Ўзбекистон | 13:55 / 21.09.2022
10222
5 дақиқада ўқилади

“Ўзбекнефтгаз” АЖ нима харид қилишини ҳеч кимдан яширмайди

Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Зеварда” конида хорижий компаниялар, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва журналист-блогерлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирокида бурғилаш, газни қазиб чиқариш, қайта ишлаш корхоналарининг 2023 йил учун эҳтиёжлари тақдимоти ўтказилди.

Аввалгиларидан фарқли равишда, бу сафарги тақдимот тадбирига қизиқиш жуда юқори бўлди. Унда 300 га яқин маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари, қирққа яқин журналист-блогерлар таклиф этилди.

Шунингдек, тадбирга 50 га яқин соҳавий илмий тадқиқот муассасалари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар ҳам ташриф буюришди. Тақдимотда илк марта Россия Федерацияси, Озарбойжон, Хитой Халқ Республикаси, Уммон султонлиги, Австрия каби хорижий давлатларнинг етакчи компаниялари вакиллари ҳам иштирок этди.

Тадбирни “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев видеоконференц-алоқа орқали очиб берди ва тадбир иштирокчиларига миннатдорчилик билдирди. Бундан ташқари, бошқарув раиси соҳа учун ҳаттоки мих харид қилиниши ҳам очиқ ва шаффоф бўлишини, сўнгги уч йилда бунга тўлиқ амал қилиб келинаётганини билдирди. Маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари раҳбарлари билан доимий алоқа ўрнатиш ҳамда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун жорий йилнинг сўнгига қадар яна уч марта ўзаро учрашув ташкил қилиниши айтилди.

2019 йил 24 августдаги “Давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат тармоқларида кооперация алоқаларини жадаллаштиришнинг янги тизимини жорий этиш бўйича масъулиятини янада ошириш тўғрисида”ги Президент қарори ижроси доирасида “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятида маҳаллийлаштириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, харидлар шаффофлигини таъминлаш йўналишида буткул янгича тизим жорий этилди.

Олиб борилган ишлар натижасида сўнгги уч йилда тармоқ маҳаллийлаштириш дастури доирасида 7,8 трлн сўмлик 57 та янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Шу билан бир қаторда импортни қисқартириш, ички бозор имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш натижасида импорт ҳажми 2018 йилдаги 865 млн АҚШ долларидан 2021 йилда 486 млн АҚШ долларигача ёки 1,8 бараваргача қисқартирилди.

Жорий йилда GTL заводи, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Шўртан газ кимё мажмуаси каби корхоналарда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ўтказилган учрашувларда эришилган келишувлар доирасида умумий қиймати 82,3 млрд сўмлик шартномалар электрон кооперацион портали орқали имзоланиб, 7,6 млн долларлик импорт қисқартирилишига эришилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ аниқлаштирилган харид портфелига кўра, 2023 йилда хўжалик фаолияти учун умумий эҳтиёжлар 3,6 трлн сўмни ташкил этади (бурғилаш ҳамда коммунал, қўриқлаш, ёнғин хавфсизлиги ва бошқа харажатлардан ташқари), шундан 2,1 трлн сўм ёки 58,1 фоизи маҳсулотлар, бутловчи буюм ва материаллар бўлса, 1,5 трлн сўми ёки 41,9 фоизи хизматлардан иборат.

Очиқ мулоқот шаклида ўтказилган тадбирда “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида маҳаллийлаштириш, импортни қисқартириш ва инновацион ривожланиш йўналишидаги илмий-тадқиқот ишлари тақдимоти ҳам ўтказилди. Бевосита газ қазиб чиқариш кони ҳудудида ускуна ва маҳсулотлар очиқ кўргазмаси ташкил этилиб, бу ерда ўзлаштириш учун таклиф этилаётган юқори технологик маҳсулотлар, жумладан газ ҳайдаш агрегатлар эҳтиёт қисмлари, двигателлар, насослар мустаҳкамловчи қувурлар намуналари намойиши ўтказилди.

“Ўзбекнефтгаз” тизимида шартномаларни расмийлаштириш ҳамда тўловларни амалга ошириш тизими ҳақида ахборот берилди. Меҳмонлар учун “Зеварда” 337-сон бурғилаш қудуғи ҳамда Муборак газни қайта ишлаш заводига саноат экскурсиялари уюштирилади.

Тақдимотда Россия Федерациясининг Лукойл, ТМК, Татнефть, ПЛК-ГРУПП, Озарбойжоннинг СОКАР, Хитойнинг “China Petroleum Pipeline”, Уммон давлатининг “Techique LLC” каби компаниялари раҳбар ва етакчи мутахассислари иштирок этишди. Кўргазма давомида маҳаллийлаштириш ва кооперация ҳамкорлиги йўналишида бир қатор шартнома ва меморандумлар имзоланди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда 1,3 трлн сўмлик маҳсулотлар ҳамда 833,6 млрд сўмлик хизматларни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар орқали таъминлаш режалаштирилган.  Жорий йилнинг декабрь ойига қадар мазкур эҳтиёжлар рўйхати Давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ расмий веб-саҳифасида эълон қилинади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид