Бир ой ичида 7 аёл қотиллик қурбонига айланди. Масъуллар эса сукутда
Ўзбекистонда охирги бир ой ичида 7 нафар аёл турмуш ўртоғи томонидан ваҳшийларча ўлдирилди, ўндан ортиқ болалар онасиз қолди. Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак бўлган ташкилотлардан эса садо чиқмаяпти.
25 август. Қуйи Чирчиқда 24 ёшли аёл икки фарзанди кўз олдида турмуш ўртоғи томонидан ўлдирилди.
6 сентябрь. Жиззах вилояти Зарбдор туманида аёл 39 ёшли эри томонидан ўлдирилди. 3 фарзанд етим қолди.
2 сентябрь. Яна Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида 4 фарзанднинг онаси 40 ёшли эри томонидан уриб ўлдирилди.
12 сентябрь. Андижон вилояти Избоскан туманида 22 ёшли аёл ва унинг онаси куёви томонидан пичоқлангач вафот этди.
16 сентябрь. Фарғона вилояти Данғара туманида аёл спиртли ичимлик истеъмол қилган эри томонидан пичоқланиб вафот этди.
1 октябр куни яна Фарғонада келин қайнотаси томонидан нимталанди.
Бу – яқин кунларда зўравонлик қурбони бўлган, яъни ўлдирилган аёллар рўйхати. Даҳшатли рўйхат, тўғрими? Булар бизга маълум бўлганлари – билмаганларимиз ҳам бўлиши мумкин.
Хўш, биз ўз аёлларини ҳимоя қилолмайдиган миллатмизми? Йўқ, аксинча бизда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва уларнинг турмуш тарзини яхшилаш учун тузилган ташкилотлар шунчалар кўпки, кўрган кишида бу давлат аёллари маликалардай яшаса керак деган фикрни уйғотади.
Kun.uz шу мақсадда ташкиллаштирилган ташкилотлар рўйхатини тузди:
- Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси
- Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси
- Қонунчилик палатасининг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси
- Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси
- “Оила” илмий-амалий маркази
- “Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институти
- Сенат қошидаги “Гендер адолат етакчиси” жамоаси
- Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари
- “Оқила аёллар” ҳаракати
- Қайноналар кенгаши.
Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси
Хотин-қизларни ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятдаги ролини ошириш, зўравонликка қарши кескин курашиш мақсадида ташкил этилган. Республика бўйлаб 1000 га яқин ходимлар фаолият юритади.
Масофадан туриб ҳисоботлар тақдим этиш ҳамда видео-конференц-алоқа шаклида йиғилишларда иштирок этиш имконини берувчи планшетлар берилган. Бино ва иншоотлар билан таъминланган, қўмита харажатларига давлат бюджетидан пул ажратилади.
Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси
Шахсан Шавкат Мирзиёев кўрсатмаси билан ташкил этилган қўмитада ҳам катта жамоа ишлайди. Қўмита зиммасига аёллар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича умумэътироф этилган халқаро нормаларни миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, гендер тенглик масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қўшилган халқаро ҳужжатлар нормаларининг амалиётга жорий этилиши ҳамда унда белгиланган тавсиялар ижро қилиниши юзасидан мониторинг олиб бориш вазифаси ҳам юклатилган.
Қонунчилик палатасининг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузурида оила ва аёллар масалалари бўйича каттагина гуруҳдан иборат комиссия тузилган бўлиб, ўз фаолияти тўғрисида ҳар 6 ойда ҳисобот бериб боради.
Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси
Республика миқёсидаги бу катта комиссиянинг номи шу йил бошида ўзгарган. Аввалги номи – Республика Гендер тенгликни таъминлаш масалалари комиссияси эди.
Сенат кенгашининг қарори билан, комиссияга хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида гендер тенгликка эришиш, оилани мустаҳкамлашга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш вазифаси юклатилган.
Бундан ташқари, комиссия гендер тенгликни, хотин-қизлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган қонунчилик ҳужжатлари ижроси устидан тизимли назоратини амалга оширади ва бу ҳақида Ўзбекистон республикаси Олий Мажлис Сенатига маълумот киритиб боради.
Аёлларнинг бугунги аҳволи ҳақида тўғридан тўғри Сенатга ахборот киритувчи бу комиссиянинг қандай ахборот тақдим этаётгани бизга жуда қизиқ.
“Оила” илмий-амалий маркази
Оиланинг педагогик, психологик, ижтимоий-психологик, этнопедагогик, этнопсихологик муаммоларини ўрганиш ҳамда ривожланиш истиқболлари бўйича таклиф ва тавсиялар тайёрлаш билан шуғулланадиган бу марказ ҳам ҳамон жимликда. Бу ерда ҳам вилоят, шаҳар, туманлардан ташқари марказий тузилманинг ўзида 26 нафар ходим бор.
Марказда автомобил ажратилган, давлат бюджетидан молиялаштирилади.
“Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институти
Аввалги номи “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти эди. Институтга 3 та, жумладан, 2 та енгил ва 1 та навбатчи автотранспорт воситасини сақлаш учун лимит ажратилган, 34 нафар ходими бор.
“Гендер адолат етакчиси” жамоаси
Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси қошидаги “Гендер адолат етакчиси” жамоаси тузилиб, унга 80 нафар ёш саралаб олинган. Бу жамоа ҳам йиғилиш ўтказишдан бошқа бирор натижа қайд этмаган.
Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари
Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси томонидан тузилган бу марказларга катта миқдорда маблағлар ажратилган.
“Оқила аёллар” ҳаракати
Бу янги ҳаракат Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси қошида ташкил этилди. Ҳаракатнинг вазифаси аёллар, айниқса, ёш қизларга оилага ва ватанга садоқат, фидойилик, ташаббускорлик туйғуларини сингдириш, “одобли қиз” ва “маърифатли она” қиёфасини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишдан иборат. Маълумотларга кўра, ҳозир маҳаллаларда оқила аёллар рўйхати шакллантирилаётган экан.
Шундай рўйхат билан шакллантирилган яна бир кенгаш эса янада ажабланарли:
Қайноналар кенгаши
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан ташкил қилинган “Қайноналар кенгаши” қиз узатаётган ва келин олаётганлар рўйхатини тузиб, улар билан ишлайди. Ўзбекистондаги 8 мингдан ортиқ маҳалладаги кенгаш 21 мингдан зиёд оиланинг муаммосини ҳал этгани айтилса-да, оилаларда ёш аёлларнинг қурбон бўлиши ортиб бормоқда.
***
Умуман бу рўйхатдаги ҳамма тузилмаларнинг барчасига бюджетдан – халқнинг пулидан маош, машиналар, бинолар, ҳашамдор жиҳозлар ажратилади. Аммо улар асосий вазифасини бажармаяпти, аёлларни ҳимоя қилмаяпти.
“Касалини яширсанг, иситмаси ошкор қилади” деганларидек, тадбирлардаги гаплар ўз йўлига, ўлдирилган аёллар, етим қолган болалар рўйхати амалда нима эканини исботлаб қўйяпти. Ички ишлар идоралари эса бу масалада лом-мим демаслик йўлини танлашганига анча бўлган. Аёллар ва болалар ҳимоясига биринчи шайланиши лозим бўлган бу идоралар бугун фақат статистика учун жон куйдиришга қодир.
Унутган бўлсангиз эслатамиз, Хотин-қизлар қўмитасига хотин-қизлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш вазифаси ҳамда оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизларни зўравонлик ва тазйиқлардан ҳимоялаш бўйича қонун ҳужжатлари юзасидан тақдимномалар киритиш ҳуқуқи ҳам берилган.
Номи жарангдор, сони бор, сифати йўқ бу тузилмаларнинг қаторини яна давом эттириш мумкин, лекин уларнинг бирортаси аёллар манфаати учун хизмат қилмаяпти. Сайтларида эса фақат ўтказилаётган мажлислар, ҳисоботлар, тақдимотлардан бўлак ҳеч нарса топа олмайсиз.
Эътибор беринг: бундай ташкилотлар сони ўлдирилган аёллар сонидан ҳам кўп. Лекин ҳамма жим, ҳамма сукутда. Бу ҳаракатсизлик, жой куйдирмаслик, томоша қилишлик бизга жуда-жуда қимматга тушяпти.
Гулмира Тошниёзова, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Абдуқодир Тўлқинов.
Мавзуга оид
09:52 / 26.11.2024
10 ойда салкам 16 минг киши оиладаги зўравонлик учун жавобгарликка тортилди
17:03 / 25.11.2024
Ўзбекистонда «Зўравонликка қарши 16 кун фаоллик» тадбирларига старт берилди
19:44 / 18.11.2024
Хоразмда ўқувчининг онаси мактабга бориб, ўқитувчи аёлга ташланди
16:34 / 17.11.2024