Ўзбекистон | 14:18 / 20.10.2022
9313
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда беморнинг ўғли томонидан 57 ёшли шифокорнинг дўппослангани ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилди

Шифокорни калтаклаган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 109-моддаси (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Kun.uz’да Қашқадарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизматининг маълумотига асосланиб, 2022 йил 14 октябр куни кечки пайт Ғузор тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли шифохонага олиб келинган беморнинг 25 ёшлар атрофидаги ўғли 57 ёшли шифокорни дўппослагани ҳақида хабар берилганди.

Аммо вилоят ИИБ ахборот хизмати шифокор бир киши эмас, бир неча киши томонидан дўппосланганини маълум қилди.

«2022 йил 14 октябр куни Ғузор тумани тиббиёт бирлашмаси шошилинч тез тиббий ёрдам хизмати жонлантириш бўлимига юқори қон босими ташхиси билан Ғузор тумани Мустақиллик маҳалласида яшовчи Д.О.олиб келинган. Орадан ҳеч қанча фурсат ўтмасдан Д.О.нинг турмуш ўртоғи ва болалари шифохонада жанжал қилиб, шифокор Т.Ҳ.ни уриб тан жароҳати етказган», дейилади вилоят ИИБ ахборот хизмати муносабатида.

Қайд этилишича, 2022 йил 14 октябр куни Ғузор тумани ИИБ томонидан жабрланувчи шифокорнинг аризаси қайд қилинган. Ушбу ҳолат юзасидан 2022 йил 19 октябр куни Ғузор тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки суриштирув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид