Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«МЮ» Лондонда меҳмон, «Рома» А Серия пешқадамига қарши. Ҳафта ўйинлари анонси
Кеча парижликлар навбатдаги йирик ғалабани қўлга киритди ва Неймарсиз ҳаракат қилган Месси-Мбаппе жуфтлиги биргаликда учта гол «яратишди». Бугун эса бизни бир қатор топ учрашувлар кутиб турибди. Августда «Брайтон» билан тен Ҳагни енгган Поттер иккинчи маротаба шу ишга уриниб кўради, Испанияда эса Мадрид ва Андалусия тўқнашади – биратўла икки учрашув. Италияда Шомуродов билан бирга машғулот ўтказадиган футболчилар А Серия пешқадамини енгишга уриниб кўришади.
ЧЕЛСИ – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (22 октябрь, 21:30)
Беш йил олдин «Челси» «Стэмфорд Бриж»да Моратанинг голи ҳисобига «Манчестер Юнайтед» устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Ўша куни мезбонлар асосий таркибида майдонга тушган футболчилардан фақат Аспиликуэта, меҳмонлардан эса Де Хеа ва Рэшфорд қолди холос. Шундан буён АПЛда жамоалар 9 марта тўқнаш келишди ва «Челси» ғалаба қозона олгани йўқ. Тўғри, орада икки марта лондонликлар «Уэмбли»да, Кубок баҳсларида устун келганини ҳам эътироф этиш керак. Жамоалар ўртасидаги охирги тўрт учрашув эса дуранг натижа билан тугаган.
Бугунги учрашувга ҳам жамоалар турнир жадвалида қўшни ўлароқ рўбарў келишмоқда. «Челси» атиги бир очко олдинда бормоқда ва агар меҳмонлар устун келадиган бўлса, тен Ҳаг жамоаси ушбу мавсумда илк бор кучли тўртликка кириб олади. «Юнайтед» топ рақибларга қарши ўйинларни жуда яхши ўтказмоқда, «Олд Траффорд»да «Ливерпуль», «Арсенал» ва «Тоттенҳэм» мағлуб этилди, аммо ягона сафар учрашуви «Этиҳад»да қандай тугаганини биласиз. Тен Ҳаг матбуот анжуманида қайси майдонда ўйнашнинг фарқи йўқлигини ва фақат ғалаба учун майдонга тушишини таъкидлаб ўтди.
«Челси» янги мураббий қўл остида аста-секин ўзига келмоқда. Жамоанинг мағлубиятсиз ўйинлари серияси 7 ўйинга етди, Чемпионлар Лигасидаги вазият бироз ўнгланди. Айниқса, ҳимоя чизиғини алоҳида эътироф этиш керак – Кепа беш ўйиндан бери ўз дарвозасидан гол олиб чиққани йўқ. Тўғри, қаторасига 5 ғалабадан сўнг, «Брентфорд» майдонида дуранг қайд этилди, аммо Поттер бу учрашувда баъзи футболчиларга дам берганини ҳам таъкидлаш керак. «МЮ»га қарши ўйин, уч кун ўтиб эса Чемпионлар Лигасидаги ҳал қилувчи баҳс олдидан мураббий ротация амалга оширди, дейиш мумкин. Катта эҳтимол билан Обамеянг, Сильва, Ковачич, Стерлинг каби футболчилар бугун илк дақиқалардан майдонга тушишади.
Йўқотишларга келсак, мезбонлар сафида доим «Юнайтед»га қарши ўйинларда гол уришни ёқтирадиган Канте, шунингдек, Рис Жеймс майдонга туша олмайди. Меҳмонлар сафида эса Марсиял, Магуайр ва Донни ван де Бек тўлиқ тикланиб улгургани йўқ. Тен Ҳаг кеча фақат Аарон ван Бисакка тўлиқ машғулотларга қайтганини маълум қилди. Шунингдек, «Челси» дарвозасига охирги голни урган «иблис» – Криштиану Роналду ҳам Лондонга бормади. Бунинг сабаби ҳаммага маълум.
РЕАЛ МАДРИД – СЕВИЛЬЯ (22 октябрь, 23:55)
«Осасуна»га қарши ўйиндаги дурангдан сўнг, «Реал» Ла Лигадаги устунлигини аста-секин қўлдан чиқарадигандек туюлганди. Аммо жамоа яна ўнгланиб олди ва айниқса, Эль-Класикодаги ишончли ғалаба мадридликларга уч очко, пешқадамликка қайтишдан ташқари, яхши маънодаги хотиржамлик тақдим этгани шубҳасиз. Карло Анчелотти шогирдлари «Севилья»дан кейин «Жирона», «Райо» ва «Кадис»га қарши майдонга тушишади – мундиалдан кейинги ўйинларгача «Реал» турнир жадвалидаги пешқадамликни ҳеч кимга бериб қўймаслиги эҳтимоли катта.
«Севилья»да вазият тескари. Жамоа анча қулай тақвим билан мавсумни бошлади ва етарлича очко захираси тўплаб олиш имконияти бор эди. Аммо ўша ўйинларда андалусликлар кутилган натижаларни қайд эта олишмади, энди эса анча қийин рақиблар навбати бошланди. Лопатеги кетиб, Сампальоли келгач, жамоа тўрт ўйиндан бери мағлубиятга учрамаяпти, лекин бу етарли эмас. Мадридга сафардан сўнг, жамоани «Бетис», «Сосьедад» каби жамоалар ҳам кутиб турибди. Табиийки, шундоқ ҳам турнир жадвалининг иккинчи ярмида юрган «Севилья»га юқори ўринларга қайтиш жуда қийин бўлади. «Севилья»да ҳар бир чизиқда муаммолар бор – одатда ўз дарвозаси олдида ишончли ўйнайдиган жамоа гол ўтказиш бўйича лигада 12-ўринда бормоқда. Гол уриш борасида эса фақат уч жамоа «Севилья»дан камроқ рақиб дарвозасини ишғол қилган холос.
Бунинг устига сўнгги йилларда «Реал» «Севилья»га анча ноқулай рақибга айланган. Охирги 7 ўйинда «Севилья»да бирорта ҳам ғалаба йўқ. Мадриддаги ўйинларда эса меҳмонлар охирги марта 2008 йилда ғалаба қозонгандилар.
Таркиблар борасида «Реал»да йўқотишлар йўқ. Фақат Себальос ва Диас жароҳатланишган, аммо шундоқ ҳам бу футболчилар асосий таркибда майдонга тушишмасди. Меҳмонлардан эса Рекик, Куасси, Короналардан ташқари, Кике Салас ҳам ўйнай олмайди. У «Валенсия»га қарши ўйинда ҳакам томонидан майдондан четлатилганди.
БЕТИС – АТЛЕТИКО (23 октябрь, 19:15)
«Бетис» Европа Лигасида кейинги босқич масаласини деярли ҳал қилди ва гуруҳдаги рақиби Моуриньонинг эътирофига кўра, Пеллегрини шогирдлари ушбу турнирда ғалаба қозониш учун етарли салоҳиятга эга. Ла Лигада эса жамоада ҳақиқий синов онлари бошланмоқда.
«Бетис» ўтган мавсумда ҳам сўнгги турларгача ЕЧЛ ўринлари учун курашган ва фақат якуний босқичда муваффақиятсизликка учраганди. Бу сафар ҳам «Бетис» юқори ўринлар учун курашмоқда ва агар «Атлетико»ни енгадиган бўлса, ҳатто учинчи ўринга ҳам кўтарилиши мумкин. Тўғри, жамоа охирги пайтларда кўп очко йўқотди, аммо эътибор берсангиз, «Бетис» асосан сафар ўйинларда очколарни бой бермоқда – «Кадис», «Вальядолид», «Селта» ва «Реал» майдонидаги баҳсларда Пеллегрини шогирдлари ғалаба қозона олишмади. Лекин айнан ўз стадионидаги ўйинларда «Бетис» Ла Лиганинг энг яхши жамоа ҳисобланади – 5 ўйин, 5 ғалаба. Шунингдек, «Бетис» яна бир кўрсаткич бўйича Испанияда етакчи: жамоа 10 турдан кейин фақат 6 маротаба ўз дарвозасидан тўп олиб чиққан.
Қизиғи, «Атлетико» бунинг тамомила акси: Симеоне жамоаси ўз майдонидаги учрашувларда омадсиз, лекин сафардаги беш ўйиндан тўрттасини ўз фойдасига ҳал қилган. Фақат бир дуранг ва атиги бир марта гол ўтказиб юборган. Демак ҳар икки рақиб ҳам ўзи учун қулай шартларда тўп суради ва айнан шу фактор учрашувни анча муросасизга айлантириши мумкин. Бунинг устига, «Бетис» айнан «Атлетико»га қарши ўйинлар статистикасини бироз яхшилаб олиши керак. Андалусликлар сўнгги ўн йилда атиги икки марта рақиб устидан ғалаба қозонган холос. Ўтган мавсумда эса ҳар икки ўйин (1:3, 0:3) мадридликлар фойдасига ҳал бўлганди.
Таркибларга тўхталадиган бўлсак, Симеонеда йўқотишлар кўпроқ – Фелипе, Коке, Льоренте ва Лемардан ташқари, Ян Облакнинг ҳам майдонга тушиши сўроқ остида турибди. «Бетис» сафида эса етакчи футболчилардан бири Серхио Каналес «Кадис» билан ўйинда қизил карточка олгани учун дисквалификацияси бор. Шунингдек, «Атлетико» уч кун ўтиб ЕЧЛда ўта муҳим ўйинда майдонга тушишини ҳам инобатга олиши керак. «Байер»га қарши ўйин мадридликларнинг гуруҳдаги тақдирини ҳал қилади. Балким шу сабабдан Симеоне таркибда баъзи ротацияларни амалга ошириши мумкин.
ТОТТЕНҲЭМ – НЬЮКАСЛ (23 октябр, 20:30)
Сўнгги ҳафтада ҳар икки жамоа «Олд Траффорд»га сафар қилди. Агар «МЮ» фонида бу жамоаларга баҳо берадиган бўлсак, «Ньюкасл» бироз устун эканини кўрамиз. Хау шогирдлари «Траффорд»да мезбонларга деярли имконият бермади, бир қатор хавфли вазиятлар ҳам яратди. «Тоттенҳэм» эса барча жабҳада имкониятни бой берди. Тўғри, бир ўйинга қараб кучлар мувозанатига баҳо бериш мушкул, лекин бемалол, ўша ўйинларга қараб, аслида бири чемпионликка даъвогар, иккинчиси эса еврокубоклар учун курашиши кутилаётган бу икки жамоа айни паллада деярли яқин ҳолатда эканини айтсак бўлади. Яъни бу ўйинда аниқ фаворит йўқ, шубҳасиз, муросасиз ҳолда кечади.
«Ньюкасл» кўп дуранг қайд этаётган бўлса-да, ушбу жамоани енгиш ўта мушкул эканини натижалар ҳам кўрсатиб турибди. Хау жамоаси атиги бир маротаба ютқазган – «Ливерпуль» ўз майдонида фақат қўшимча дақиқаларда ҳал қилувчи голни урганини унутмаган бўлсангиз керак. Нафақат «Юнайтед», балким Манчестернинг нариги клуби ҳам «Ньюкасл» билан баҳсда зўрға мағлубиятдан қутулиб қолганди – 3:3.
Тўғри, «Тоттенҳэм» айниқса, топ ўйинларда ишончни оқлай олмаяпти – «Арсенал» ва «МЮ»га қарши ҳеч нарса қила олмади. Лекин масалан, уй учрашувларида «Тоттенҳэм» йўқотишсиз боряпти: 5 ўйин, 5 ғалаба, 15 гол урилган. Демак Конте шогирдлари баъзи ўйинларда ёмон ўйнашса-да, бекорга турнир жадвалида учликдан жой олгани йўқ. «Тоттенҳем» ўзиники бўлган очколарни йўқотишсиз йиғиб олмоқда. «Ньюкасл» Лондонда қандай жамоа сифатида саф тортади, жуда муҳим. Масалан, «Ньюкасл» айнан январдан кучли ўйин намойиш қиляпти, очко тўплаш бўйича фақат «Сити» ва «Ливерпуль»дан ортда қолаётгани бўлса-да, айнан шу «Ньюкасл» Конте жамоаси меҳмони бўлганида, апрель ойида 1:5 ҳисобида мағлубиятга учраганди.
Яна бир эътиборли жиҳат, ҳар икки жамоада ҳам айнан ўйинни ҳал қилувчи асосий футболчиларда муаммолар бор. Сон ва Кейнни айтмасак, мавсум бошида Кулушевски ва Ришарлисон кўп учрашувларда ҳал қилувчи ролда бўлгандилар. Уларсиз «Тоттенҳэм»да муаммолар яққол кўзга ташланяпти. Меҳмонлар сафида эса Исаак, Сен-Максимен, Жоалинтон каби футболчилар шерикларига ёрдам бера олмайди.
РОМА – НАПОЛИ (23 октябр, 23:45)
Моуриньонинг одатий иккинчи мавсумида жамоаси энг яхши натижасига эришиши керак одатда. «Рома» ЕЧЛга чиқишни ўз олдига мақсад қилган деб тасаввур қилсак, ҳозирча, вазифа уддаланмоқда. Лекин «Интер», «Ювентус» каби жамоалар ҳали ўз имкониятлари даражасида ўйнай олмаётгани, яъни ҳали етиб келишлари мумкинлигини ҳам инобатга олсак, «Рома»да ўзини хотиржам қилишга шароит йўқ. Моуриньо шогирдлари «Наполи»дан сўнг, «Верона», «Лацио», «Сассуоло», «Торино» каби кучли жамоаларга қарши майдонга тушади – айнан келаётган икки ҳафта римликларнинг мавсумдаги имкониятларини белгилаб беради, деб бемалол айтиш мумкин.
«Наполи» бугунгача нафақат Италия, балки Европада ҳам энг яхши футбол намойиш қилаётган жамоа бўлиб турибди, десак муболаға бўлмаса керак. Ҳар ҳолда «Ливерпуль» ва «Аякс»га қарши 3 ўйинда 14 гол уришга қодир жамоа ҳозир дунёда ҳам саноқли бўлса керак. Аммо бошқа бир жиҳат ҳам бор. «Наполи»нинг А Сериядаги кўрсаткичлари ўтган мавсумнинг 10-туридан кейин ҳозиргидан ҳам яхшироқ бўлган. Яъни Спалетти шогирдларини мавсумга яхши тайёрлашига гап йўқ, лекин одатда мавсумнинг иккинчи ярмида инқироз бошланиши керак. Бошқа тарафдан, бизни яқинда мундиал билан боғлиқ танаффус ҳам кутиб турибди. Демак Спалеттида яна бир марта мавсумолди йиғин имконияти мавжуд. Италия мундиалга чиқа олмагани, «Наполи»нинг Осимҳен, Квича, Зелински каби етакчилари ҳам мундиалда иштирок этмаслигини эътиборга олсак, неаполликларда ниҳоят чемпионлик учун охиригача курашиш имконияти бор.
«Рома» сафида Пауло Дибала майдонга туша олмайди. Шунингдек, Зеки Челикда ҳам жароҳат бор. «Наполи»даги сезиларли йўқотиш эса нигериялик яримҳимоячи Замбо-Ангиссанинг жароҳатидир. 26 ёшли футболчи камида икки учрашувда яна шерикларига ёрдам бера олмайди.
БАРСЕЛОНА – АТЛЕТИК (23 октябр, 23:55)
Испанияда «Реал» ва «Барселона» баҳсидан ташқари, «Атлетик»нинг ҳам ушбу жамоаларга қарши ўйинларини Эл Класико деб аташади. Сабаби, айнан мана шу уч жамоа лигалар ташкил этилганидан бери юқори дивизионни ҳеч қачон тарк этишмаган. Бу сафар турнир нуқтаи назаридан ҳам қизиқарли ўйин – «Атлетик» анча барқарор ўйин намойиш этиб, кучли тўртликка анча яқин жойлашган. Шунингдек, бильбаоликлар муҳим паллаларда «Барселона»ни тўхтатиб қолишга ҳам уста. Тўғри, Ла Лига доирасидаги аксарият ўйинларда каталонияликларнинг қўли баланд келган, аммо сўнгги йилларнинг ўзида «Атлетик» уч маротаба «Барселона»ни кубок ўйинларида тўхтатиб қолди, яъни учта совриндан қуруқ қолдирди. Шу нуқтаи назардан ҳам «Атлетик» «Барселона» учун айни пайтда анча принципиал рақиб.
Мавсумни жуда яхши бошлаган Хави шогирдларида сўнгги ойда ўзига нисбатан ишончсизлик муаммоси пайдо бўлди. Аввалига «Бавария»дан мағлубият гўёки, фойдаланилмаган имкониятлар билан боғланиб, жамоа ўйинига юқори баҳо берилган бўлса-да, «Интер» билан икки учрашувда «Барселона» деярли ЕЧЛда кейинги босқични бой бериб қўйди. «Реал» эса барча жабҳада рақибини мағлуб этиб, «Барселона»га қаттиқ зарба берди. Тўғри, «Вильяреал»дек анча кучли жамоа билан ўйиндаги йирик ғалаба жамоани бироз ўзига қайтарган бўлиши керак, лекин бу ерда ҳам бир жиҳат бор. Хави «Вильяреал»га қарши ўйинда мавсум бошидан бери синаб келаётган Дембеле – Рафинья жуфтлигидан воз кечиб, Фати – Торресга мурожаат қилганди. Бу сўнгги ўйинлардаги муваффақиятсизликлардан кейинги қарорми ёки шунчаки, ротациями, кейинроқ билиб оламиз, аммо айнан шу ўзгаришлардан кейин ниҳоят «Барселона» ғалаба қозонгани Хави ҳали ҳам изланаётганини билдиради. Бу эса Хавининг клубдаги эътибори учун у қадар яхши ҳолат эмас.
Меҳмонлар таркибида жароҳатлар йўқ, «Барселона»да эса ҳали ҳам ҳимояда йўқотишлар мавжуд. Араухо ва Кристиансен яна камида икки ҳафта шерикларига ёрдам бера олишмайди. Шунингдек, Мемфис Депай ҳам тўлиқ тикланиб улгургани йўқ.
Дарвоқе, яна бир ўзига хос интрига, Эрнесто Валверде, «Барселона»нинг сўнгги чемпионлигида бошқарган мураббий энди рақиб сифатида «Камп Ноу»га қайтади. Бу Эрнесто учун ҳам «Барселона»ни тарк этганидан кейинги илк учрашув.
БОШҚА ЎЙИНЛАР
22 октябрь. Ноттингем Форест – ЛИВЕРПУЛЬ (16:30), БОРУССИЯ Д –Штутгарт (18:30), Ҳоффенҳайм – БАВАРИЯ (18:30), МАНЧЕСТЕР СИТИ – Брайтон (19:00), МИЛАН – Монца (21:00)
23 октябрь. Саутҳэмптон – АРСЕНАЛ (18:00), Бохум – УНИОН (18:30), АТАЛАНТА – ЛАЦИО (21:00).
Мавзуга оид
16:18 / 17.03.2025
Автоголлар, 70 йил кутилган кубок ва «Барса»нинг суперкамбэки – Евротурнинг энг муҳим 8 воқеаси
13:54 / 30.11.2024
Нохуш сериядаги «Сити» «Энфилд»га боради, Германияда Дер Класикер, «Интер» «Фиорентина»га қарши — ҳафта ўйинлари анонси
14:31 / 02.11.2024
«Арсенал»да яна жиддий рақиб, Ҳусанов «ПСЖ»га қарши, «Челси» «Олд Траффорд»га боради — уикэнд анонси
15:13 / 05.10.2024