Ўзбекистон | 16:58 / 27.10.2022
14445
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ўз ҳудудида Эрон ҳарбий техникасини йиғмайди - ТИВ

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Эрон ҳарбий техникаси билан боғлиқ вазият бўйича баёнот берди.

Фото: KUN.UZ

Интернетда украиналик журналист ва блогер Дмитрий Гордоннинг исроиллик тадбиркор Леонид Невзлин билан видеоинтервюси тарқалиб, унда Эроннинг учувчисиз учоқлари (дрон) Ўзбекистон ҳудудида йиғилаётгани тўғрисида маълумотлар келтирилган.

Ўзбекистон ТИВ баёнотига кўра, Ўзбекистон Эрон билан ҳарбий-техник соҳада ҳамкорлик қилмайди ва ўз ҳудудида Эрон ҳарбий техникасини йиғмайди.

Билдирилишича, ҳозирги вақтгача Украина томонидан ҳам, бошқа хорижий ҳамкорлардан ҳам «Эрон дронларини йиғиш» масаласи бўйича расмий мурожаатлар келиб тушмаган.

«Шу муносабат билан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Украина расмий ҳукуматига Украина оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон тўғрисида икки томонлама муносабатларга путур етказиши мумкин бўлган бундай асоссиз айбловлар ва бошқа ишончсиз маълумотлар тарқатилишининг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўришни сўраб мурожаат қилади», дейилади баёнотда.

Бундан олдин Ўзбекистон Мудофаа саноати давлат қўмитаси айрим хабарларда тарқалган Ўзбекистонда Украинадаги қуролли можароларда қўлланаётган Эрон жанговар учувчисиз учиш аппаратлари (дрон) йиғилаётгани ҳақидаги маълумотни рад этганди.

Шу билан бирга, Мудофаа саноати давлат қўмитаси Ўзбекистон эронлик ҳамкорлар билан биргаликда қурол-яроғ ва ҳарбий техника ишлаб чиқармагани ва ишлаб чиқармаётганини ҳам таъкидлаб ўтди.

Мавзуга оид