Ўзбекистон | 07:41 / 27.09.2022
1113
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон БМТ Тамаддунлар иттифоқи билан қўшма ташаббусларни бирга амалга оширади

Ўзбекистон ТИВ раҳбари БМТ Тамаддунлар иттифоқи бўйича юқори вакили билан учрашди.

Фото: Dunyo

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Нью-Йорк шаҳрида Бирлашган миллатлар ташкилоти бош котибининг Тамаддунлар иттифоқи бўйича юқори вакили Мигел Анхел Моратинос билан учрашув ўтказди.

Тамаддунлар иттифоқи 2005 йили турли маданиятлар ва динлар, мамлакатлар ва халқлари ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, жамият қутбланишига қарши курашишда ёрдам бериш мақсадида ташкил этилган.

Ўзбекистоннинг Тамаддунлар иттифоқи билан ҳамкорлигини чуқурлаштириш, маданиятлараро мулоқотга кўмаклашувчи ташаббусларни биргаликда амалга ошириш, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази билан яқин алоқалар ўрнатиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Владимир Норов таъкидлашича, Ўзбекистон Тамаддунлар иттифоқининг устувор йўналишлари ва фаолиятига муҳим эътибор қаратиб, "Дўстлар гуруҳи" ишида фаол иштирок этмоқда, маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлашга, ҳамжамиятлар ўртасида дўстлик кўприкларини қуришга ҳисса қўшмоқда.

Тамаддунлар иттифоқи раҳбари янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни олқишлаб, Шавкат Мирзиёевнинг бағрикенглик ва инсонпарварликни ривожлантириш, миллатлараро ва динлараро англашувни мустаҳкамлаш борасидаги сиёсатини тўла қўллаб-қувватлашини билдирди. Томонлар ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга келишиб олди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид