Жаҳон | 13:55 / 15.10.2022
22486
9 дақиқада ўқилади

«Болгар соябони»: КГБ коммунистик тузумга қарши бўлган болгариялик сиёсий қочоқни қандай заҳарлаганди? (2-қисм)

1978 йилда 12 кун ичида Франция ва Буюк Британиядан сиёсий бошпана олган икки нафар болгарияликка суиқасд уюштирилади. Парижда бўлган журналист, Болгария давлат хавфсизлик қўмитаси собиқ ходими Владимир Костов тирик қолади. Лондонда яшаётган машҳур ёзувчи Георгий Марков эса вафот этади. Ўшанда КГБ ҳар икки суиқасдда соябон билан ниқобланган махсус қуролдан фойдаланганди.

Фото: epicenter.bg

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Шарқий Европадаги бир қанча давлат совет иттифоқи таъсирига тушиб қолади. Уларда ҳам СССРда бўлганидай коммунистик партия яккаҳокимлиги ва маъмурий буйруқбозликка асосланган тузум ўрнатилади.

Бундан ташқари, хусусий мулкчиликка барҳам берилиб, одамлардан ер-мулклари тортиб олинади ва жамоа хўжаликлари тузилади. Минг йиллар давомида хусусий мулкчиликка асосланган жамиятда яшаган одамлар ерлари тортиб олиниб, жамоа хўжалигига қўшиб юборилишига кўникиши қийин бўлади.

Ана шундай ҳолатда 1950-йилларда аввалига Полшада, кейинчалик Венгрияда коммунистик режимга қарши кенг кўламда намойишлар ўтказилади. 1978 йилда Прагада коммунистик тузумга қарши намойишлар бўлиб ўтади. Уларнинг барчаси Москва томонидан аёвсиз бостирилади.

Шундан сўнг 1990 йилгача Шарқий Европада яшовчи халқлар коммунистик тузумда яшашга мажбур бўлади. Маъмурий буйруқбозликка асосланган, инсон ҳуқуқлари топталадиган жамиятда яшашни хоҳламаганлари эса Ғарб давлатларига қочиб кетади.

Ана шулардан бири аввалига Болгария хавфсизлик хизмати билан ҳамкорлик қилган журналист Владимир Костов эди. У узоқ йиллар мобайнида турли газета ва журналларда бош муҳаррирлик қилиш билан бирга Болгария хавфсизлик кучлари сафида ҳам фаолият олиб боради.

Фото: epicenter.bg

Костовни Парижга Болгария телевидениеси мухбири сифатида юборишганидан бироз ўтиб, у Франциядан сиёсий бошпана сўрайди. Шундан сўнг КГБ уни соябон ёрдамида заҳарлайди. Аммо Костов тирик қолади.

Бугун «Болгар соябони» дейилса, инсонни заҳарловчи қурол тушунилади. Мазкур ибора пайдо бўлишига 1978 йилда КГБ томонидан коммунистик тузумга мухолиф ҳолда Ғарб давлатларидан бошпана олиб яшаб юрган Владимир Костов ва Георгий Марковнинг айнан соябон билан ниқобланган махсус қурол ёрдамида заҳарланиши сабаб бўлган.

Владимир Костов ҳақида

Владимир Костов 1932 йилда Болгария пойтахти София шаҳрида туғилган. Иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг ўрта мактабни битириб аввал комсомол, сўнг Болгария коммунистик партияси сафига кирган.

1956-1969 йиллар оралиғида ўнгга яқин турли газета ва журналларда ишлайди. Ана шу пайтларданоқ у давлат хавфсизлик қўмитасининг норасмий ходими сифатида Болгария КГБ билан ҳамкорлик қила бошлайди.

1966 йилда Владимир расмий равишда Болгария давлат хавфсизлик қўмитасига ишга қабул қилинади. Шундан сўнг у Болгариядаги турли ОАВда журналист ниқоби остида ўз ишини давом эттиради. Хизмати давомида у майор унвонигача олади.

1969-1971 йилларда Владимир Болгария давлат радиосида ишлайди. 1974 йилда у Болгария телевидениесининг Франциядаги мухбири этиб тайинланади ва Парижга кўчиб ўтади.

Сиёсий бошпана сўраш ва коммунистик тузумга қарши тарғиботлар

1977 йилда Владимир Костов Франция ҳукуматидан сиёсий бошпана сўрайди. Унинг таржимайи ҳоли»дан яхши хабардор бўлган Франция хавфсизлик хизмати уни обдан текширади. Владимир рол ўйнамаётганига ишонч ҳосил қилингандан сўнг унга Франция сиёсий бошпана беради.

Давлат хавфсизлик қўмитасининг майор даражасидаги ходими Франциядан сиёсий бошпана олиши Болгарияда нохушлик билан қабул қилинади. Бунинг устига, Костов Болгария КГБ ҳақида ўзида бўлган барча махфий маълумотларни французларга тақдим этади.

Владимир Костов 1990-йилларда

Бундан ташқари, у Болгарияда ҳукмронлик қилиб турган коммунистик партия раҳнамоларига, Болгарияни коммунистик тузумда куч билан ушлаб турган совет иттифоқига қарши тарғиботларни бошлаб юборади.

Буларнинг барчаси Тодор Живков бошчилигидаги Болгария раҳбариятини қанчалик ташвишлантирса, Андропов бошчилигидаги КГБга ҳам шунчалик ёқмасди.

Суиқасд

Владимир Костовнинг Париждан туриб коммунистик тузумни танқид қилиши нафақат Болгария раҳбариятининг, балки Болқондаги бу давлатни зимдан бошқариб келаётган совет иттифоқининг ҳам манфаатларига зид эди.

1968 йилда Чехословакиянинг янги раҳбарияти коммунистик тузумдан воз кечишини эълон қилиши ортидан совет армияси бу мамлакатга бостириб кирган ва Прагадаги намойишлар қонли йўл билан бостирилганди.

Москванинг бу зўравонлиги ортидан Шарқий Европадаги СССР назоратида бўлган давлатлар аҳолисида советларга нисбатан нафрат баттар кучайганди.

Ана шундай ҳолатда КГБ Шарқий Европа мамлакатларида ҳукмрон бўлган коммунистик тузумлар ва СССРга қарши қилинаётган тарғиботларга шунчаки кўз юма олмасди. Шу сабабли Владимир Костовга қарши суиқасд уюштиришга қарор қилишади.

Суиқасддан бироз аввал Костов Болгария давлат хавфсизлик қўмитасига тегишли кўплаб махфий маълумотларни Франция ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига топширгани учун ватанида унга нисбатан жиноят иши очилади. Суд Костовни сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилади.

1978 йил 26 август куни Костов Париж метросидан чиқаётганида танасида оғриқ сезади.

Оғриққа чидай олмаган Костов ўша заҳоти шифохонага боради. Врачлар унинг танасига қандайдир темир буюм жароҳат етказган деб ўйлашади ва унинг асорати бутун танага тарқалиб кетишининг олдини олишади. Костовни эгнидаги қалин кийими асраб қолади.

Врачлар муолажа пайтида жароҳатни тозалаётиб ўзлари билмаган ҳолда заҳарли капсулани ҳам чиқариб ташлашади. Шу тариқа Костов тирик қолади.

Ўшанда КГБ ходими қўлидаги соябон-қурол билан Париж метросидан чиқаётган Костовга рицин (заҳар номи) солинган капсулали ўқни жойлайди. Аммо ўша пайтда Костов ўзига суиқасд уюштирилганини билмайди.

КГБ томонидан тайёрланган махсус соябон-қурол / Фото: blogs.loc.gov

Суиқасднинг фош бўлиши

Ўша пайтда Костов КГБ ўзига суиқасд уюштирганини билмасди. Орадан ўн икки кун ўтиб, 1978 йил 7 сентябр куни Лондонда яна бир болгариялик мухолиф, коммунистик тузумнинг ашаддий танқидчиси, ёзувчи Георгий Марков соябон ёрдамида заҳарланади.

Оғир аҳволда шифохонага ётқизилган Марков шифохонада 4 кун ётиб вафот этади. У ўлимидан аввал гавжум бекатда ўзига нотаниш киши урилиб кетганини, ўша пайтда унинг қўлидаги соябоннинг учи оёғига суқилганини айтиб беради.

Шифокорлар Марковнинг танасидан заҳар солинган кичик капсулани топиб олишади ва шу тариқа унинг КГБ томонидан заҳарлаб ўлдирилгани бутун дунёга ошкор бўлади.

Георгий Марков / Фото: elespectador.com

Марковнинг соябон ёрдамида заҳарланганини эшитган Костов ҳам ўзига КГБ суиқасд уюштирганини ана шунда билади. Шу тариқа КГБ ўн икки кун ичида икки нафар болгариялик мухолифга суиқасд уюштиргани бутун дунёга ошкор бўлади. Шундан сўнг заҳарлаб ўлдириш маъносини англатувчи «Болгар соябони» ибораси пайдо бўлади.

Ўшанда, Георгий Марковнинг вафотидан сўнг Буюк Британия махсус хизматлари қотилни қидириб топа олмайди. Барча гумон СССР ва Болгария давлат хавфсизлик қўмитаси ходимларига қаратилади.

1994 йилда собиқ КГБ генерали Олег Калугин Лондонга келганда Буюк Британия полицияси – Скотланд Ярд ходимлари уни Марковга қилинган суиқасд ташкилотчиси сифатида гумонлаб, бир неча соат сўроқ қилишади. Калугин бу ишда иштироки йўқлигини, барчасини Болгария давлат хавфсизлик қўмитаси аъзолари амалга оширганини айтиб, барча тафсилотларни ошкор қилади.

Собиқ КГБ генерали Олег Калугин / Фото: alamy.com

Коммунистик тузум қулаганидан сўнг

Владимир Костов тирик қолганидан сўнг уни доимий равишда полиция қўриқлай бошлайди. 1990-йиллар охирига келиб Шарқий Европа давлатлари қатори Болгарияда ҳам коммунистик тузумга қарши намойишлар бошланиб кетади.

1989 йилда Болгарияда сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар бошланади. 1990 йил 15 ноябрдан бошлаб мамлакатнинг номи Болгария Халқ Республикасидан Болгария Республикаси деб ўзгартирилади.

1990 йил 3 апрел куни Болгарияда коммунистик партия тугатилиб, ўрнига Болгария социалистик партияси тузилади ва собиқ коммунистларнинг аксарияти шу партия сафига ўтади.

Болгарияда коммунистик тузум қулатилгач тарихда бўлиб ўтган жуда кўп ишлар қайта кўриб чиқилади. Жумладан, бир пайтлар Костовга қўйилган барча айблар олиб ташланади ва у оқланади.

Шундан сўнг яна бир неча йил Францияда яшаган Костов Болгарияга қайтиб келади. У ҳозир 90 ёшда ва Болгарияда яшамоқда.

Владимир Костов 85 ёшида / Фото: 24chasa.bg

«Болгар соябони» асари

Кейинчалик, Владимир Костов «Болгар соябони» номли автобиографик асар ёзиб чоп эттиради. Унда Костов Болгария давлат хавфсизлик қўмитаси таркибида ишлаган пайтлари, Франциядан сиёсий бошпана сўраши ва КГБ томонидан ўзига уюштирилган суиқасд тафсилотларини батафсил ёзган.

Бундан ташқари, Болгария хавфсизлик қўмитаси собиқ ходими ўз китобида КГБ томонидан Лондонда суиқасд уюштирилган ёзувчи Георгий Марковнинг қандай заҳарлангани ҳақидаги маълумотларни ҳам келтирган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид