Жаҳон | 21:41 / 19.10.2022
16624
2 дақиқада ўқилади

Ерга кучли магнит бўронлари ёпирилиши кутилмоқда 

Ер сайёрасини сўнгги йиллардаги энг узоқ вақт давом этадиган кучли магнит бўронлари кутмоқда. Бу об-ҳаво ўзгаришларига таъсирчан одамларнинг соғлиғига хавф солиши мумкин. 

Фото: Depositphotos

Астрономларнинг таъкидлашича, яқин кунларда ҳамма нарса бир нуқтада бирлашади: стресс, кузнинг энг қийин даври ва қаторасига 17 кунлик магнит бўронлари. Ҳатто мутлақо соғлом одамлар ҳам Қуёшнинг бунчалик «безовталаниши»дан ўзини нохуш ҳис қилиши мумкин. 

Магнит бўронларининг дастлабки белгилари 20 октябрь куни пайдо бўлади. «Атмосфера безовталаниши» 4 баллга баҳоланган. Одатда бундай бўрон аҳамиятсиз ҳисобланади. У техникалар ёки соғлиқ учун жиддий салбий оқибатларни келтириб чиқармайди.  

«Юқори фон 21 октябргача сақланиб туради. Сўнгра, 4-5 кун давомида «тинчланади». Шундан сўнг, қаторасига 17 кунлик магнит бўронлари кузатилади», деб огоҳлантиради мутахассислар. 

Россия фанлар академиясининг Қуёш астрономияси лабораторияси хабарига кўра, 30 октябр, 2- ва 5-ноябр кунлари «безовталаниш» ниҳоятда кучаяди. 

«Қуёшдаги доғларининг катта гуруҳи чақнаш манбаи ҳисобланади. Айримларининг ўлчами Ер сайёрасидан ҳам катта. Ҳозир ҳаммаси тинч, қуёш фаоллиги паст. Қуёш дискининг юзасидаги доғлар оддий магнит майдонларга эга. Лекин бу сукунат алдамчи», дейилади лаборатория хабарида. 

Шифокорлар узоқ давом этадиган магнит бўронига олдиндан тайёргарлик кўришни маслаҳат беришади. Бунинг учун соғлом турмуш тарзини олиб бориш, тўйиб ухлаш, кўпроқ дам олиш, иложи бўлса, асабийлашишдан сақланиш талаб этилади. Тоза ҳавода сайр қилиш ҳам фойдали. 

Сурункали касаллиги бўлган одамлар шифокорлар томонидан белгиланган дори-дармонларни қатъий равишда жадвалга мувофиқ қабул қилиши лозим. Енгил ва оддий овқатлар истеъмол қилиш, кўпроқ сув ичиш тавсия этилади.

Мавзуга оид