Жаҳон | 16:32 / 25.10.2022
2987
3 дақиқада ўқилади

Чехия Россиядан шенген визаси билан келган сайёҳлар учун чегарасини ёпди

Чехия Россиянинг Украинани бомбардимон қилишига кўз юма олмайди, деди Чехия ташқи ишлар вазири Ян Липавский. У сафарбарликдан бўйин товлаган россияликларга бошпана берилишига қарши чиқди.

Фото: AP

Чехия ўз чегараларини руслар учун ёпган Европа Иттифоқининг олтинчи давлатига айланди. 25 октябр, сешанба куни сайёҳлик шенген визаси билан Россия фуқаролари учун Чехияга кириш тақиқи кучга кирди. Чехия ташқи ишлар вазири Ян Липавскийнинг сўзларига кўра, бундан буён россияликлар туризм, спорт ёки маданият мақсадида Прага халқаро аэропорти орқали мамлакатга кира олмайди.

«Россия режими тинч аҳоли манзилларини бомбардимон қилаётган бир вазиятда биз бунга кўз юма олмаймиз», — дея Липавский сўзларидан иқтибос келтирган Чехия CTK ахборот агентлиги. Вазирнинг сўзларига кўра, ҳукумат бир овоздан россияликларнинг туристик шенген визаси билан киришини тақиқлашга қарор қилган.

Чехия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари, шунингдек, сафарбарликдан қочаётган ва шу сабабдан бошпана сўраётган россияликларга виза беришдан бош тортишга чақирди. Бироқ Чехия президенти Милош Земан Липавскийнинг фикрига қўшилмаган. Чехия Украинага қарши урушга бормасликка уринаётган россиялик қочқинларни қабул қилиши керакми деган саволга Земан: «Албатта, ҳа», деб жавоб берди. У бошпана сўраган Россия фуқароларини украиналик қочқинлар билан таққослаб, руслар Чехия хавфсизлигига таҳдид солмаслигини таъкидлади. 

Аввалроқ шенген визасига эга бўлган Россия фуқаролари учун чегаралар Латвия, Литва, Эстония, Финландия ва Полша томонидан ёпилган эди. Эндиликда бу мамлакатларга фақат қариндошлариникига ташриф буюрган россияликлар, шунингдек, юк машинаси ҳайдовчилари, диссидентлар ва дипломатлар кириши мумкин. Ушбу мамлакатлар ҳукуматлари инсонпарварлик нуқтайи назаридан кириш имкониятини қолдирган, аммо ҳар бир ҳолат индивидуал асосда кўриб чиқилади. 

Баъзи бошқа Европа давлатлари ҳам руслар учун виза олиш имкониятини жиддий чеклаб қўйган. Бельгия ҳозирча ҳужжатларни фақат шу мамлакатда ишлаётган талабалар, олимлар ёки мутахассисларга беради. Дания, камдан-кам истиснолардан ташқари, қисқа муддатли визалар ва яшаш учун рухсатномаларга аризаларни тўхтатди. Нидерландия Россия фуқароларидан фақат гуманитар сабабларга кўра виза ва вақтинчалик яшаш учун рухсатнома сўровларини кўриб чиқади. Словакия россияликларга шенген визаларини «фавқулодда вазиятларда» беришга тайёр. 

12 сентябр куни Европа Иттифоқи Россия билан соддалаштирилган виза режимини тўхтатди. Европа визаси нархи 35 евродан 80 еврога кўтарилди, ариза учун қўшимча ҳужжатлар талаб қилинади ва сўровни кўриб чиқиш муддати 15 - 45 кунгача оширилади. Кўп марталик визаларни бериш қоидалари ҳам қаттиқлашди: кўп ҳолларда россияликлар шенген визаларидан фақат қатъий равишда саёҳат саналари бўйича фойдаланиши мумкин бўлади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид