IBA Россия ва Беларус боксчиларига мусобақаларда қатнашишга рухсат берди
Халқаро бокс ассоциацияси қарорига кўра, Россия ва Беларус спортчилари ўз мамлакатлари байроқлари остида мусобақаларда қатнаша олади. Россиялик томонидан бошқариладиган IBA спортда сиёсат бўлмаслиги кераклигини таъкидлади.
Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) директорлар кенгаши Россия ва Беларус боксчиларининг IBA шафелигидаги мусобақаларга киритилишига қўйилган тақиқни бекор қилди. «IBA сиёсат спортга ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслиги кераклигига қатъий ишонади. Шунинг учун барча спортчиларга тенг шароит яратилиши керак», - дея эълон қилди россиялик Умар Кремлёв 5 октябр, чоршанба куни.
Халқаро бокс ассоциациясининг қарори дарҳол кучга киради. Бундан буён Россия ва Беларус спортчилари IBA мусобақаларида ўз мамлакатлари байроқлари остида иштирок этишлари, ғалаба қозонишса, ўз мамлакатлари мадҳиялари янграши, жамоалар вакиллари мусобақаларга ташриф буюришлари мумкин бўлади. Хабарда, шунингдек, IBA сиёсий жиҳатдан бетараф, мустақил ва «барча можароларда тинчликпарвар» бўлиб қолиши таъкидланган.
Россиянинг Украинага бостириб киришидан сўнг Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) бутун дунё спорт ташкилотларини Россия ва Беларусда ўтказиладиган тадбирлардан бош тортишга, байроқларини кўтармасликка, россиялик ва беларуслик спортчиларни халқаро мусобақаларда иштирок этишига йўл қўймасликка, бу давлатларнинг расмийларини уларга таклиф қилмасликка чақирди. Аксарият спорт федерациялари ва ассоциациялари, жумладан, IBA ушбу тавсияларга амал қилган.
Умар Кремлёв май ойида IBA президенти этиб қайта сайланди. У рақобатсиз номзод бўлди. Сентябрь ойида унинг тайинланиши IBA'нинг навбатдан ташқари конгрессида тасдиқланган. Боксдан ташқари, россиялик спортчилар дзюдо, бобслей ва стол тенниси бўйича халқаро мусобақаларга ҳам киритилади.
Навбатдан ташқари конгрессга бир неча кун қолганда ассоциация Украина бокс федерацияси аъзолигини тўхтатди, дея таъкидлайди ОАВ. Бунга Украинанинг IBA ишларига аралашгани ва Киевнинг Кремлёв қарорларини тан олмагани сабаб қилиб кўрсатилган.
Кремлёв Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин йирик халқаро спорт ташкилотлари раҳбарлигида қолган икки рус фуқаросидан бири. Россиялик миллиардер Владимир Лисин Халқаро ўқ отиш федерациясини бошқаради.
Халқаро олимпия қўмитаси ҳали боксни Лос-Анжелес-2028 мусобақалар дастурига киритмади ва IBA «Газпром»га молиявий қарамликдан халос бўлиши кераклигини айтди. Бокс бўйича мусобақалар Олимпиада ўйинларида 1904 йилдан бери ўтказиб келинмоқда, 1912 йилда Стокҳолмдаги ўйинлар бундан мустасно.
Мавзуга оид
18:21 / 20.11.2024
АҚШ ортидан Буюк Британия ҳам Украинага узоқ масофали ракеталардан Россияга зарба йўллашга рухсат берди – ОАВ
16:13 / 20.11.2024
«Крокус»да теракт содир этганликда айбланаётганлар яна 3 ой ҳибсда қолади
12:07 / 20.11.2024
Ўзбекистон ва Россия Каспий денгизи орқали янги йўналишлардан фойдаланмоқчи
21:03 / 19.11.2024