Ўзбекистон | 09:39 / 25.09.2022
10457
3 дақиқада ўқилади

«Афғонистон иқтисодиётини тиклаш халқаро ҳамжамиятнинг умумий устувор йўналиши бўлиши керак» — Владимир Норов

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов БМТ Бош ассамблеясининг 77-сессиясидаги нутқида қўшни Афғонистондаги вазиятга эътибор қаратди.

Фото: Ўзбекистон ТИВ

Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, Норов Марказий Осиёнинг ривожланиш истиқболлари Афғонистонда тинчликни таъминлаш билан узвий боғлиқлигини таъкидлади.

«Биз чуқур гуманитар инқирозни бошдан кечираётган ушбу мамлакатга халқаро эътиборнинг пасайишидан хавотирдамиз. Афғонистоннинг мавжуд муаммолар қуршовида яккаланиб қолишига йўл қўймаслик ниҳоятда муҳимдир. Бу, шубҳасиз, минтақавий ва халқаро хавфсизликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин», — деган у.

Вазир Афғонистон иқтисодиётини тиклаш, унинг минтақалараро иқтисодий жараёнларга қўшилиши, инфратузилма ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш халқаро ҳамжамиятнинг умумий устувор йўналиши бўлиши кераклиги, ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун БМТ, халқаро молия институтлари ва донор мамлакатларнинг кўмаги зарурлигини таъкидлади.

«Ўзбекистон Афғонистонга кўмаклашиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Чегарадош Термиз шаҳрида Халқаро транспорт-логистика хаби ташкил этилиб, БМТ тузилмалари томонидан Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатишда унинг имкониятларидан кенг фойдаланмоқда.

Термиз шаҳрида Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича махсус жамғармани ташкил этиш ҳақида таклиф билдирилди. Жамғарма маблағлари ижтимоий инқирозни бартараф этиш, ёшлар учун таълим дастурлари ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.

Владимир Норов Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош ассамблеяси томонидан 2022 йил июл ойида қабул қилинган «Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисида»ги резолюциясига ҳам эътибор қаратди. Мазкур ҳужжатда Афғонистонни иқтисодий ҳамкорликка жалб қилиш, уни икки минтақани боғлайдиган кўприкка айлантириш устувор ўрин тутади.

Мазкур ғояларнинг ҳаётга татбиқ этилиши учун Термиз—Мозори-Шариф—Кобул—Пешовар темирйўлини қуриш каби трансминтақавий инфратузилма лойиҳалари амалга оширилиши лозимдир.

Афғонистонни минтақавий савдо-иқтисодий алоқаларга жалб этиш муаммоларини ҳал этишга Ўзбекистон томонидан БМТ кўмагида Тошкент шаҳрида Ўзаро боғлиқлик бўйича минтақалараро марказ ташкил этилиши ҳам кўмаклашади», — деган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид