Жаҳон | 16:24 / 28.09.2022
11748
3 дақиқада ўқилади

«ДХР» ва «ЛХР» раҳбарлари Москвага йўл олди

Фото: ТАСС

Ўзини «ДХР» ва «ЛХР» деб эълон қилган ҳудудлар раҳбарлари Денис Пушилин ва Леонид Пасечник «Россияга қўшилиш тартибини якунлаш» учун Москвага йўл олишди. Бу ҳақда Россия ОАВ хабар берди.

Денис Пушилиннинг Москвага йўлга чиққани ҳақида РИА «Новости», Леонид Пасечникнинг сафари ҳақида эса «ЛХР» «ҳукумати» матбуот хизмати хабар берди.

Москвага жўнаб кетиш олдидан Пасечник Telegram’да Россия президенти Владимир Путинга «Луҳанск халқ республикаси»ни Россияга «Россия Федерацияси субъекти ҳуқуқий асосида» қўшиш масаласини кўриб чиқиш илтимоси билан мурожаатини эълон қилди. Путинга худди шундай мактубни Херсон области оккупацион ҳокимияти раҳбари Владимир Сальдо ҳам эълон қилган. 

Запорижжя областининг оккупацион «маъмурияти» вакили Владимир Рогов маълум қилишича, бу минтақа ҳам бугун Россия президентига худди шундай илтимос билан мурожаат қилмоқчи. 

Бундан олдин Россия ҳудудларида бўлиб ўтган «Донецк ва Луҳанск халқ республикалари»нинг Россия Федерацияси таркибига қўшилиши масаласи бўйича овоз бериш якунланганди

Иштирокчиларнинг 98,69 фоизи «ЛХР»нинг Россияга қўшилиш тарафдори бўлди, «ДХР»нинг Россияга қўшилиш масаласида овоз берганларнинг 97,93 фоизи ижобий фикр билдиргани айтилади. 

Россия ҳудудларида 441 минг киши «ДХР»нинг қўшилиши учун, 394 минг киши эса «ЛХР»нинг қўшилиши учун овоз берди.

Ўзини «ДХР» ва «ЛХР» деб эълон қилган ҳудудларда маҳаллий аҳоли «республиканинг Россия Федерациясининг субъекти ҳуқуқи асосида Россия таркибига киришини» қўллаб-қувватлаяптими, деган савол «овозга» қўйилди. 

Ишғол қилинган Запорижжя ва Херсон областларида сайлов бюллетенларига «Украинадан ажралиб чиқиш, мустақил давлат ташкил этиш ва Россия Федерацияси таркибига Россия Федерацияси субъекти ҳуқуқи асосида кириш тарафдоримисиз?» деган савол қўйилди.

Мавзуга оид