Ўзбекистон | 13:47 / 25.10.2022
7055
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Россия металлургия ҳамда энергетикада қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқчи

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия 23-йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: Dunyo

Йиғилишга Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев ҳамда Россия ҳукумати раиси ўринбосари – саноат ва савдо вазири Денис Мантуров ҳамраислик қилди. 

Икки мамлакат ўртасидаги инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперацияси ҳудудлар ва тармоқлар кесимидаги жорий ҳолати кўриб чиқилди. Нефт-кимё, тоғ-кон, металлургия, энергетика, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, енгил саноат, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш каби соҳаларда янги лойиҳа ташаббусларини ишлаб чиқиш ва амалдаги қўшма лойиҳаларни жадаллаштиришга ўзаро қизиқиш билдирилди.

Кун тартибидаги яна бир муҳим йўналиш ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўлди. Олдиндан тасдиқланган режалар асосида икки давлатнинг қатор ҳудудларидан делегациялар ўзаро ташрифлари ташкил қилингани маълум қилинди. Ушбу борадаги ишларни давом эттириш мақсадида, мунтазам онлайн музокаралар ташкил этиш орқали янги инвестиция лойиҳалари ва савдо битимлари бўйича таклифлар ишлаб чиқишга келишилди.

Учрашув якунлари бўйича якуний протокол ва тадбир давомида эришилган асосий келишувларни акс эттирувчи икки томонлама ҳужжатлар тўплами имзоланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид