Путин Қрим кўпригидаги портлаш, сафарбарлик ва Байден билан музокаралар ҳақида гапирди
МДҲ давлат раҳбарлари кенгашининг Қозоғистонда бўлиб ўтган йиғилишидан сўнг Владимир Путин матбуот анжуманида сўзга чиқди, унда кўплаб масалалар кўтарилди.
РФ президентига сафарбарлик муаммолари ва муддатлари, Украинадаги ҳарбий амалиётлар, АҚШ президенти Жо Байден билан эҳтимолий музокаралар ҳақида савол берилди.
Сафарбарлик ҳақида:
– Украинадаги тўқнашув чизиғи узунлиги 1,1 минг километрни ташкил этади, уни фақат контрактчи ҳарбий хизматчилар билан ушлаб туришнинг иложи йўқ, шунинг учун сафарбарлик эълон қилинди;
– Ҳозир 222 минг киши сафарбар этилган. Икки ҳафта ичида барча сафарбарлик тадбирлари якунланади. Янги чақирув режалаштирилмаган, Мудофаа вазирлигидан сафарбарлик бўйича янги таклифлар келиб тушмаган;
– Сафарбар қилинганларнинг 33 минг нафари ҳарбий қисмлар таркибига киритилган, улардан 16 минг нафари жанговар топшириқларни бажармоқда;
– Барча сафарбар этилганлар мажбурий ҳарбий тайёргарликдан ўтишлари шарт.
Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар ҳақида:
– Айни пайтда Украинага янги оммавий зарбалар беришга эҳтиёж йўқ, Россия ҳарбийлари олдида бошқа вазифалар турибди;
– Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги ракета ҳужумларининг дастлабки тўлқинида «барча зарур объектлар»га зарба бера олмади ва ҳозир зарба бериш жараёни «якунланмоқда»;
– Россия ўз олдига Украинани йўқ қилиш вазифасини қўймаган;
– Украина ҳукумати рус қўшинлари Киев остонасини тарк этиши биланоқ музокаралар олиб бориш истагини йўқотди. Россия ҳар доим музокаралар учун очиқ эканини айтиб келади.
Қрим кўпригидаги портлаш ҳақида:
– ФХХ (ФСБ) маълумотларига кўра, портловчи моддалар Одессадан денгиз орқали юборилган, аммо дон ташувчидан фойдаланилганми ёки йўқми ҳозирча маълум эмас. Ҳозирча бу саволга жавоб йўқ. Агар дон ташиш йўлагидан терактлар тайёрлаш учун фойдаланилгани аниқланса, бу ғалла битимини шубҳа остига қўяди, аммо ҳозирча бундай маълумот йўқ.
Байден билан музокаралар ўтказиш имконияти ҳақида:
– Мен билан суҳбатга тайёр ёки йўқлигини Байденнинг ўзидан сўрашимиз керак. Ҳозирча музокараларга эҳтиёж сезмаяпман. У ерга [G20 саммитига] боришим масаласи ҳали тўлиқ ҳал этилмаган.
Москвада Украина мусиқасини тинглаган эркакнинг ҳибсга олиниши ҳақида:
– Биз рус маданиятини йўқ қилишга бўлган уринишлардан аччиқланамиз ва шу йўлдан бормаслигимиз керак. Агар Украина раҳбарияти нацизмни қўллаб-қувватлаш мумкин деб ҳисобласа, бунинг Украина маданиятига ҳеч қандай алоқаси йўқ.
«Бирор нарсадан афсусланасизми?» деган саволга жавоб:
«Йўқ. Бугун содир бўлаётган воқеалар, юмшоқ қилиб айтганда, ёқимсиз. Аммо биз барибир кейинроқ, ўзимиз учун ёмонроқ шароитда шундай ҳолатга тушган бўлардик. Шунинг учун биз тўғри ва ўз вақтида ҳаракат қиляпмиз».
Аввалроқ, МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида Путин давлат раҳбарларини ҳар қандай можаро ва келишмовчиликларни ҳал қилишда «яхши ният» билан иш тутишга чақирган эди. Шу билан бирга, у Россиянинг Украинага бостириб кириши ҳақида гапирмади, бунда ўн минглаб тинч аҳоли ва ҳарбийлар ҳалок бўлди.
«МДҲ доирасидаги муносабатлар ижобий бўлса-да, афсуски, баъзида келишмовчиликлар ва низолар пайдо бўлмоқда. Албатта, қаерда пайдо бўлишидан қатъи назар, биз юзага келган вазиятдан чиқиш йўлини топишга ҳаракат қилишимиз керак. Яхши ният, менимча, ҳаммада бор, биз бу хайрихоҳликдан максимал даражада фойдаланишимиз керак», деди Путин.
У воситачилик саъй-ҳаракатларини амалга ошираётган барча мамлакатлар Россия Федерацияси томонидан олқишланишини қўшимча қилди, «агар улар вазиятни тинчлантиришга, можароларнинг барча иштирокчилари манфаатини ҳисобга олинишига хизмат қилса». Россия раҳбари «АҚШ ва Европадан ҳамкорлар»ни ҳам тилга олди.
Путин йил охирида Санкт-Петербургда МДҲ давлатларининг барча раҳбарлари иштирокида норасмий учрашув ўтказишни таклиф қилди.
Қозоғистон пойтахтида бўлиб ўтган саммитда Озарбойжон, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Туркманистон, Тожикистон ва Ўзбекистон президенти иштирок этди.
Мавзуга оид
14:22
Париж: Украина Россия ҳудудига SCALP ракеталари билан зарба йўллаши мумкин
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
22:08 / 23.11.2024
Путин Курск областини қайтариш муддатини белгилади — Зеленский
17:55 / 23.11.2024