Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жаҳон банки Ўзбекистонда 4,9 млрд долларлик 28 та лойиҳани молиялаштирмоқда
Осиё тараққиёт банки ва Жаҳон банки вакиллари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда халқаро молия институтлари маблағлари жалб қилинган лойиҳаларни амалга ошириш жараёни таҳлил қилинди.
Инвестициялар вазирлиги ҳузуридаги Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ва Жаҳон банки билан биргаликда Ўзбекистонда халқаро молия институтлари маблағлари жалб қилинган лойиҳаларни амалга ошириш жараёни таҳлилига бағишланган йиғилишлар ўтказди.
Видео-конференц-алоқа тарзида ОТБ билан бўлиб ўтган учрашувда банкнинг Ўзбекистондаги жорий портфели аҳоли пунктларини ободонлаштириш ва инфратузилмавий ривожланиш, аҳоли тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган жами 3,3 миллиард долларлик 21 та лойиҳадан иборат экани таъкидланди.
Худди шундай руҳда Жаҳон банки (ЖБ) вакиллари билан музокаралар бўлиб ўтди. Бевосита учрашув давомида томонлар ЖБ кўмагида мамлакатда амалга оширилаётган лойиҳаларни таҳлил қилдилар. Банк Ўзбекистонда қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт, энергетика, урбанизация, таълим ва соғлиқни сақлаш каби устувор йўналишларда жами 4,9 миллиард долларлик 28 та лойиҳани молиялаштирмоқда.
Учрашув давомида лойиҳаларни бошқариш жараёнларини такомиллаштириш, асбоб-ускуналар ва материаллар сотиб олиш, лойиҳаларга масъул бўлган вазирлик ва идоралар ходимлари касбий маҳорати ва билимларини янада ривожлантириш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди.
Йиғилишлар якунида тегишли «Йўл хариталари» тасдиқланди ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш аниқ муддатлари ва вазирлик ва идоралар масъул раҳбарлари белгиланди.
Мавзуга оид
17:24 / 21.05.2025
Жаҳон банки Ўзбекистонга 200 млн доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратади
09:55 / 21.05.2025
Жаҳон банки Ўзбекистонга 35 миллион доллар ажратди
08:52 / 12.05.2025
Ўзбекистонда ОТБ иштирокида 23 та янги лойиҳа амалга оширилади
16:09 / 15.04.2025