Жаҳон | 17:38 / 18.09.2022
21693
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон ва Тожикистон чегарадаги можаро қурбонлари сонини маълум қилди

19 сентябр Қирғизистонда миллий мотам куни деб эълон қилинди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Қирғизистонда Тожикистон билан чегарадаги қуролли можаро оқибатида 46 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди. Вазирликнинг эрталабки хабарида 36 қурбон ва 129 нафар жабрланувчи ҳақида айтилганди.

17 сентябр куни қурбонлар сони 24 нафар экани хабар қилинганди. 

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 19 сентябр кунини миллий мотам куни деб эълон қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Ўз навбатида, Тожикистон ТИВ маҳаллий аҳоли вакилларидан 35 киши ҳалок бўлгани ва 30 нафар атрофидаги киши яраланганини маълум қилган. Тожикистон томони бунгача ҳалок бўлганлар ҳақида расмий маълумот бермай келаётганди. Маҳаллий нашрларда 7 нафар қурбон ҳақида айтилганди.

Владимир Путин Тожикистон ва Қирғизистон президентлари билан телефон орқали мулоқот қилди. Кремл сайтида хабар қилишларича, Путин «томонларни кескинлашувнинг олдини олишга ва вазиятни имкон қадар тез фурсат ичида фақат тинч, сиёсий-дипломатик воситалар орқали ҳал қилиш чораларини кўришга чақирган».

  • Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида навбатдаги тўқнашувлар 14 сентябр куни бошланди. Томонлар бир неча бор ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини хабар қилди, аммо бу келишувларга риоя қилинмаяпти. Қирғизистон ҳукумати тўқнашувлар ҳудудидан 136 минг киши эвакуация қилингани ҳақида хабар берган.
  • Қирғиз-тожик чегарасида доимий равишда можаро чиқиб туради. Бунинг сабаби — чегарада баҳсли участкалар мавжуд эканидир, бундай баҳсли чегара нуқталари сони 70 дан ортиқ. Икки мамлакат қарийб 1000 километрлик умумий чегарага эга бўлиб, айни вақтда томонлар умумий чегаранинг фақат 70 фоизини (660 километрдан ортиқ) тан олишади. Чегараларни белгилаб олиш бўйича музокаралар 2002 йилдан буён давом этади.

Мавзуга оид