“Судьяга нисбатан хизмат текшируви ўтказиш масаласи апелляциядан сўнг кўриб чиқилади” – Судьялар олий кенгаши ва Олий суд Kun.uz мақоласига муносабат билдирди

Фото: KUN.UZ
Kun.uz сайтида “Aсoс бўлган ҳужжат қалбаки, ундирилаётган 500 минг доллар эса ҳақиқий” — суд кафилликка алоқаси бўлмаган мулкдорни жазоламоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Унда Халқ банки томонидан ишга мутлақо алоқаси бўлмаган “Denta-Servis” хусусий корхонасидан 500 минг доллар ундириш ҳақида даъво аризаси киритилгани, суд эса ҳали тергов жараёни кетаётган бир пайтда бу даъвони қаноатлантириш тўғрисида қарор чиқариб юборгани ҳақида сўз борган.
Мақола бўйича дастлаб Судьялар олий кенгаши ва сўнг Олий суд ўз муносабатларини билдирди. Жумладан Судьялар олий кенгаши расмий ахборотида:
“Kun.uz сайтида чоп этилган “Aсoс бўлган ҳужжат қалбаки, ундирилаётган 500 минг доллар эса ҳақиқий” — суд кафилликка алоқаси бўлмаган мулкдорни жазоламоқда” сарлавҳали танқидий мақолада кўриб чиқилди. Аниқланишича, мақолада баён этилган иқтисодий низо бўйича қабул қилинган суд ҳужжати ҳали қонуний кучга кирмаган бўлиб, унга нисбатан апелляция шикояти берилиши арафасида.
Маълумки, суд қарорлари қонунийлигига фақат юқори инстанция суди ҳуқуқий баҳо бериш ваколатига эга. Шу боис апелляция суди натижасидан кейингина (ушбу иқтисодий низони биринчи инстанцияда кўриб чиққан) судьянинг хатти-ҳаракати бўйича хизмат текшируви ўтказиш масаласи кўриб чиқилади” – дейилган.
Олий суд муносабатида эса шундай дейилади:
“Айни чоғда мақолада қаламга олинган Жиззах туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 18 августдаги ҳал қилув қарори ҳал қилув қарори устидан “Denta Servis” ХК манфаатида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили томонидан апелляция шикояти келтирилган. Шу боис ушбу ҳал қилув қарори бугунги кунда қонуний кучга кирмаган бўлиб, Жиззах вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан апелляция шикоятини кўриб чиқиш 2022 йил 5 октябрь кунига тайинланган. Апелляция инстанцияси суди томонидан биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг қонунийлиги ва асослантирилганлиги тўлиқ ҳажмда текширилиб, қонуний баҳо берилади.
Шунингдек, Жиззах туманлараро иқтисодий судининг иш юритувида ушбу иқтисодий низо билан узвий боғлиқ яна бир даъво ариза мавжуд. Аниқроғи, даъвогар “Denta Servis” ХК судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, АТ “Халқ банки”, “Ayzenburg Ekspert” МЧЖ ва “Denta Servis” ХК ўртасида 2021 йил 27 майда тузилган ипотека шартномасини ҳақиқий эмас, деб топиш ва шартноманинг ҳақиқий эмаслик оқибатларини қўллашни сўраган.
Суднинг 2022 йил 16 сентябрдаги ажрими билан “Denta Servis” ХКнинг даъво аризаси иш юритувига қабул қилиниб, ишни кўриш 2022 йил 4 октябрь кунига тайинланган. Ушбу иш бўйича АТ “Халқ банки”, “Ayzenburg Ekspert” МЧЖ ва “Denta Servis” ХК ўртасида 2021 йил 27 майда тузилган ипотека шартномасининг қонунийлигига ҳуқуқий баҳо берилиши маълум қилинади”.
Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади.
Мавзуга оид

12:14 / 04.08.2023
Судьялар фаолиятига аралашиш, уларнинг дахлсизлигига таъсир ўтказишга уриниш ҳолатлари кузатилгани маълум қилинди

19:08 / 03.08.2023
12 нафар судья одил камчиликларга йўл қўйгани учун лавозимидан озод қилиниб, ваколатлари муддатидан илгари тугатилган – Судьялар олий кенгаши

21:29 / 03.11.2022
Судьялар олий кенгаши IOJT аъзолигига қабул қилинди

16:23 / 20.08.2022