Жаҳон | 23:24 / 09.10.2022
42397
2 дақиқада ўқилади

«Буюртмачи – Украина махсус хизматлари». Путин илк марта Қрим кўпригидаги портлаш ҳақида гапирди

Фото: Кремль расмий сайти

Россия президенти Владимир Путин Қримдаги кўприк портлатилиши ҳақида илк марта фикр билдирди. Путин бу ҳақда Санкт-Петербургда мамлакат Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин билан учрашувда гапирди.

Путин Қримдаги воқеани теракт деб атади. «Ташкилотчилар ҳам, буюртмачи ва амалга оширганлар ҳам Украина махсус хизматларидир», деди Путин.

Бастрикиннинг айтишича, ҳолат бўйича Россия жиноят кодексининг 205-моддаси («Терроризм») 2-қисми билан иш очилган. «Кўплаб гувоҳлар сўроқ қилинди. Портлашлар бўйича, генетик ва криминалистик экспертиза ўтказилди. ФХХ, ИИВ каби масъул органларга керакли топшириқлар берилди.

Портлаш содир бўлган юк машинасининг ҳаракатланиш маршрути бўйича маълумотларни аниқлашга муваффақ бўлдик. Булар – Болгария, Грузия, Арманистон, Шимолий Осетия ва Краснодар ўлкаси. Шунингдек, бу автобуснинг (афтидан, юк машинаси демоқчи бўлган – тарж.) ҳаракатланишини таъминлашда иштирок этган шахслар аниқланди. ФХХ томонидан Россия ҳудудида бу терактни амалга ошириши мумкин бўлган одамлар рўйхати шакллантирилди», деди Россия Тергов қўмитаси раиси.

Бастрикиннинг сўзларига кўра, портлашни ташкил этишда Украина махсус хизматлари билан бирга хорижий давлатлар ва Россия фуқаролари ҳам иштирок этган.

Маълумот учун, 8 октябр куни Россиянинг қуруқликдаги қисмини Қрим яримороли билан боғловчи Керч кўпригида юк машинаси портлатилиши оқибатида кўприкнинг машина қатновига мўлжалланган қисми упирилиб тушган, темирйўл ҳаракатланадиган қисмида эса ёнилғи ортилган систерна ёниб кетганди. Россия 2014 йилда Қримни эгаллаб олган, Украина эса Қримни ҳамон ўз субъекти деб билади.

Мавзуга оид