Ўзбекистон | 17:37 / 21.10.2022
14049
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёевга Туркманистон давлат университети фахрий профессори унвони берилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистонга расмий ташрифи доирасида Махтумқули номидаги Туркманистон давлат университетига ташриф буюрди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентга ушбу университетнинг фахрий профессори унвонини бериш маросими бўлди. Университет ректори Байрамгул Ораздурдиева ва Туркманистон Фанлар академияси президенти Аллаберди Аширов Шавкат Мирзиёевга фахрий профессор либоси ва тегишли унвон берилгани тўғрисидаги сертификатни тантанали топширди.

Шавкат Мирзиёев учрашув иштирокчиларига мурожаатида ушбу унвон учун самимий миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон президенти таълим ва тарбия азал-азалдан давлатлар ва халқлар тараққиётини белгилаб берувчи, уларнинг қудратини юксалтирувчи куч бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.

- Ҳар қандай жамиятнинг келажаги бугунги ёш авлод нақадар билимли ва ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишига бевосита боғлиқ. Айнан шунинг учун Ўзбекистонда, Туркманистонда бўлгани каби, таълим-тарбия тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бизнинг мақсадимиз – Янги Ўзбекистон ёшларини дунёқараши кенг, креатив фикрлайдиган, Ватан тақдири учун масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр баркамол шахслар сифатида вояга етказиш, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари ўз нутқида халқаро сиёсат масалаларига тўхталиб, вужудга келаётган янги хатар ва таҳдидларга ўз вақтида жавоб қайтариш учун минтақа мамлакатларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

- Вазиятдан чиқишнинг биргина йўли – ҳар бир давлат, ҳар бир халқнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган конструктив мулоқот, - деди президент.

Ўзбекистон Туркманистон билан халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан самарали ҳамкорлик қилаётгани, БМТ ва бошқа ташкилотлар доирасида бир-бирини фаол қўллаб-қувватлаб келаётгани таъкидланди.

Сўзининг якунида Шавкат Мирзиёев Махтумқули номидаги Туркманистон давлат университети юқори малакали кадрларни тайёрлашнинг шонли анъаналарини давом эттириши, унинг битирувчилари эса Туркманистонни янада ривожлантиришдек олижаноб мақсадга шараф билан хизмат қилишларига ишонч билдирди.

Мавзуга оид