Ўзбекистон | 07:05 / 12.10.2022
9765
3 дақиқада ўқилади

Мактаб директори лавозимига номзодлар менежерлик сертификатини олиши керак бўлади

Фото: Shutterstock

“Мактаб директори лавозимига номзодларга менежерлик сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Халқ таълими вазирлиги тизимидаги мактабларда директор лавозимида фаолият олиб бориш ҳуқуқини берувчи менежерлик сертификатини бериш тартибини назарда тутувчи мактаб директори лавозими номзодларига менежерлик сертификатини бериш тартиби тўғрисида низом тасдиқланади.

Халқ таълими вазирлиги 2023 йил 1 январдан бошлаб А.Авлоний номидаги педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти тузилмасида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Халқ таълими ходимлари билим даражаси ва касбий маҳоратини баҳолаш маркази махсус портали орқали номзодларга бошқарув соҳасига оид билим кўникмаларини баҳолаш ва натижаси бўйича давлат намунасидаги менежерлик сертификатини электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва QR-код қўйилган электрон шаклда бериш тизимини жорий қилади.

Низомга кўра, умумтаълим мактаби директор лавозимига номзодлар бошқарув соҳасига оид билим кўникмаларини баҳолаш ва натижаси бўйича давлат намунасидаги менежерлик сертификатини бериш А.Авлоний номидаги педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти тузилмасида Халқ таълими ходимлари билим даражаси ва касбий маҳоратини баҳолаш маркази махсус портали орқали номзодларга электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва QR-код қўйилган электрон шаклда амалга оширилади.

Низом талаблари амалда фаолият олиб бораётган умумтаълим муассасалари директорларига татбиқ этилмайди. Сертификат 3 йил давомида амал қилади. Номзодлар сертификат амал қилиш муддати давомида ҳам навбатдан ташқари сертификат олиши бўйича тест синовларида иштирок этиши мумкин.

Мактаб директори лавозимига номзодлар менежерлик сертификатини олиш учун миллий-тадқиқот институтида махсус пулли дастурлар асосида жамоада ишлаш ва ота-оналар билан мулоқот қилиш, бошқарув, молиявий ҳисоб-китобларни амалга ошириш ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари кўникмаларига ўқитилади. Миллий-тадқиқот институтида махсус пулли дастурлар номзодлар ва институт томонидан тузилган шартнома асосида ўқитилади. Менежерлик курсида бир тингловчи ўқиш харажатлари миллий-тадқиқот институти томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Сертификат олиш учун номзодлардан базавий ҳисоблаш миқдори бир баравари миқдорида бир марталик тўлов ундирилади. Тўловлар миллий-тадқиқот институти бюджетдан ташқари ҳисобварақларига ўтказилади. Марказ фаолияти, ходимлар иш ҳақи тўловлари миллий-тадқиқот институти бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Номзодлар тест синовларига узрли сабабга (вақтинча меҳнатга қобилиятсизлиги, давлат ёки жамоат вазифаларини бажаргани, яқин қариндоши вафоти) кўра келмаган бўлса, улар тест синовлари бошқа муддатга кўчирилади ва тўлов суммаси такроран ундирилмайди. Менежерлик курсида ёки сертификат бериш тест синовларида умумтаълим мактаб директори лавозим малака тавсифларида белгиланган талабларига эга бўлган номзодлар иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид