Жаҳон | 11:05 / 24.09.2022
4932
2 дақиқада ўқилади

Еврокенгаш раҳбари Россияни БМТ Хавфсизлик кенгашидан чиқариб юборишни сўради

Шарл Мишел фикрича, БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси Бош ассамблея томонидан қораланган асоссиз урушни бошласа, кенгашдан чиқариб юборилиши керак.

Фото: Getty Images

Европа кенгаши раиси Шарл Мишел Россияни БМТ Хавфсизлик кенгашидан чиқариб юборишга чақирди. «Бирлашган миллатлар ташкилоти Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси асоссиз, БМТ Бош ассамблеяси томонидан қораланган уруш бошлаганида, унинг БМТ Хавфсизлик кенгашидаги аъзолигини тўхтатиб туриш автоматик тарзда амалга оширилиши керак», деди у 23 сентябр, жума куни Нью-Йоркдаги БМТ Бош ассамблеяси сессиясида.

Мишел, шунингдек, ЕИ тажовузкорликдан кўра чегараларни ҳурмат қилишни, таҳдидлардан кўра ҳамкорликни танлашини таъкидлади. «Бу энг кучлилар қонуни эмас, балки қоидаларга асосланган тартиб», - дея қўшимча қилди у. Европа кенгаши раҳбари Бородянка, Яман ва бошқа жойларда содир бўлган даҳшатли воқеаларнинг олдини олиш ёки тўхтатишга чақириб, буни «раҳбарлар сифатидаги масъулиятимизнинг ўзаги» деб атади. «Биз ҳозир уни фаоллаштиришимиз ва биргаликда ҳаракат қилишимиз керак. Сиз Европа иттифоқига ишонишингиз мумкин», деди у. 

Айни пайтда, Европа кенгаши раҳбари Politico нашрига берган интервьюсида 26 сентябр куни бўлиб ўтадиган Европа иттифоқи элчилари йиғилишида президент Владимир Путин эълон қилган қисман сафарбарлик туфайли россияликларнинг ўз мамлакатини тарк этиши билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилишини айтди. Унинг фикрича, Европа иттифоқи Украинага қарши курашдан бош тортганларга очиқлик кўрсатиши керак. 

Россиянинг Украинага қарши 7 ойдан бери давом этаётган кенг кўламли уруши ва унинг бутун дунё учун оқибатлари БМТ Бош ассамблеясининг Нью-Йоркда 13 сентябрда бошланган 77-сессияси кун тартиби марказига айланди. Умумий муҳокама 20-26 сентябрь кунлари бўлиб ўтяпти. Россия Буюк Британия, АҚШ, Хитой ва Франция билан бирга БМТ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзосидан бири бўлиб, Хавфсизлик кенгаши резолюциялари устидан мунтазам равишда вето қўйиш ҳуқуқидан фойдаланади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид