Жаҳон | 14:03 / 28.09.2022
7234
2 дақиқада ўқилади

NASA Artemis миссиясининг бошланишини ноябргача кечиктирди

NASA Artemis Ой миссиясини уч марта кечиктирди, кейинги учириш ноябрь ойига режалаштирилган бўлиши мумкин.

Фото: NASA

АҚШнинг Аэронавтика ва космик тадқиқотлар миллий бошқармаси (NASA) Artemis 1 Ой миссиясини ишга туширишни камида ноябргача кечиктириши мумкин. Бу ҳақда 27 сентябр, сешанба куни агентлик вакили маълум қилди.

Бунгача NASA Artemis 1 миссиясининг учирилишини уч марта бекор қилган. Биринчи икки марта техник носозликлар ва ёнилғи сизиб чиқиши сабаб бўлган. 27 сентябрга режалаштирилган учинчи уриниш Флорида штатига яқинлашиб келаётган «Иэн» тропик бўрони туфайли бекор қилинди. 

Boeing’нинг SLS ракета ташувчиси бўрондан ҳимоялаш учун яна ангарга қайтарилди. Ер ва Ойнинг ҳолатига боғлиқ бўлган навбатдаги эҳтимолий учириш имкони 17 октябрдан 31 октябргача, кейин эса 12 ноябрдан 27 ноябргача пайдо бўлади. «Биз биламизки, энг эрта учириш октябрь ойи охирида содир бўлиши мумкин, лекин катта эҳтимол билан ноябрь ойининг ўрталарида амалга оширилади», деди NASA директори Билл Нелсон CNN телеканалига. 
 
Artemis дастури 2020 йил сентябрь ойида оммага эълон қилинди. Унинг мақсади сўнгги миссиядан ярим аср ўтиб космонавтларнинг Ойга қайтиши, шунингдек, Ойга яқин станция қуриш ва келажакда Ойни эгаллаш учун шарт-шароитларни тайёрлашдан иборат. 

2024 йилда NASA Artemis 2 миссиясида Ойга тўртта астронавт юборишни режалаштирмоқда. Бошқариладиган кема Ер сунъий йўлдоши атрофида учиши керак бўлади, шундан сўнг у Тинч океанига тушади. 2025 йилга мўлжалланган Artemis 3 миссияси доирасида америкалик астронавтлар Ой юзасига қўнишлари керак бўлади. 

Мавзуга оид