Жамият | 15:55 / 07.10.2022
25766
11 дақиқада ўқилади

Мажбуриятларидан бўйин товлаётган UzAuto Motors: унга учта органнинг кучи етмаяпти

Давлатнинг расмий рухсати борлигига қарамасдан, UzAuto Motors Captiva-5 автомобилини “Ўзбекистонга тўғри келмайди” деб хулоса қилди ва тузиб қўйган шартномаларини бузди. Қонуний манфаатини талаб қилаётган мижозлар ҳайрон: нақ учта идора – суд, аксилмонополия ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоялаш органларининг монополистга гапи ўтмаяпти.

UzAuto Motors 2021 йилда бир қанча истеъмолчилар билан янгиланган Chevrolet Captiva автомобилини етказиб бериш бўйича шартномалар тузганди. Лекин маълум муддат ўтганидан кейин бу жараён тўхтатилди. Сабаб сифатида эса Captiva-5'нинг Ўзбекистон иқлимига тўғри келмаслиги иддао қилинди.

Баъзи мижозлар UzAuto Motors'нинг “чексиз” узрини қабул қилишни истамай, қонуний ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб, судга мурожаат қилишган. Kun.uz мухбири ҳолат юзасидан истеъмолчилар Ўктам Қаҳҳоров ва Жамшид Бахшиллаев билан суҳбатлашди.

Ўктам Қаҳҳоров

Ўктам Қаҳҳоров: Captiva-5 учун шартнома бериш бошланганидан кейин, 12 октябрь куни банкдан кредит олиб, 85 фоиз тўловни амалга оширдим. Маълум муддат ўтганидан кейин, UzAuto Motors'нинг расмий саҳифасида шартнома бериш тўхтатилгани эълон қилинди, аммо тузилган шартномалар тақдири ҳақида бирор жойда расмий маълумот берилмади.

Жамшид Бахшиллаев: Ўтган йилнинг ноябрь ойида Captiva-5'нинг мижозларга етказиб берилмаслиги ҳақида эълон қилишди. Бунга сабаб сифатида Ўзбекистоннинг тоғли мамлакат экани, ушбу автомобиль иқлим шароитимизга мос келмагани келтириб ўтилди. Кейин автосалон билан боғландим. Улардан ҳозир куз фасли бўлса, қишни қаерда яратдинглар, деб сўрадим. Жавоб бера олишмади. Умуман, дунёдаги қайси компания иқлимга мослаб автомобиль ишлаб чиқаради? Мана, Дубайдан олиб келинган Captiva-5'ларни ҳеч қандай муаммосиз ҳайдаб юришибди, двигателида ҳам ҳеч қандай муаммоси йўқ.

Жамшид Бахшиллаев

Автосалонга шартнома тузиш учун борганимда, янгиланган ўзбек моделидаги Captiva'нинг Дубайда сотилаётган моделдан афзалликлари деган презентация ҳам кўрсатишганди. Хуллас, саволлар кўп, аммо ҳар доимгидай жавоб йўқ.

***

Энг қизиқ жиҳати шундаки, 2021 йил 17 сентябрь куни, яъни Captiva-5 учун шартномалар берилиши бошланишидан 11 кун олдин, “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” томонидан 4 дона Саptiva-5 автомобили учун мувофиқлик сертификати берилган. Аммо 18-22 октябрь кунлари UzAuto Motors'нинг ички синовларидан шартнома бериш аллақачон бошланган, “Uztest” томонидан сертификат ҳам берилган Captiva-5 автомобили шунчаки ўтолмай қолган.

Шу ўринда савол туғилади: қарийб 30 йилдан бери ишлаб чиқарилаётган ва замонавий қулайликларга эга бўлмаган Damas автомобилининг ҳам техник даражаси, ишончлилиги ва хавфсизлиги бўйича синовлар ўтказиб турилармикан?

Умуман олиб қарасак, компаниянинг мажбуриятни бажариш имконияти йўқ, ишлаб чиқармаяпмиз, дейишининг ўзи абсурд. Шу пайтгача ҳам Маlibu'дан тортиб, Тracker'гача фақат импорт қилиб келишарди, қайси бирини ўзлари ишлаб чиқарган, дея эътироз билдирмоқда мурожаатчилар.

Ўктам Қаҳҳоров: Ушбу ҳолат юзасидан Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига ариза бердим. Агентлик менинг манфаатларимни ҳимоя қилиб, UzAuto Motors'га сўров жўнатди, аммо ҳеч қандай ҳуқуқий асосга эга бўлмаган жавобларни беришди. Шундан сўнг, компанияни фуқаролик судига бердик. Дастлабки суд жорий йилнинг 5 август куни бўлиши керак эди, лекин жавобгар келмагани учун қолдирилди. 17 август куни ҳам худди шу ҳолат яна такрорланади. Учинчи мартасида UzAuto Motors'нинг юристи даъво аризасини қабул қилмасликни ва судни яна бошқа муддатга қолдиришни сўради. Тўртинчи мартасида Қарши туманлараро суди судьяси мен келтирган далилларнинг бирортасини инобатга олмади ва даъво аризамни қаноатлантирмади.

UzAuto Motors ўзи томонидан тайёрланган ички хулосасини асос сифатида келтирмоқда. Ўзи ишлаб чиқармаган автомашинага “фойдаланишга яроқсиз” деган хулоса беряпти. Аслида ушбу автомобиль Хитойдан импорт қилиниши керак эди. Шартномалар берилиши бошланишидан аввал, “Uztest” томонидан 2021 йил 17 сентябрь куни Captiva-5 автомобили учун мувофиқлик сертификати берилган. Унда олиб кирилган 4 дона Captiva автомашинаси VIN кодлари билан кўрсатилган.

Жамшид Бахшиллаев: Охири ўзим UzAuto Motors'нинг колл-марказига чиқиб, улардан ўзлари ишлаб чиқараётган иккита Lacetti-Gentra беришларини сўрадим, чунки тўлаган пулим етарди. Бу таклифимни қабул қилишмади. Фақатгина битта автомашина берамиз, чунки шартномада шундай кўрсатилган, дейишди. Қизиқ жиҳати, автомашина сонига келганда шартнома шартлари уларнинг эсига келяпти, аммо ўша машинанинг Captiva-5 эканига келганда мажбуриятлар эсларидан чиқиб қоляпти. UzAuto Motors'да шартномани бир томонлама бекор қилиш ваколати йўқ.

Кейин Монополияга қарши кураш қўмитасига ариза бердим. Улар автосалонга Captiva-5 автомобилини менга етказиб бериш бўйича кўрсатма чиқариб берди. Белгиланган вақт ўтган бўлса-да, автосалон мажбуриятни бажармади. Шундан сўнг автосалон қарор юзасидан Монополияга қарши кураш қўмитасининг ўзига қарши даъво билан чиқди. Аммо уларнинг мурожаати инобатга олинмади. Ўз навбатида, автосалоннинг маъмурий судга киритган даъво аризаси ҳам қаноатлантирилмади ва суд автосалоннинг Captiva-5 етказиб бериш мажбуриятини ўз кучида қолдирди.

Ўктам Қаҳҳоров: 11 ойдан бери олган кредитим учун 30 млнга яқин фоиз тўловларини тўладим, аммо ҳалигача машинани ололмаяпман. 26 август куни бўлиб ўтган судда автомобиль етказиб берилмаётгани форс-мажор ҳолати сифатида баҳоланди. Ваҳоланки, UzAuto Motors'нинг ўзи берган шартномада форс-мажор ҳолатлар аниқ белгилаб қўйилган ва ҳозирги кунда келтирилаётган сабаблар бунга кирмайди.

Жамшид Бахшиллаев: Судда UzAuto Motors вакиллари ўзининг ички хулосасини тақдим қилди. Аммо у ердаги важлар жуда ҳам кулгили. Ойналар парланганини расмга олиб кўрсатишяпти. Ваҳоланки, иссиқ-совуқда барча автомашиналар парланади. Хулосага кўра, машина носоз деб бериляпти. Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, машиналар импорт қилинишдан олдин тегишли стандартлардан ўтиши керак. Ўша сертификатга асосан машина ички бозорга чиқарилади. Худди шундай, UzAuto Motors ҳам машиналарни шу тарзда сертификатдан ўтказган. Ҳаммаси техник соз машиналар. Аммо орадан вақт ўтиб, улар ўз хулосасини ясаб, судга тақдим қилди ва суд буни қабул қилди. Улар буни форс-мажор деб айтишди. Аммо форс-мажор ҳолат икки томонга ҳам боғлиқ бўлмаган ҳолат бўлиши керак. Шартномада қандай ҳолатлар форс-мажор деб ҳисобланиши аниқ кўрсатиб қўйилган.

Қандай манфаатлар кўзланганини билмадим, аммо машиналар етказиб берилмаяпти. Мен ваколатли органлардан сўраб қолардимки, бизнинг давлат ташкилотлари берадиган сертификатлар кучлими ёки қайсидир ташкилотнинг ички хулосалари устун турадими? Агар уларнинг хулосаси устун турса, эртага биз ҳам ўз ички хулосамиз орқали қонунни айланиб ўтиш йўлларини излаймиз. Агар Captiva-5 автомашинаси талабларга мос бўлмаса, 1996 йилда олиб келинган Damas автомашинасини текширувдан ўтказиб, халққа бир кўрсатиб беринглар.

Ўктам Қаҳҳоров: Аслида Хитойда ишлаб чиқарилган Captiva-5 автомашинаси дунёнинг бир қатор давлатларида ҳозир ҳам сотиляпти. Ишлаб чиқаришдан олиб ташланмаган. Агар шундай бўлганда эди, форс-мажор ҳолатига олиб келинган бўлар эди. Аммо бугунги кунда бу русумдаги автомашина эркин савдоларда сотилмоқда.

Жамшид Бахшиллаев: Шахсий тажрибамдан айтишим мумкинки, ушбу русумдаги машинанинг дастлабки моделларидан тортиб, ҳозирга қадар фақат яхши томонга ўзгариб борган. Замонавийлашди. Шундай бўлгандан кейин, охирги модел қанақасига ёмон бўлиши мумкин?

Malibu'ни олиб кўрайлик, бизда биринчи деб сотилган модел аслида саккизинчи авлод ҳисобланади. Икки деб сотилаётгани эса Америкада тўққизинчи авлод сифатида кўрилади. Бунда ҳам ўзгариш фақат яхши томонга қараб борган. Агар Captiva-5 автомашинасини ёмон деб ҳисоблашса, оммавий ахборот воситалари иштирокида тестдан ўтказиб беришсин.

***

Captiva-5 учун бир йил олдин пул тўлаб қўйган истеъмолчиларнинг ягона талаби – шартнома шартларининг бажарилиши. Улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлардан қонун устуворлигини таъминлаб беришни сўрамоқда.

Ўктам Қаҳҳоров: Дилерлар бир неча марта ўз хоҳишингга кўра ариза ёз ва пулингни қайтариб ол, дейишди. Шунда нима учун мен ариза ёзишим кераклигини айтдим. Ахир шартнома шартларини улар бажаришмаяпти. Шундай экан ўзлари банкка қайтаришсин ва изоҳ беришсин. Сабаби мен автокредит қилганман. Шундай бўлгач, бир неча марта шу пулга бошқа турдаги автомобил беришларини сўрадим, аммо улар буни рад этишди.

Оиламиз катта бўлгани учун етти ўринли машина беришларини айтдим. Улар менга Damas автомашинасини олишимни айтишди. Бу ошкора масхара қилишдек гап: Captiva-5 учун пул тўласак-да, Damas олсак. Бу нима деган гап?

Жамшид Бахшиллаев: Биз фақат ҳақ-ҳуқуқларимиз таъминланишини истаймиз холос. Агар бизнинг ҳуқуқларимиз ҳимоя қилинмаса, бу қонунлар кишиларда норозилик кайфиятини уйғотиб қўймайдими?

Ўктам Қаҳҳоров: UzAuto Motors'га бир неча маротаба бордим. Ходимлари ариза ёздириш бўйича босим ўтказишди. Бунга эриша олишмади, албатта. Охирида пулингни ҳам ололмайсан, машинадан ҳам қуруқ қоласан, деган гапларни айтишди. Мана ҳозир давлатимизда қонун устуворми ёки йўқлигини кўрмоқчиман. UzAuto Motors ҳақида халқда салбий фикрлар бўлишига қарамасдан ҳали ҳам унинг монополиясига чек қўйилгани йўқ. Улар эса истеъмолчилар ҳуқуқларини поймол қилишдан тўхтамаяпти.

Жамшид Бахшиллаев: Бошқа компанияларда бизнинг машиналаримизга рақобатдош автомобиллар йўқ деб ўйлайсизми? Бор. Нега унда олиб келишмаяпти? Шундай бўлгач, албатта, буни монопол деймиз. Четдаги мазкур рақобатдош машиналарнинг киришига чекловлар бор. Бунақада қандай рақобат бўлади? Қачон ривожланамиз?

Германияга борсангиз, дунё тан олган машиналарини фахрланиб минишади. Бизда қачон бунақа машиналар ишлаб чиқарилади? Четга чиққанингизда замонавий машиналарга ўтирсангиз, унинг таклиф қилаётган қулайликларидан тўлиқ фойдалана олмаслигимиздан уялиб қоламиз. Чунки бу янгиликлардан хабаримиз йўқ. Ўзбек халқининг сифатли машина минишга ҳаққи йўқми?

Ўзбекистонда UzAuto Motors таклиф қилаётган нархларга хорижда анча сифатли автомобиль харид қилишингиз мумкин. Мана бунақа ҳолатлар бўлганидан кейин, кайфиятингиз тушиб кетади. Агар қонунлар UzAuto Motors учун тааллуқли эмас бўлса, пастига ёзиб беришсин. Уларнинг ички хулосаси давлат ташкилотининг хулосаси ва сертификатидан ҳам устун деб, олдиндан билдиришсин. Хуллас, танлаш имконияти ҳам йўқ.

Биз бир йилдан бери сарсон бўлаётган, судма суд юришдан чарчаган икки инсоннинг фикр-мулоҳазаларини келтириб ўтдик. Хулоса ўзингиздан.

Достон Аҳроров суҳбатлашди.

Мавзуга оид