Иқтисодиёт | 17:08 / 06.10.2022
55590
8 дақиқада ўқилади

ОПЕК+ давлатлари нефт қазиб олишни камайтиришга келишди. Россия иқтисодиёти қутулиб қолдими?

Омскда нефт учун цистерналар. Алексей Мальгавко / Reuters / Scanpix / LETA

ОПЕК+ давлатлари 5 октябр куни нефт қазиб олиш ҳажмини кунига 2 миллион баррелга камайтиришга келишиб олишди. Оқибатда бозорда «қора олтин» нархи кўтарилиб, 1 баррел учун 93 долларгача чиқиб кетди. «Медуза» бу қарор Россия иқтисодини қутқариб қоладими, деган саволга жавоб олиш учун Энергетика ва молия институти директори Марсел Салихов билан суҳбатлашди.

– Айтинг-чи, ОПЕК+ давлатларининг ушбу қарори нимани англатади?

– Мен бу [АҚШ ва Европа Иттифоқига] йўлланган сигнал деб ўйлайман. Март ойидаёқ Украинадаги воқеалар сабаб нефт нархи кескин кўтарилишни бошлади ва АҚШ нархни тушириш учун федерал захирасидан кунига қўшимча 1 миллион баррелни бозорга олиб чиқишга қарор қилди.

Охирги ойларда нарх 120 доллардан 80 долларгача тушиб кетганида ОПЕК давлатлари нархни кўтариш учун АҚШдан бозорга қўшимча нефт чиқаришни тўхтатишни сўрашди. Аммо АҚШ бундай қилмади: бензин нархи ошаётгани, яқинлашиб келаётган сайловлар баҳона қилинди. Яъни АҚШ администрацияси учун доим нарх ошишига қарши курашаётгандек кўриниш муҳим ҳисобланади. ОПЕКнинг аксар давлатлари, хусусан, Саудия Арабистони АҚШнинг бу ҳаракатини нодўстона деб топди.

Яна бир омил – Россия нефтига чегараланган максимал нарх белгиланиши мумкинлиги ҳақидаги гаплардир. ОПЕК давлатлари эса бу борада Россияни қўлласа керак, чунки нархни чеклаш бир кун келиб ОПЕКнинг ўзига ҳам таъсир қилиши мумкинлигини тушуниб туришибди. Айтайлик, бугун бундан Россия жабр кўрмоқда, бир неча йилдан кейин эса бирор нодемократик ҳаракати учун Саудия ҳам зарар кўриши мумкин.

Шундай экан, бу масалада ОПЕК давлатлари Россияни қўллаши эҳтимоли юқори, чунки улар учун сиёсий ҳолат, Украина бўйича позиция қизиқ эмас. Хуллас, улар «Сиз нархга чеклов қўяверинг, биз ҳам сиёсатингизни қийинлаштирадиган чора-тадбирлар кўришни биламиз», қабилида йўл тутишмоқда.

– Қазиб олишни кунига 2 миллион баррелга камайтириш келишуви қанчалик ишонарли?

– Биласизми, ОПЕК+ давлатлари ҳозир шундоғам кунига максимал квотадан 3,6 миллион баррел нефтни камроқ қазиб олишмоқда. Кўп давлатлар максимал имкониятларидан камроқ газ қазиб олмоқда. Масалан, Россия, Қозоғистон, Нигерия, Венесуэла. Саудия Арабистони қазиб олишни камайтирадими-йўқми – асосий гап шунда. Агар Саудия ҳам қазиб олишни қисқартирса, бозор ОПЕК+ келишуви ниманидир ҳал қилишига ишонади. Ахир ОПЕК+ учрашувидан аввал ҳам қазиб олиш камайиши ҳақидаги миш-мишлар фонида нарх ошишга улгурди.

– Яъни ҳали нефт нархи кескин ошишини кутишга эрта, шундайми?

– Ҳа, чунки аниқлаштириш керак бўлган нарсалар бор. АҚШдаги инқироз ортидан юзага келиши мумкин бўлган рецессия (дунёдаги энг йирик иқтисодиёт бўлмиш АҚШ ЯИМи илк марта кетма-кет икки чорак давомида камайди. Агар АҚШ иқтисоди ортга кета бошласа, бутун дунёдаги иқтисодиёт ҳам ортга кетади) қанчалик чуқур бўлиши аниқ эмас. Агар рецессия чиндан содир бўлса, нефтга бўлган талаб кескин пасайиб, қазиб олишни камайтиришга тўғри келади.

Келажакда талаб қандай бўлиши, ОПЕК+ келишуви чиндан қазиб олишни камайтириши ёки йўқлиги ҳам мавҳум бўлиб турар экан, бу борада аниқ гап айтиш қийин. ОПЕК+ қарори амалда ҳам кучга кирадими ёки шунчаки қоғозда қоладими – бу ҳам аниқ эмас. Менимча, бу аввало «сигнал алмашиш» бўлди.

– Бу «сигнал алмашуви»даги Россиянинг ўрни қаерда?

– Россиянинг бу борадаги ўрни муҳим. Охирги йилларда ОПЕКнинг роли пасайиб кетди. Квоталар оширилди, лекин амалда қазиб олиш ошмай тураверди. Чунки кўпчилик давлатларда нефт қазиб олишни оширишга техник ва ресурс жиҳатдан имкон йўқ. Исталган вақтда қазиб олишни ошириши ва камайтириши мумкин бўлган давлатларнинг бозорга таъсири эса кучайиб бормоқда. Россияда, айтайлик, бу борада имкониятлар Саудия Арабистони каби эмас, лекин ҳар ҳолда эплай олади.

Айнан ҳозир Россия ОПЕК+ ичида қандайдир таъсир кўрсатиши қийин, чунки санкциялар сабаб харидор камайган, шу сабаб нефтни камроқ қазиб олмоқда. Бундан ташқари, Венадаги учрашувда Россия энергетика вазири Александр Новакнинг шахсан ўзи иштирок этди, бу эса ҳозиргина киритилган санкцияга қарамай муҳим сигнал ҳисобланади.

Россия ОПЕК+ даражасида нефт қазиб олишни кескин камайтириш ғоясининг ташаббускорларидан бири эканини истисно қилиб бўлмайди. Ҳозир Россиянинг ўзи қазиб олишни камайтира олмайди, лекин ОПЕК у томонда бўлиши жуда муҳим. Қолган давлатлар қазиб олишни камайтирса, Россия нефти учун харидорлар бироз кўпаяди. Энди харидорлар Россия ва ОПЕК давлатлари нарх бўйича чекловга қарши ҳаракатларига қандай муносабат билдириши қизиқ бўлади.

– Нима деб ўйлайсиз, Россия нарх чекловига ва ўзига нисбатан киритилган нефт эмбаргосига қарши чиқиш учун қазиб олишни камайтира оладими?

– Россия барибир қандайдир ҳаракатлари билан хайрихоҳлигини кўрсатади. Умуман олганда, нарх бўйича чеклов ўрнатиш Россия ҳар қандай нархга рози бўлиб кетади, деган умидда киритилмоқда.

Яқинда бу борада дунёдаги машҳур иқтисодчилар ўртасида сўров ўтказилди ва уларнинг аксари бу механизм иш беришини айтишди, чунки иқтисод мантиғига кўра шундай бўлиши керак. Аммо бу Россияда бошқа мантиқ бўлиши мумкинлигини инкор этмайди. Айтайлик, «Ҳечқиси йўқ, захираларимиз бор, амаллаймиз» деган мантиқ ишлаши мумкин. Ёки нефт нархи кўтарилиб, зарарни қоплаб кетиши мумкин. Менимча, Россия раҳбарияти нефтни нарх чеклови бўйича сотиш шартига рози бўлмоқчи ҳам эмас, улар бу ҳақда аллақачон айтиб бўлишди.

Россия нефт қазиб олишни камайтиришдан бошқа чораларни кўриши ҳам мумкин. Масалан, экспортни чеклаш орқали. Амалда Россия Қозоғистонга босим қилиши мумкин, чунки Қозоғистон нефтини фақат Россия орқали сота олади. Россия хоҳласа бу мамлакат экспортини чеклаши мумкин. Айнан шундай бўлади демоқчи эмасман, лекин Россия нархни кўтариш ва кўражак зарарини камайтириш учун ҳар хил ишларни қилиши мумкин.

– Бензин нима бўлишидан қатъи назар азронламайдими?

– Йўқ, албатта. Бу савол кўпчиликни қизиқтиради. Афтидан, Россия бозори бензин нархи на ўсиши ва на тушишига йўл қўймайдиган қилиб қурилгандек. Бизда бу борада демпфер тизими йўлга қўйилган, қонунчиликда нефтнинг базавий нархи белгиланган. Унга кўра: нарх бозордагидан паст бўлса, давлат нефтчиларга пул тўлаб беради; агар нарх юқори бўлса, нефтчилар бюджетга қўшимча тўлов қилишади. Яъни жаҳон бозорида нима бўлишига қарамай, нефт маҳсулотлари нархи ўзгармаслигининг эҳтиёти қилинган. Бу иш тўғри экани эса факт эмас. Масалан, Америкада бензин гоҳ қимматлашади, гоҳ арзонлаб кетади. Бизда эса нарх барқарор бўлиши керак деган тушунча бор.

Мавзуга оид