Ўзбекистон | 14:12 / 01.10.2022
14116
2 дақиқада ўқилади

Полша Ўзбекистонда янги нефт конлари аниқлангани ҳақида эълон қилди

Полшанинг Eurogospodarka иқтисодий журналида «Ўзбекистонда яна бир бой кон топилди» сарлавҳаси остида мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото:Christian Hartmann/Reuters

Нашрда Ўзбекистон олтин, кумуш ва бошқа фойдали қазилмаларни қазиб олиш бўйича жаҳон рейтингларида юқори ўринларда қайд этилиши таъкидланган. Геология-қидирув ва қазиш ишлари билан боғлиқ барча харажатлар давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилишига эътибор қаратилган. 

«2019 йилда ушбу мақсадлар учун қарийб 94 миллион доллар ажратилган.  Кейинги йилларда бу миқдор доимий равишда ошиб бормоқда. Мамлакатда турли қимматбаҳо фойдали қазилмалар конлари топилган бўлиб, бу Ўзбекистон ҳудудида Менделеев даврий жадвали барча элементлари мавжудлигидан далолат беради», деб ёзади Полша журнали.

Маълум қилинишича, ултралептик нефт ва битум конлари Ўзбекистон Энергетика вазирлиги буюртмасига асосан Sanoat Energetika Guruhi (SEG) ва Kontiki-Exploration компаниялари томонидан 450-700 метр чуқурликда аниқланган. Бугунги кунда улар мамлакатдаги энг йирик конлар ҳисобланади.

«Вазирлик томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, максимал йиллик ишлаб чиқариш даражаси 2025 йилда 1 млн тоннани ташкил этиши кутилмоқда», дейилади мақолада.

Мавзуга оид