Жаҳон | 08:45 / 20.10.2022
7147
2 дақиқада ўқилади

Европа иттифоқи Украинага қўшимча гуманитар ёрдам беради

Европа иттифоқи rescEU механизмидан Украинанинг бир қатор минтақаларида вақтинчалик қишки бошпаналарни қуриш учун фойдаланади. Киевга инсонпарварлик ёрдами 150 миллион еврога ошади, деди инқирозни бошқариш бўйича Европа комиссари Ленарчич.

Фото: Reuters

19 октябр, чоршанба куни Еврокомиссия Украинага қўшимча гуманитар ёрдам етказилишини эълон қилди. «Келаётган қиш Украинага жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин ва биз бунга тайёр бўлишимиз керак», - деди Киевга ташриф буюрган инқирозларни бошқариш бўйича Европа комиссари Янез Ленарчич.

Хусусан, гап вақтинчалик қишки бошпаналарни яратиш ҳақида бормоқда, бунинг учун rescEU фавқулодда вазиятлар механизми ишга туширилади. Умуман олганда, Украинага умумий қиймати 62,3 миллион евро бўлган бундай тизимлар ва бошқа буюмлар захираси ўтказилади.

Қишки бошпаналар зудлик билан Украинанинг уч хил минтақасида - Ривне, Буча ва Харкивда жойлаштирилади, деди Ленарчич. Руминияда жойлашган уй-жой захираси билан Европа иттифоқи 46 минг кишига вақтинчалик бошпана бериши мумкин бўлади.

Бундан ташқари, Европа иттифоқи аҳолининг энг заиф қатламларини таълим ва озиқ-овқат, сувдан фойдаланиш ва қиш совуғидан ҳимоя қилиш учун яна 175 миллион евро ажратиб, гуманитар ёрдамни кучайтирмоқда. Шундан 150 миллиони Украинадаги операцияларга, 25 миллиони Молдовага йўналтирилади, дея таъкидлади Брюссел. Шу тариқа, Украинадаги урушга жавобан ЕИ томонидан ажратилган гуманитар ёрдамнинг умумий миқдори 500 миллион евродан ошади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид