Жаҳон | 12:26 / 13.10.2022
15080
3 дақиқада ўқилади

Россияда сафарбарлик бошланганидан бери 20 киши ҳарбий қисмлар ва йиғин пунктларида ҳалок бўлди

Россияда аниқ сони ҳозирча номаълум бўлган сафарбар қилинганларнинг айримлари ўз жонига қасд қилган, гиёҳванд моддаларни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиб юборган, алкоголдан заҳарланган ва соғлиғи билан боғлиқ муаммолардан вафот этган.

Фото: РФ Мудофаа вазирлиги

Россияда ҳарбий қисмлар ва йиғин пунктларида сафарбарлик бошланганидан бери, очиқ маълумотларга кўра, фронтга ҳали етиб бормаган 20 га яқин киши ҳалок бўлган. 12 октябр, сешанба куни Екатеринбургнинг 32-ҳарбий шаҳарчасида Челябинск областидан сафарбар қилинган 27 ёшли йигит ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар эълон қилинди. Уралда сафарбар қилинганлар билан боғлиқ вазиятни назорат қилувчи Давлат думаси депутати Максим Ивановнинг сўзларига кўра, ўлимга гиёҳванд моддаларнинг ҳаддан ташқари кўп дозаси сабаб бўлган.

Худди шу куни Свердловск областида яна бир сафарбар қилинган фуқаро ҳаётдан кўз юмгани ҳақида маълум бўлди. 1989 йилда туғилган эркакнинг ўлимига юрак фаолияти тўхтаб қолиши сабаб бўлган.

9 октябр куни РИА «Новости» ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига таяниб, Ёқутистондаги йиғилиш пунктида сафарбар қилинган эркак иккинчи қаватдаги деразадан қулаб тушиб, ҳалок бўлганини хабар қилди.

«Бумага» нашрининг 6 октябр куни хабар беришича, Каменка қишлоғида сафарбар қилинган камида уч киши ҳалок бўлган. Икки нафарида юрак етишмовчилиги бўлган, учинчиси – 28 ёшли Санкт-Петербурглик йигит машғулотлар вақтида ўзига автоматдан ўқ узган.

Новосибирскдаги сафарбарлик пунктида икки эркак ҳалок бўлди. Маҳаллий «Сибкрай» нашрига кўра, бири зўравонликдан, яна бири уйқусида юрак фаолияти тўхтаб қолишидан вафот этган. Бундан ташқари, «Вёрстка» лойиҳаси аввалроқ Пенза, Омск, Новосибирск, Владивосток, Кабардино-Балкария ва Свердловск областида сафарбар қилинган камида тўққиз кишининг ўлими ҳақида хабар берган.

Россия президенти Владимир Путин 2022 йил 21 сентябрда Украинадаги урушда йирик йўқотишлар, шунингдек, Украина қўшинларининг муваффақиятли қарши ҳужуми фонида (Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотларига кўра, 63 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган) «Россияда қисман сафарбарлик эълон қилиш тўғрисида»ги фармонни имзолади. Фармонда сафарбар қилиниши керак бўлган фуқаролар сони махфийлаштирилган. Расмий вакиллар 300 мингга яқин киши ҳақида маълум қилган, бироқ баъзи оммавий ахборот воситалари ҳукумат доираларидаги аноним манбаларга таяниб, камида 1 миллион одамни сафарбар қилиш режалаштирилганини хабар беришди.

Россиянинг замонавий тарихида биринчи марта сафарбарлик эълон қилинди. Бунгача Россия империясида 1914 йилда Биринчи жаҳон уруши даврида ва 1941 йилда СССРда Иккинчи жаҳон уруши даврида сафарбарлик амалга оширилган.

Мобилизация бошланганидан бери бир неча юз минг потенциал ҳарбий хизматчилар Россиядан қўшни давлатларга қочиб кетишган. Уларнинг аксарияти Қозоғистон ва Грузиядан бошпана топган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид