Ўзбекистон | 23:17 / 13.10.2022
53761
3 дақиқада ўқилади

“Россиядаги кичик бизнесимни сотиб, Ўзбекистонда ишламоқчиман” — Москвадан илк марта Тошкентга келган Юрий

Тушлик қилаётган столим қаршисида ўтирган йигит диққатимни тортди. Сочлари жуда ўсиб кетганидан ташқари, у ошни жуда ноодатий тарзда еяётганди. “Меҳмонмисиз, Россиядан келдингизми?” сўрадим ундан. “Ҳа, қаердан билдингиз? Қиёфамга қараб бўлса керак а?” кулди у. “Йўқ, биздаги руслар ошни сиз каби санчқида ва титкилаб ейишмайди” дея жавоб бердим. Бироз кулишдик ва суҳбатимиз бошланиб кетди.

Фото: KUN.UZ

– Исмим Юра, фамилиям Землямеров, 33 ёшдаман. Москва областининг Раменское районида яшайман. Касбим токарь. Кичик корхонам, яъни бизнесим бор. Ўзбекистонга, Тошкентга яқинда келдим, – гап бошлади меҳмон.

– Нега айнан Ўзбекистонни, Тошкентни танладингиз?

– Тошкентга биринчи марта келишим. Лекин Россияда жуда кўп ўзбек дўстларим бор эди, ҳозир ҳам бор. Кўпчилик кузатган вазиятдан кейин мен Тошкентда яшовчи дўстим Зафар билан боғландим ва келишим мумкин ёки йўқлиги билан қизиқдим. Дўстим ҳеч нарсани ўйламай дарҳол келишни тавсия қилди. Мана, ёнингиздаман.

– Оилангиз билан келдингизми, қаерда яшаяпсиз?

– Ҳали уйланмаганман, сўққабошман. Дўстларим уйларига таклиф қилишди, лекин бориш ноқулай бўлди. Дастлабки икки кун ҳостелда яшадим, кейин меҳмонхонага кўчиб ўтдим. Ҳозир доимий яшаш учун ижарага хонадон қидиряпман. Афсуски, кўп жойда кузатилгани каби Ўзбекистонда ҳам ижара нархлари сезиларли ошибди. 400 долларга ўзимга яраша уй топа олмаяпман. Бу анчагина қиммат.

– Биринчи марта келишингиз экан, таассуротларингиз қандай?

– Ҳайратдаман. Ўзбекистонда ким билан кўришсанг, суҳбатлашсанг, албатта меҳмонга таклиф қиларкан, ёрдам беришни истаркан. Балки бу шунчаки мулозаматдир, лекин барибир одамнинг кўнгли кўтарилади.

Озми-кўпми дўстлар орттирдим, мана, сиз билан ҳам танишдим ва бундан хурсандман. Таомларингиз, меваларингиз мазасига эса гап бўлиши мумкин эмас. “Ўзбекистонда парҳез сақлашнинг иложи йўқ” дейишарди, рост шекилли.

– Юрий, истаймизми йўқми, сиёсий вазият тўғрисида савол беришга мажбурман...

– Қўйинг шу мавзуни, очиғи, гапиришни ҳам истамайман. Ватанимни ташлаб шу ерларда юрганим ўша жараёнларга бўлган муносабатимни англатса керак. Фақат бир нарсани алоҳида таъкидлашни истардим – бизда ҳам, ҳатто Ўзбекистонда ҳам Украинада миллатчилик жуда кучли, маҳаллий аҳоли русларни мунтазам камситади, деган тушунча бор экан. Шахсан ўзим Украинага бир неча марта борганман ва етарлича муддат бўлганман. Бирор марта, таъкидлайман, бирор марта миллатим рус бўлгани учун қандайдир ўзгача муносабатни сезмаган. Оддий инсонлар бир-бирига ёмонлик тиламайди.

– Режаларингиз қанақа, Ўзбекистонда вақтинча бўласизми?

– Аксинча, ўша кичик ишлаб чиқарув корхонамни ҳам сотиб, бу ерда ишимни ташкиллаштирмоқчиман. Жуда узоқ келажак бўйича бир нарса дейишим қийин, лекин яқин орада қайтиш ниятим йўқ.

Мен темир билан боғлиқ ҳар қандай мосламалар билан ишлашга жуда қизиқаман. Қўлимдан анча-мунча ишлар келади. Ҳозир иш қидиряпман, яхши таклифлар бор. Ўйлайманки бу ерда ҳам ҳунарим ортидан ўрнимни топа оламан.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Аброр Зоҳидов
Муаллиф Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид