Ўзбекистон | 13:01 / 28.09.2022
2082
2 дақиқада ўқилади

1 октябрдан IT-соҳасида стартап лойиҳалар танлови бўйича 1 млрд сўмгача грантлар ажратилади

2022 йил 1 октябрдан Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов асосида 1 миллиард сўмгача грантлар ажратиш тартиби жорий қилинади.

Фото: Shutterstock

Президент қарорига кўра, грантлар ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида IT-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш ҳамда экспортга йўналтириш бўйича стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги мазкур тадбирлар учун Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан дастлабки босқичда 60 миллиард сўм маблағ йўналтиради.

2023 йилдан бошлаб ҳар йили ёшларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги стартап лойиҳаларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан умумий мукофот жамғармаси 1 миллион АҚШ доллари бўлган Президент соврини учун танлов ўтказилади.

2023 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари сайтлари ва порталларини «Ягона дарча» тамойили асосида ўз ичига олувчи ҳукумат портали ягона платформаси ишга туширилади.

2023 йил 1 январга қадар ягона электрон ҳужжат айланиш тизими, хабарлар алмашиш мессенжери, йиғилиш ва тадбирлар календари, ҳимояланган электрон почта ва видеоконференциялар ўтказиш имкониятларини ўз ичига олган давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари автоматлаштирилган иш жойи — Digital office электрон тизими ишлаб чиқилади ва биринчи босқичда, синов тариқасида АКТ вазирлиги тизимида, кейинчалик барча давлат органларида жорий этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид