35,6 млрд сўм зарар етказилган — Бош прокуратура Термизнинг собиқ ҳокими қўлга олиниши бўйича қўшимча маълумот берди
Термиз шаҳри собиқ ҳокими ва икки ўринбосари устидан очилган жиноят иши доирасида 7 нафар эмас, 11 нафар шахс қамоққа олингани ойдинлашди. Зарар миқдори ҳам бирламчи хабарлардагидан кўпроқ – 35,6 млрд сўм. Бу коррупцион жиноят бир ой давомида жамоатчиликдан яшириб келинди. Бош прокуратура матбуот хизмати ОАВдаги хабарлардан кейингина бу ҳақда расмий маълумот берди.
Бош прокуратура Термиз шаҳрининг собиқ ҳокими Исроил Худойбердиев, унинг икки нафар ўринбосари ва бошқа мансабдорларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича ниҳоят расмий ахборот берди.
Унда келтирилишича, Термиз шаҳар ҳокимлиги собиқ мансабдор шахсларига нисбатан Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 167- (талон-торож), 205- (ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209-(мансаб сохтакорлиги) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
24 сентябр куни Термиз шаҳар собиқ ҳокими, кейинчалик унинг 2 нафар ўринбосари ва жиноятга алоқадор бошқа 8 нафар шахсга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳозиргача Термиз шаҳар ҳокимияти собиқ мансабдор шахслари томонидан давлат ва жамият ҳамда тадбиркорларнинг манфаатларига 35,6 млрд сўм зарар етказилгани аниқланган.
“Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди”, дейилади Бош прокуратуранинг Telegram-каналида эълон қилинган баёнотда.
Kun.uz аввалроқ, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига таяниб, Исроил Худойбердиев ва бошқалар томонидан давлат бюджетига етказилган моддий зарар миқдори 19,7 млрд сўм экани ҳақида хабар берганди.
Gazeta.uz эса ҳибсга олинган мансабдор шахслар “Яшил дунё” савдо мажмуаси қурилиши давомида 14,8 млрд сўмни ўзлаштирганликда гумонланаётгани ҳақида ёзганди.
ЎзА мазкур жиноят иши бевосита Бош прокуратура томонидан қўзғатилгани, Gazeta.uz эса тергов ҳаракатлари Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан олиб борилаётганини маълум қилганди.
Шунга қарамай, Kun.uz мухбири билан суҳбатда Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов бу кейс бўйича маълумотга эга эмаслигини билдирганди.
Маҳкама собиқ ҳокимга нисбатан қўзғатилган йирик жиноий иш ҳақида бир ой давомида нима сабабдан сукут сақланиб келгани эътиборга молик. Бош прокуратура бу коррупцион ҳолат ҳақида ОАВда хабар тарқалганидан кейингина бу ҳақда расмий маълумот бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили қабул қилинган президент фармонига биноан, давлат хизматчиларининг касбий фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид ишлар бўйича суд мажлислари телеканаллар ва интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилиши керак.
Президент фармонидаги бу талаб бажарилмаяпти. Хусусан, Жиззах вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Акром Раҳмонқулов ва бошқалар устидан ўтказилган суд жараёнлари халқдан яширилган эди. Шундан кейин ўтказилган яна ўнлаб давлат хизматчилари устидан судларнинг бирортаси интернет ва ТВда эфирга узатилмади.
Президентнинг коррупцияга қарши курашишга оид бошқа бир фармонидаги яна битта талаб ҳам бажарилмаяпти. Масъуллар коррупционерлар реестрини юрита бошлашни пайсалга солмоқда – фармонда белгиланган муддатлар аллақачон ўтиб кетган.
Мавзуга оид
17:59 / 20.11.2024
Президент норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик билан муҳокама қилинмаётганига эътироз билдирди
16:25 / 19.09.2024
«Судга ижтимоий босимнинг олдини олиш учун жараён ёпиқ ўтказиляпти» – Судялар олий кенгаши Азиз Воитов иши ҳақида
15:31 / 12.09.2024
Азиз Воитов суди ёпиқ тарзда кўриладиган бўлди
19:53 / 10.09.2024