Аватар робот, даволовчи нимча, буткул яроқсиз тупроқдан ҳосил олиш — ўзбек ёшларининг янги ишланмалари
“InnoWeek.Uz-2022” инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида ўзбек ёшларининг юздан ортиқ лойиҳалари тақдим этилди. Улар орасида 10дан ортиқ касалликларни даволашга ёрдамлашувчи нимча, қандли диабет беморлари учун махсус оёқ кийимлар ҳам бор.
17-21 октябр кунлари Инновация вазирлигининг анъанавий “InnoWeek.Uz-2022” ҳафталиги бўлиб ўтди. Ҳафталик доирасида “Инновацион ғоялар етакчиси” ва “TechnoWays” технологик марафони ғолиблари ҳам аниқланди. Kun.uz танлов иштирокчилари билан суҳбатлашди.
Қорақалпоқ ва ўзбек тилларидаги хатоларни аниқловчи дастур
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети математика факультети талабаси Асадбек Қогамбаев ва Нукус ёшлар технопарки вакили Темур Тожинов “Орфо қарекен” лойиҳаси билан танловда қатнашди.
“Орфо қарекен” – кирилл ва лотин алифбосида ёзилган барча сўзларни қорақалпоқ тилига ўгирадиган махсус дастур ҳисобланади. Лойиҳа муаллифларининг тушунтиришича, дастур қорақалпоқ ва ўзбек тилларида ёзилган матнлардаги хатоликларни кўрсатиб беради.
“Қорақалпоқ тилида ёзадиганлар ўзбек тилидаги айрим сўзлар имлосида адашишлари мумкин. “Орфо қарекен” дастурини компьютерга ўрнатгач, дастур хато ёзилган сўз остига чизиб, кўрсатиб туради. Худди шундай, дастур қорақалпоқ тилида ёзилган хато сўзларни ҳам кўрсатиб туради.
Буни ҳозирча фақат компьютерга жойлаш мумкин. Яқинда Microsoft дастурлари ичига ҳам қўшилиб, Word, Excel ёки бошқа дастурларда ёзганда ҳам қорақалпоқ ва ўзбек тилларида хато ёзилган сўзларни кўрсатиб беради. Ҳозир шу бўйича шартнома тузяпмиз”, – дейди Асадбек Қогамбаев.
Қандли диабет беморлари учун махсус пойабзал
Бухоро мухандислик-технологиялари институтининг “Чарм буюмлари технологияси ва дизайни” кафедраси ассистенти Мадинабону Муҳаммадиеванинг “Қандли диабет билан касалланганлар учун профилактик пойабзал ишлаб чиқариш” стартап лойиҳаси ҳам ҳафталик доирасида намойиш этилди.
Бу стартапнинг ўзига хослиги – қанд касали бор беморлар оёқларидаги яраларнинг тезроқ битишига ёрдам беради.
“Қанд касали бор беморлар оёғида қон айланиши яхши эмаслиги сабаб улардаги мазоллар, яралар оғриқли кечади. Биз тайёрлаган пойабзал ўша яллиғланган зонага босим тушмаслигини таъминлаб беради. Натижада яллиғланган жойлар тезроқ битади. Биз ҳар бир қанд касали бор беморнинг оёқ биомеханикасига мослаб оёқ кийим ишлаб чиқариб берамиз. Чунки бундай беморлар оёқ биомеханикаси стандарт оёқ биомеханикасидан фарқ қилади. Уларда оёқ шишиши, ўз шаклини йўқотиши каби ҳолатлар бўлади. Бозорда эса уларнинг ҳолатига мос оёқ кийим йўқ”, – дейди лойиҳа муаллифи.
Аватар робот
Ҳафталик доирасида оғир юкларни кўтариш учун яратилган улкан Аватар робот ҳам намойиш этилди. Лойиҳа ташкилотчиси Хушнуд Меҳмоновнинг айтишича, робот ичига одам кириб, уни бошқариши ҳам мумкин.
“Биз бу роботни “Аватар” кинофильмидан илҳомланиб яратдик. Сиз кўриб турган робот – прототип. Унга устозларимиз ҳомийлик қилдилар. Унга инвесторлар топилса, ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз. Ундан ҳарбий соҳада, қурилишда оғир юкларни кўтаришда фойдаланса бўлади. Роботнинг ичига одам кириб, уни бошқаради”, – деди у.
Инновацион даволаш нимчаси
Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Қўқон филиалининг 3-босқич талабаси Жавлонбек Абдувалиев “Technoways” танловида ўзининг “Инновацион даволаш нимчаси” билан қатнашиб, ғолиб бўлди.
“Инновацион даволаш нимчаси” ўпкадаги клиренс жараёнини яхшилаш, балғамнинг ўпкада туриб, кўпайиб, йиринглаб, сўнг ўпка тўқимасига етказадиган зарарларни ва оғир асоратларни даволаш, нафас қисишининг олдини олиш ва унга қарши курашиш учун мўлжалланган.
Муаллифнинг тушунтиришича, нимча сурункали обстрактив ўпка касаллиги, бронхоектаз, ўпка поликистози, бронхиал астма, неврологик касалликлар, ёш болаларда учрайдиган гипоплаза, Cовид -19 инфекциясининг ўпка тизимидаги асоратлари, инсулт ва қандли диабет касаллигининг реабилитация жараёни, тамаки маҳсулотларини кўп истеъмол қилувчиларни, нерв-мушак касалликларини физиотерапия ва махсус қурилма ёрдамида ўпкага таъсир эттириш йўли билан табиий равишда даволайди.
“Лойиҳа устида 2019 йил март ойидан бошлаб ишлаб келмоқдаман. 2022 йилнинг январ ойидан бошлаб Фарғона вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокори Фарҳод Мусаев билан ҳамкорликда Пулмонология бўлимида синовдан муваффақиятли ўтказилди. Синов натижаларига кўра касаллик турига қараб, истеъмол қилинаётган дори самарадорлиги 42-87 фоизга оширилди. Шунингдек, даволаниш вақти 35-75 фоизга қисқартирилди.
Инновацион даволаш нимчасидан ихчамлиги ва қулайлиги туфайли уйда, кўчадаги ҳаракат давомида, офисдаги иш жараёнида фойдаланиш мумкин. Чунки у ўпкадаги қон айланишини, ўпка тириклик сиғимини яхшилайди, эмфизема келиб чиқиши олдини олади”, – дейди Жавлонбек Абдувалиев.
Нол фоиз унумсиз ердан унумли фойдаланиш лойиҳаси
“TechnoWays”нинг ғолибларидан яна бири – Зарафшон шаҳар касб-ҳунар мактаби 214-гуруҳ ўқувчиси Одилов Адҳам. Унинг “Аквапоника” стартапи 4-ўринга лойиқ кўрилди.
Бу лойиҳа бир вақтнинг ўзида ўсимликлар ва балиқларни етиштиришга қодир барқарор тизимдир. Яъни балиқ озиқлангандан кейин балиқдан чиққан бактериялар ўсимликларга ўғит бўлади.
“Аквапоника тизимини тайёрлашга 6-7 ой вақтимиз кетди. Бу тизим билан унумдорлиги 0 фоизга тенг бўлган ерлардан унумли фойдаланишимиз мумкин. Бундан ташқари, аквапоника тизимида экологик тоза маҳсулот етиштирилади. Анъанавий деҳқончиликдан фарқи эса жуда кам сув сарфланади”, – деди Одилов Адҳам.
Зуҳра Абдуҳалимова тайёрлади.
Мавзуга оид
18:17 / 23.11.2024
Японияда одамларни ювинтирадиган кир машинаси ихтиро қилинди
15:32 / 22.11.2024
Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшлар давлат фуқаролик хизматига танловсиз қабул қилинади
15:44 / 13.11.2024
АҚШда жарроҳ робот видеога қараб операция қилишни ўрганди
15:18 / 13.11.2024