Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фахрлантирадиган футболчилар. Жаҳон чемпионатида 3-ўринни олган Ўзбекистон ампутантлар жамоаси ватанга қайтишди
Футболда Испания, Италия каби топ жамоаларни ютиш тугул, улар билан ўйнаш ҳам имконсиздек туюлади. Аммо бир жамоамиз борки, жаҳон грандларини ҳам йирик ҳисобда мағлуб қила олади.
Туркияда ўтган ампутантлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 3-ўринни қўлга киритган матонатли футболчиларимиз Тошкентга қайтишди.
Қаҳрамонларни аэропортда уларнинг оила аъзолари, бир қатор расмийлар, ОАВ вакиллари ва мухлислар кутиб олишди.



Жамоа сардори, 3 карра жаҳон чемпиони Абдужамил Шукуров Туркияга (0:1) қарши яримфиналда мезбонларга «деворлар ҳам ёрдам берганини» таъкидлади: «2007 йилдан бери туркларни доим мағлуб этиб келардик. Лекин улар бу мусобақага йил давомида тайёргарлик кўришди, раҳбарияти катта эътибор қаратди. Охири ўз уйларида биздан устун келишди.

Рақиб тезкор гол уриб, қолган вақт давомида ҳимояланди. Улар фақат биздан хавфсираётганди. Майли, нима бўлса яхшиликка. Совриндорлар қаторига кира олдик. Кейинги мундиалларда ёшларимиз бронзани олтинга айлантиришади, Худо хоҳласа».
Азизхон Азимов Италия (5:1) билан ўйинда — фарзандлари туғилган кунда гол уриш имконини бергани учун жамоадошларидан миннатдор: «Италия билан ўйин куни эгизак фарзандларим туғилди. Йигитлар пенальтини менга бериб, ўзига хос совға қилишди. Голни биргаликда нишонладик».

Жамоанинг ёш аъзоларидан бири Умиджон Сирожиддинов интервью бераётиб, ота-онасини қучоқлаб олди ва кўзида ёш ила уларга ташаккур айтди: «Паралимпия спорт турларидан ҳам таклифлар бўлган, лекин футболни танлаганман. Мени ҳар доим қўллаб-қувватлаган, қаерда бўлсам ҳам, «пулинг борми?» деб қайғурган ота-онамга раҳмат дейман».

Чемпионат давомида 5та гол уриб, жамоа тўпурарларидан бири бўлган Қудрат Худойқулов турклар билан ўйин ва ундаги мезбон мухлисларнинг босими ҳақида гапирди: «Улар бу турнирга катта эътибор қаратишди. Финалга ҳатто Туркия президенти ташриф буюрди. Яримфинал ва финал баҳслари «Бешиктош» ҳамда «Галатасарой» клубларининг стадионларида ўтказилди.

Мухлислар ажойиб атмосфера яратишди. Тан олиш керак, мезбонларга қарши яримфиналда босимни ҳис қилдик».
Худойқуловнинг отаси Ботирали ака ўғлининг ютуқларидан хурсандлигини яширмади: «Ўғлимиз туғма ногирон. Аммо ёшлигидан кўчада болалар билан футбол ўйнарди. Унинг қизиқишини кўриб, махсус интернатга бергандик. 10 ёшидан бери футбол билан доимий шуғулланди, 17 ёшида жамоа билан Мексикадаги жаҳон чемпионатида ғолиб бўлди, асосий голлардан бирини урди.

Бу турнирда ҳам йигитлар жуда яхши ўйин кўрсатишди. Ҳамма ўйинни кўриб бордик. Омад. Халқимизни хурсанд қилишда давом этишсин».
Кутиб олишга чиққан мухлислардан бири Азиз Қодиров ампутантлар жамоасини муносиб тарзда мукофотлаш кераклигини айтди: «ЖЧда 3-ўринни олишди. Хурсандмиз. Кейингиларида чемпион бўлишсин.

Шу ўринда илтимос қилиб қолардим: бу йигитларга ҳам эътибор беришсин. Мана, ёшларимиз чемпион бўлганда «Malibu»лар бердик. Ампутантларга ҳам мотивация учун мукофотлар жуда ҳам керак».
P.S. Жаҳон чемпионати совриндорлари Ўзбекистонда қандай тақдирланишлари ҳақида ҳозирча янгилик йўқ. Умид қиламизки, ҳаёти давомида қийинчиликларни енгиб ўтган ва халқаро ареналарда Ўзбекистон номини дунёга танитаётган йигитларга соғлом спортчиларга бўлганидек эътибор қаратилади. Зеро, улар 2-3 ҳафта давомида тирикчилигини (кўп футболчилар бошқа касб ортидан рўзғор тебратишади) ташлаб, Ўзбекистон учун майдонда «жанг қилишди».
Мухбир — Аъзамжон Иззатиллаев,
Тасвирчи ва монтаж устаси — Боймирза Халилов
Мавзуга оид
15:20 / 12.02.2025
Ўзбекистон ампутантлар жамоаси Осиё чемпиони бўлди
22:00 / 09.10.2022
Ўзбекистон Ҳаитини мағлуб этиб, ампутантлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бронза медалига эга чиқди
00:04 / 08.10.2022
Ампутантлар ўртасидаги ЖЧ-2022. Ўзбекистон мезбон Туркияга мағлуб бўлиб, финалга чиқа олмади
00:26 / 03.10.2022