Ўзбекистон | 07:39 / 01.10.2022
1905
1 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки билан шерикликни янада кенгайтириш йўналишларини белгилаб берди

30 сентябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда амалий ташриф билан бўлиб турган Жаҳон банки вице-президенти Анна Бьерде бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ушбу халқаро молиявий институт билан стратегик шерикликни янада ривожлантириш, мамлакатдаги энг муҳим ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастурини илгари суриш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш кўриб чиқилди.

Банк қишлоқ жойларда турмуш даражасини юксалтириш, давлат корхоналарини хусусийлаштириш, қишлоқ хўжалигини трансформация қилиш, иқтисодиёт энергия самарадорлигини ошириш, таълим ва соғлиқни сақлашни модернизациялаш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш каби йўналишлардаги янгиланишларни жадаллаштириш мақсадида экспертлик ва молиявий кўмакни янада кенгайтиришга тайёр экани таъкидланди.

Марказий Осиё барқарорлиги ва барқарор тараққиётини таъминлашга қаратилган стратегик минтақавий лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги шерикликни муҳим йўналишларда кенгайтириш бўйича янгиланган “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид