Жаҳон | 10:20 / 17.09.2022
14808
4 дақиқада ўқилади

Қирғизистон ва Тожикистон чегарачилари кескинликни юмшатишга келишиб олди

Қирғизистон ва Тожикистон чегара хизматлари провокацияларнинг олдини олиш бўйича ишларни ташкил этишга келишиб олди, вазият таранглигича қолмоқда.

Видеодан кадр

Қирғизистон ва Тожикистон чегара хизматлари раҳбарлари Уларбек Шаршеев ва Ражабали Раҳмонали ўзаро учрашув чоғида Боткен ва Сўғд вилоятлари чегарасида отишмалар олдини олиш бўйича ишларни ташкил этишга келишиб олди. Бу ҳақда 17 сентябр, шанба куни «Интерфакс» хабар берди.

Маҳаллий вақт билан соат 09:00 га қадар (Тошкент вақти билан 08:00) «чегара идораларининг ҳудудий бошқармалари раҳбарлари провокациялар ва отишмаларнинг олдини олиш бўйича ишларни шахсан ташкил этишлари шарт», дейилади Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Чегара хизмати Ахборот ва коммуникациялар бошқармаси хабарида.

Қўшма тезкор штаб таркибига икки вилоятнинг Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳудудий бошқармалари, чегара идоралари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари раҳбарлари киритилди. Штаб «Гулистон-автодорожний» назорат-ўтказиш пунктида фаолиятини давом эттиради. 

Қирғизистон чегара хизмати 17 сентябр куни Тошкент вақти билан соат 02:00 да давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмидаги вазиятни таранг деб баҳоланди. 

Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар беришича, 16 сентябр куни кечган тўқнашувлар натижасида 87 киши жароҳатланган, беш нафар жабрланувчи амбулатор даволанишга юборилган. Боткен вилояти соғлиқни сақлаш муассасаларига 24 нафар ҳалок бўлганларнинг жасади қабул қилинди, деб хабар қилди Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги. 

Европа иттифоқи чегарадаги кескинлашувга муносабат билдирди. Европа ташқи алоқалар хизмати (EEAS) кескинликнинг кучайиши «минтақавий барқарорликка зарар етказишини» таъкидлади. Европа иттифоқи 16 сентябрда эришилган сулҳни олқишлайди, дея маълум қилди Брюссел. 

Қирғизистон ва Тожикистон президентлари Садир Жапаров ва Имомали Раҳмон Самарқандда бўлиб ўтган Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида музокаралар ўтказиб, ўт очишни тўхтатиш, куч ва воситаларни тўқнашув чизиғидан олиб чиқиш бўйича келишиб олди. 

«Биз иккала томонни сулҳнинг самарали бажарилишини таъминлашга ва барча саъй-ҳаракатларни кескинликни пасайтириш, мавжуд келишмовчиликларни имкон қадар тезроқ барқарор ҳал этишга йўналтиришга чақирамиз», дея билдирди EEAS. 

Брюссел Марказий Осиё бўйича махсус вакил ва Европа иттифоқи ваколатхонаси орқали икки давлат расмийлари билан дипломатик алоқаларда бўлиб турибди. «Биз ҳар қандай келишмовчиликларни тинч, дипломатик йўл билан ҳал қилишга чақирамиз», — дея хабар берди Европа иттифоқи ташқи сиёсат идораси ва Брюссел келишувга ёрдам беришга, шунингдек, «минтақадаги барқарорлик ва фаровонлик учун фаол сиёсий ёрдам»ни давом эттиришга тайёрлигини қўшимча қилди. 

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегарадаги вазият 14 сентябр куни чегаранинг учта қисмида тўқнашувлар содир бўлгач, кескинлашди. Қисқа сукутдан сўнг икки давлат чегарачилари ўртасида 16 сентябр куни эрта тонгда оғир қуроллардан фойдаланган ҳолда жанговар ҳаракатлар қайта бошланди ва умумий чегаранинг бутун чизиғи бўйлаб олиб борилди. Томонлар содир бўлган воқеа учун жавобгарликни бир-бирига юклаяпти. 

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара айрим ҳудудларда белгиланмаган ва шу сабабли вақти-вақти билан тўқнашувлар кузатилмоқда.

Мавзуга оид