шундай ўтди. Ўғли ҳам овқат ташиш каби кичик ишларга қарашиб турди.

«Шаҳар ҳудудида болаларни тўгаракларга беришганини кўриб ҳавас қиламан. Худога шукур, боламнинг тўрт мучаси соғ. Роса доира чалишга қизиқади. Бир яхши устоз бўлса, мусиқа тўгараги бўлса, ёзда вақтини унумли ўтказармиди, деб орзу қиламан. Отаси ёнида бўлмагани учун унинг келажаги ва тарбиясидан бироз хавотирдаман», — дея ўйга чўмиб кетди аёл.

Ташқи меҳнат миграциясидан рўйхатдан ўтиб кетганларнинг ўзинигина ҳисоблайдиган бўлса, вилоятдан 6 мингдан ортиқ киши хорижга кетган (асосий қисми эркаклар). Уларнинг ўртача 2 нафардан боласи бор деб олсак, камида 12 минг бола отасиз улғайишга мажбур. 3 млн ўзбек хорижда ишлашини ҳисобга олсак, бу статистика минг баробарга катталашиши мумкин.

Ёзувчи Жавлон Жовлиев таъбири билан айтганда «қишлоқларда бугун отасиз катта бўлаётган авлод пайдо бўлди: яъни оталари узоқ юртларда мусофирликда яшаётган авлод пайдо бўлган».

Отасиз улғайган болалар отаси билан бирга ўсган болалардан дунёқараши, ўзига ишончида катта фарқ қилади. Психолог Розалия Габдулҳакова тўлиқ оилада ўсмаган бола ўзини ҳимоясиз сезишини айтади.

Розалия Габдулҳакова, психолог

«Оиласи тўлиқ бўлмаган, отаси узоқда бўлган бола ўзини хотиржам ҳис қилолмайди, ҳимоячиси борлигини ҳис қилмайди. Фарзандлар оилада ота-она муносабатларини кўрмайди. Агар қиз бола бўлса, онасига ўхшаб ҳам эркак ҳам аёл масъулиятини бўйнига олиб ўсиши мумкин. Ўғил бола эса эркаклар қандай бўлиши кераклигини кўрмай улғаяди», — дейди у.

20 йил ичида 2–3 йил бирга яшаган оила

Аёл ўзининг 1999 йил оила қурган бир ҳамқишлоқларини мисол келтирди. Айтишича, оила 2001 йилда фарзандли бўлгач, эркак Россияга ишлашга кетади. Шундан бери ҳар йили 1–2 ойга уйига келади, қолган вақт Россияда.

«Оила 20 йил ичида ҳисобласак узоғи билан 2–3 йил бирга яшаган. Фарзандлари илгари кўп отаси келишини сўраган бўлса, ҳозир отаси келса, тезроқ кетишини хоҳлашади. Чунки улар муҳтож бўлган ёшда отаси уларнинг ёнида бўлмаган. Энди эса отасининг борлиги уларга ноқулайлик туғдиради. Яқинда 20 ёшли ўғли ҳам отаси орқасидан Россияга кетди. Отаси Россияга ишлагани кетган боладан, «катта бўлсанг ким бўласан?» деб сўрасангиз, «россиячи», деб жавоб беради», — дейди аёл.

Беҳруз кундузи соат 1 ларда мактабдан келади. Кейин овқатланиб, ўртоқлари билан кўчада ўйнайди. Кечки овқат маҳали кеч соат 6–7 да уйга кириб келади. Унга овқат тайёрлаб турган онаси билан кечки овқатни еб, отасининг қўнғироғини кутишади.

«Отаси қўнғироқ қиладиган кун —биз учун байрам. Беҳруз отасини жуда яхши кўради. Отаси кўп вақт кетса, Беҳруз отасини унутиб қўйишидан қўрқаман. Чунки отаси биринчи кетган йиллари у отасини ҳар кун сўрарди. Ҳозир эсига тушса, сўрайди. Кейин сўрамай қўйса, нима бўлади?» — дея хавотирини яширмайди она.

«Ҳашамат керак эмас, Россияга кетмаса бўлди»

Санобар яшайдиган маҳалладан қарийб ўнлаб аёлнинг эри хорижга кетганини айтди. «Хориждан пул ишлаш яхши, лекин унинг ёмон томони...» дея қаҳрамонимиз салбий жиҳатларга тўхталиб ўтди.

«Ўзим тенги танишим бор. Турмуш ўртоғи 10 йилдан бери хорижда ишлайди. 5 та автомобил олишди, битта қасрдек 2 қаватли қилиб иморат солишди. Лекин оиласи бағрига қайтишни истамаяпти. Мен ўйлайманки, барибир масофалар ўртага совуқлик туширади. Яқинда эшитсам, Россиядан бошқа хотинга уйланиб кетибди. Дугонам билан расмий никоҳда, 3 нафар бир-биридан ширин фарзандлари бор», — деди аёл рўмолининг учи билан ёш йилтиллаган кўзларини бекитиб.

Санобар билан суҳбатимиз пахта мавсуми вақтларига тўғри келди. У қишлоқ аёллари билан қўшилиб пахтага чиқмоқчи эканини, мавсумда озроқ пул ишлаб олмоқчилигини айтди.

Аёл билан интервюмиз якунланар экан, у турмуш ўртоғи яқинда қайтишини айтиб қолди.

«Режамизга кўра, йиғиб қўйган пулларимизга уйимизнинг қолган қисмини ҳам тўлиқ таъмирдан чиқарамиз. Кейин кам бўлса ҳам хўжайиним ва менинг топганим боламнинг ўқишига етиб турса бўлди. Бизга ортиқча ҳашамат керак эмас, бошқа Россияга кетмасин, хотиржам яшасак бўлди. Биламан, Москвада жуда оғир шароитда ишлайди. Совуқ бетон уйларда ётиб-туриб юрибди», — деди аёл суҳбатимиз сўнгида.

У билан хайрлашиб қайтарканмиз, йўлимиз тумандаги таълим рус тилида ҳам олиб бориладиган 28-мактаб ёнидан ўтди. Нега аввалги йиллар 2 тадан бўлган рус синфи, бу йил 4 та бўлганини тушунгандек бўлдик.

Зуҳра Абдуҳалимова, журналист

Мавзуга оид