Ўзбекистон | 08:27 / 29.09.2022
23764
10 дақиқада ўқилади

Хориждаги ватандошлар ва... Бегоналашиш хавфи ҳақида

Референдумга қўйилиши кутилаётган янги Конституциянинг 22-моддасига қуйидаги норма киритилиши кўзда тутилмоқда: “Давлат хорижда яшаётган фуқаролар ва ватандошлар билан алоқаларнинг сақланиб қолиши ҳамда ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилади”.

Тўғри татбиқ этилса, бу норма нечоғлик аҳамиятли экани ҳақида гаплашамиз.

Ўзбекистон – аҳолиси ҳар йили бир неча юз мингга кўпаяётган мамлакат. Бир қанча сабабларга кўра, кўп сонли ватандошларимиз хорижга чиқиб кетган: ишлаш, таълим олиш ва бошқа мақсад ҳамда сабаблар билан. Узоқ муддатга ишлашга кетаётган мигрантларимизнинг сони анчагина. 1990 йиллардан бошланган бу жараён натижасида ҳозирда Россия, АҚШ, Канада, Англия, Германия, Жанубий Корея, Япония каби давлатларда доимий яшаб қолаётган юртдошларимиз сони катта рақамлар билан ўлчанади. Россияда миллионлаб, АҚШнинг ўзида ҳозирда уч юз мингга яқин ўзбеклар истиқомат қилишади. Жанубий Кореяда 70 мингдан зиёд, мен яшаб ишлаётган Японияда 4 минг атрофида ватандошлар яшайди.

Уларнинг орасида оиласи билан келиб, фарзанд тарбия қилаётганлар ҳам талайгина. Давлат, жамият, миллат бу вазиятда улар билан (хоҳ Ўзбекистон фуқароси бўлсин, хоҳ бўлмасин) алоқалар ривожланишини елкасига олиши муҳим ижобий қадам бўлади. Бу йўлда амалий қадамлар тезроқ ташланмаса, хориждаги ўзбекистонликлар диаспораси жиддий зарарларга юз тутади. Нима демоқчиман?   

Масалан, ўзбек муҳожирларининг чет элда туғилган ёки униб-ўсаётган фарзандлари ўзбек тилини унутяпти, ўзини ўзбек, Ўзбекистонга мансуб деб билмайди. Бу кетишда ўзбеклар миллий ўзлигини йўқотиши мумкин. Ҳамда уларнинг Ўзбекистон билан алоқалари батамом йўқолиш эҳтимоли бор. Бу эса юртимиз учун жиддий йўқотишдир, хусусан, хориждаги юмшоқ кучимиз (soft power) заифлашади.

Баъзилар учун бу табиий ҳол бўлиб, уни муаммо сифатида кўришмайди. Муҳими фарзандлари “яхши инсон бўлсин”. Миллат, дин, тил муҳим эмас, дейишади. Кимлар учундир эса бу жиддий масала.

Хорижга чиқаётган ёш оилаларнинг аксарияти бу масалада чуқур бош қотирмайди – ёш оила учун иқтисодий фактор устун келади. Баъзилар фарзандим ҳеч қачон тили, маданияти ва динини эсдан чиқармайди, “бунга қаттиқ тураман”, дейди. Аммо амалда уларнинг кўпчилиги буни эплай олмайди. Натижада, ўзбек фарзандлари тили, маданияти ва динини йўқотиб боради ва амалда шундай бўляпти ҳам. 

Чет элда яшаб, чиқарган энг катта хулосам шу бўлди: аксарият инсон биологик ота-она бўла олади, аммо ҳар бир биологик ота-она яхши тарбиячи бўла олмайди. Чунки бир боланинг рисоладагидек катта бўлиб тарбияланиши учун унинг атрофида шунга яраша муҳит мавжуд бўлиши керак.

Бу борада АҚШнинг “Америка овози”да журналист бўлиб фаолият юритаётган ҳамюртимиз Беҳзод Мамадиев 1500 нафар Америкадаги юртдошларимиз орасида кичик бир тадқиқот ўтказган. Хулосалар қуйидагича:

“Америкадаги 12 йиллик ҳаётим, кўрган-кечирганларим асосида сизга ўз тахминий рақамларимни фоиз кўринишида тақдим этаман (динига, тилига, маданиятига ўта қаттиқ эътибор қаратмайдиган ўртаҳол ўзбекистонликлар ҳақида бу):

Ўзбекистонлик муҳожирларнинг Америкада туғилиб ўсган фарзандлари:

  • ота-онаси тилини унутиши эҳтимоли – 80-90 фоиз;
  • ўзини Ўзбекистонга мансуб деб билмаслик эҳтимоли – 99 фоиз;
  • динини унутиши эҳтимоли – 50 фоиз.

Ўзбекистонлик муҳожирларнинг Америкада туғилиб ўсган набиралари:

  • бобо-бувиси тилини унутиши эҳтимоли – 99 фоиз;
  • ўзини Ўзбекистонга мансуб деб билмаслик эҳтимоли – 100 фоиз;
  • динини унутиши эҳтимоли – 90 фоиз”.

Демак, икки авлод алмашиши билан сиз ёки асрлар давомида сизнинг аждодларингиз ташиган ўзлик бой берилади. “Нега хориждаги юртдошларга ёрдам беришимиз керак, ахир юртимизда ҳам муаммолар сонмингта-ку!” – дейишингиз мумкин. Калта ўйланган иддао. Авваламбор, юрт ичидаги муаммолар алсо тугамайди. Японияда, АҚШда муаммо йўқми? Албатта бор, бундан кейин ҳам бўлади.

Агар ватандаги юртдошларимиз Мустақиллик байрами, Наврўз, Халқаро хотин-қизлар куни, Устоз ва мураббийлар куни, Рамазон ва Қурбон ҳайитини шодлик-ла ва юртдошлар даврасида кутаётган бўлса, билингки, хориждаги миллионлаб ватандошларимиз бундай имкониятдан маҳрум.

Миллий ўзлик миллий-диний байрамлари билан тирик. Аммо биз – хорижда яшовчи ўзбеклар – ўзбекистонликлар, ўша куни кўчаларга чиқиб, байрам шукуҳини ҳис эта олмаймиз. Бу нечоғлик қайғули ҳолат эканини бизлар биламиз...

Хориждаги ватандошларимиз ҳар йили миллионлаб, миллиардлаб долларларни юртимизга юборишади, кўплари чет элда олган илм ва тажрибаларини Ватан фойдасига сафарбар этишади, йиллар давомида мисқоллаб йиғган nетwоrking имкониятларини ватанимиз элчихоналари орқали Ватанларига сарф қилишади. Инчунун, хориждаги бу каби ватандошларимиз алоҳида эътиборга лойиқдирлар. Биз уларни йўқотмаслигимиз керак.

Бошқа томондан, 36 миллионлик халқимизни 448 минг квадрат километр ичига қамаб ўтириш ҳам тўғри иш эмас. Ўзбекистон ёшлари ўзига яраша потенциал соҳибидир. Ёшларнинг барча орзуларини Ўзбекистон ичига ҳибс этиш – уларнинг орзуларига тўғоноқ бўлиш. Биз бир неча юз миллиард долларлик иқтисодиётни барпо эта олишимиз учун дунёнинг ҳар бир ўлкасига кириб боришимиз, барча маданиятлар билан юзма-юз келишимиз, улар билан ҳамоҳанг яшашни ўрганишимиз зарур.  

Brain Drain – ақллар оқимига қўрқмай юзланишимиз лозим. Хорижга “суриш” – ёки хорижга катта кўчиш билан юзма-юз турган ватандошларимизга албатта ғамхўрлик қилишимиз зарур.

Ўзбекларнинг, ўзбекистонликларнинг дунё ривожига ва маданиятига қўшган ва қўшаётган ҳиссаси улкан. Ҳозир бу учун чегара керак эмас. Мен шахсан келажакда ватандошларимиз ёки уларнинг авлодлари орасидан АҚШ конгрессменлари, Европа Иттифоқи Парламенти депутатлари ёки Чикаго шаҳри мэри етишиб чиқишини умид қиламан.

Жоиз бўлса, бир мисол келтираман. Озарбойжонни Тоғли Қорабоғ масаласида энг кўп ўйлантирган жойи Арманистоннинг ҳарбий салоҳияти эмас, балки Россия армиясида хизмат қилаётган арман генераллари-ю Франция-АҚШ парламентларидаги арман депутатлари...

Иқтисодий дипломатиямиз ҳақида гапирадиган бўлсак ҳам шу гап – элчихоналаримиз ҳам дунёнинг турли нуқталарида яшаб, фаолият юритаётган ватандошларимиз ёрдамида тез ва осон ишлай олади.

Ечимлар ҳақида

Хитойликлар каби хорижда геттолашиш – барча ўзбекларнинг бир жойда яшаши назарий жиҳатдан мумкин бўлса-да, амалий жиҳатдан имконсиз. Ундан кўра, бизни табиий равишда ўзига тортувчи, бирлаштирувчи қадриятларимиз ечим бўлади.  

Бу ерда шундай савол қўйган маъқул: хорижда ўзбекистонликларни учратиш мумкин бўлган жойлар қаер?

Мусулмонлар диний идораси хорижга юзланмоғи шарт!

Аввало, хорижда яшовчи юртдошларимизнинг каттагина қисми динига содиқ, мухлис мусулмонлардир. Айнан масжидларда юртдошларимизни кўпроқ учратамиз. Аммо ушбу масжидлар ўзга мусулмон юрт вакиллари томонидан ташкил этилган бўлиб, унинг имоми ҳам, имом ноиблари ҳам чет элликлардир. Хутбалар ҳам ё масжид жойлашган хорижий юрт тилида ёки ўша имом мансуб бўлган миллат тилида қилинади. Ўзбекистонликлар томонидан ташкил қилинган хориждаги масжидлар эса ўзбеклар сонига нисбатан жуда ҳам оз ёки умуман йўқ.

Ўзбекистон ҳукумати шундай жойларда ўзбек имом домлалари бўлишига, масжидлар қурилишига, лоақал бино сотиб олинишига ёрдам кўрсатса бўлади. Шу орқали диндор ўзбеклар фарзандлари динини она тили орқали ўрганиши, бу орқали миллий ўзлигининг каттагина қисмини сақлаб қолишига эришиши мумкин. Буларни ўша ердаги ватандошларимиз билан ҳамкорликда Мусулмонлар диний идораси йўлга қўйиши мумкин. Бунинг учун алоҳида жамғармалар шакллантирса ҳам бўлади. Вазиятлар турлича: Пусандаги ўзбекларда пул бор-у, имом йўқ, Токиода эса имом бор-у, моддий имкон етарли бўлмаслиги мумкин...  

Ватандошларимиз миллий маданият марказларига муҳтож!

Ватандошларимизни ўзига тортувчи яна бир маскан – миллий маданият марказлари. Ватандошларимизнинг миллий-маданий тадбирларга қизиқиши қай даражада баландлигини Японияда 2018 йилда уюштирилган юртимиз санъаткорларининг гастрол сафари давомида яққол сезгандим. Миллий маданиятимиз бурчагига японлар ҳам, ватандошларимиз ҳам роса қизиққани шоҳиди бўлгандим.

Юртдошларимиз фарзандлари учун она тили ва адабиёти дарслари ўтказиш ҳам муҳим. Афсуски, хорижда айнан мана шундай миллий маданият марказларимиз умуман фаолият юритмайди.

Туркия давлати томонидан ташкил этилган Юнус Эмре маданият марказлари дунёнинг 60 дан ортиқ давлатида ташкил қилиниб, турк тили ва маданиятини ёйиш вазифасини бажаради.

Юнус Эмредан Алишер Навоийнинг қолишадиган жойи йўқ...

Шундай экан, бизнинг юмшоқ кучимиз ўлароқ, миллий маданият марказларимизни ватандошларимиз кўплаб йиғиладиган хориж мегаполисларида ташкил этишимиз даркор. У ерларда миллий маданиятимиз тараннум этилиши, тилимиз ва адабиётимиз ўзбекларга эслатилиши, хорижликларга кўрсатилиши лозим.

Кейинги пайтларда иқтисодий дипломатиямизнинг кучайгани туфайли, элчиларимиз хориж давлатларининг турли шаҳарларига сафарлар уюштиришмоқда. Миллий марказларнинг ташкил этилиши иқтисодий дипломатиямизни ривожлантириш учун ҳам яхши жой тақдим этади. Зеро хориждаги ҳар бир шаҳар ва вилоятларда элчихоналар ёки консулликларни очишга моддий ва инсоний ресурсларимиз етмайди. Ватандошлар билан ҳамкорликда ташкил қилинган маданий марказлар эса бу учун яхши имконият беради.

Хулоса ўлароқ, хориждаги ёш авлодни асраб қолиш учун ватандошларимизга масжид ва маданият марказларини ташкил этиш керак. Бу эса моддий ёрдам ва кадр жиҳатидан қўллаб-қувватлашни талаб этади. Умид қиламанки, миллат ўлароқ буни эплай оламиз.

Алишер Умирдинов,
Япониянинг Нагоя иқтисодиёт университети профессори, ҳуқуқ фанлари доктори

Мавзуга оид