Жамият | 21:36 / 08.10.2022
27000
4 дақиқада ўқилади

Итларга шафқатсизларча муносабат: Олотда жониворлар оч қолдириш йўли билан йўқ қилинмоқда

Kun.uz кузатувчиси Олот туманида итларга шафқатсиз муносабат акс этган видеоларни юборди. Туман ободонлаштириш бўлими ходимлари итларни сувсиз ва овқатсиз қолдириш йўли билан йўқ қилмоқдалар.

Kun.uz’га мурожаат қилган фуқаронинг айтишича, итлар Олот туман ободонлаштириш бўлими ходимлари томонидан сувсиз ва овқатсиз қолдирилган. Мақсад — итларни шу йўл билан йўқ қилиш.

Ободонлаштириш ходимлари бу ишини "хизмат вазифаси" дея изоҳлаган.

Видеоларда очликдан силласи қуриб, ўлимини кутаётган она ит ва унинг атрофидаги чорасиз болаларини кўриш мумкин. 

“Бориб қутқариб олдим, яна бир кун қафасда оч ётса, ўларди”, дейди фуқаро. 

У бундай ҳолатга 5-6 марта дуч келган, бу ҳолдан хабар топгач, ободонлаштириш бўлимидан бир неча марта итларни уйига олиб кетиб даволаган. Айрим итларга дори бериб ўлдирилган. 

Ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида Олот туман ободонлаштириш бўлими бошлиғи Убайдулло Қуллиев билан боғландик.

У вазиятни изоҳлар экан, тизимдаги муаммолар туфайли шундай қилишга мажбур бўлишаётганини айтади.

“Вақтинча сақлаш жойига олиб келинган итлар одамларни тишлаган. Ҳолат расмийлаштирилиб, итлар олиб келиб қўйилган. Итлар олиб келинганидан кейин касалми ёки йўқлиги аниқланади. Ҳозир давлат дорига пул бермайди, демак қаровсиз итларнинг ҳаммасини дори бериб йўқ қилолмаймиз ҳам. Итлар кўпайиб кетган, биз сақлашга мажбурмиз. Чунки бировни тишлагандан кейин касал ёки қутурган ит бўлса, текшириш учун сақланади. Оч сақланганига сабаб шуки, вақтинча итларни сақлаш учун маблағ ажратилмайди”, - дейди у.

Қуллиевнинг қўшимча қилишича, итларни ўлдириш масаласи жуда оғриқли. Илгари аҳолидан шикоят тушса, ободонлаштириш бўлимларининг итларни тутиш бригадалари бориб, дори бериб уларни йўқ қилган. Ҳозир дорига ҳам пул ажратилмаяпти.

“Бир томондан итларни сақлаш учун шароит ҳам йўқ. Аҳолининг мурожаатини бажармасак ҳам бўлмайди. Ёш болаларни қаровсиз итлар қувлайди. Аҳоли норози бўлади. Шундай сақламасак, одамлар устимиздан ариза ёзади. Сизлар журналист бўлиб, шу масалада ёрдам беринглар. Итларни сақлаш учун талабга жавоб берадиган сақлаш жойлари ташкил қилиш керак. Механизм ишлаб чиқилиши керак”, - деди ободонлаштириш бўлим раҳбари.

Унинг гапларини экожурналист Ферузбек Сайфуллаев ҳам тасдиқлайди.

“Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июлдаги 202-сонли қарорининг 4-иловаси билан “Аҳоли пунктларида итлар ва мушукларни сақлаш қоидалари” тасдиқланган.

Мазкур қоидаларга асосан: Тутиб олинган итлар, зотидан қатъи назар, 5 кун мобайнида сақланади ва ит эгаси мурожаат қилган ва итнинг уники эканлиги (рўйхатга олиш гувоҳномаси, ветеринария гувоҳномаси) билан тасдиқлаб, сақлаш харажатлари тўланган тақдирда эгасига қайтарилиши мумкин. Кўрсатиб ўтилган муддат тамом бўлгандан кейин тутиб олинган, касаллик белгилари бўлмаган зотли итлар сақлаш харажатлари тўлангандан кейин манфаатдор шахсларга берилади. Бир ўйлаб кўринг, агар видеолардаги итларнинг эгалари топилмаса, уларнинг тақдири аянчли ўлим билан якун топади?

Вазирлар Маҳқамаси томонидан тасдиқланган қарорда итларни 5 кун сақлаш учун уларни боқишга ким маблағ ажратиши ва ўлдириш ўлдирмаслик ҳақида бирор нарса қайд қилиб ўтилмаган. Ободонлаштириш бошқармаси қошидаги бригада шу сабабли итларни турли йўллар билан азоблаб, қийнаб ўлдиришади”, - дейди журналист.

Эслатиб ўтамиз, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддасига кўра ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, яъни уларни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қийноққа солиш ёки уларга азоб бериш, — 900 минг сўмдан 1 млн 500 минг сўмгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. 

Мадина Очилова тайёрлади
Оператор ва монтаж устаси Жавоҳир Ғайратов

Мавзуга оид