Жамият | 10:55 / 27.10.2022
13675
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда Теlegram’да қиз бола номидан саҳифа очиб товламачилик қилган йигит ушланди

Талаба йигит билан Теlegram мессенжерида танишган қиз аслида товламачи йигит бўлиб чиққан. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар бермоқда.

Фото: Global Look Press/Thomas Trutschel

Маълум қилинишича, Бухоро вилояти Ғиждувон туманида яшовчи талаба Ф.Б. ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилиб, ўзига нисбатан товламачилик қилаётган қизга қонуний чора кўришни сўраган.

У ўз аризасида Теlegram’да ўзини "Тожибоева Райҳон" деб таништирган шахсга бошқалар кўриши мумкин бўлмаган шахсий фотосуратларини ишониб, мессенжер орқали юборганини, шундан сўнг қиз фотосуратларни ижтимоий тармоқлар орқали тарқатмаслик учун 900 минг сўм пул сўраётганини маълум қилган.

Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ўзини "Тожибоева Райҳон" деб таништирган шахс Самарқанд вилояти Оқдарё туманида яшовчи, 1999 йилда туғилган Ж.Ш. экани аниқланган.

Қайд этилишича, Ж.Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Жиззах вилояти Пахтакор туманида яшовчи 16 ёшли мактаб ўқувчиси Теlegram’да сохта автокредит гуруҳи очиб, фуқаронинг пулини ўзлаштиргани аниқланганди.

Мавзуга оид