Жаҳон | 10:33 / 28.10.2022
55675
11 дақиқада ўқилади

Уруш нега айнан шу йил бошланди? Путин «Валдай»да шу ва бошқа саволларга жавоб берди

Россия президенти Владимир Путин «Валдай» муҳокама клубининг ялпи мажлисида иштирок этди. Бу галги муҳокама «Гегемониядан кейинги дунё: ҳамма учун хавфсизлик ва адолат» мавзусида бўлди.

Фото: TASS

Путин «Валдай» доирасида саҳнада 3 соат-у 40 дақиқа давомида бўлди. Аввалида ўз нутқини сўзлади, кейин сиёсатчиларнинг саволларига жавоб қайтарди. Нутқи давомида Украина масаласида деярли гапирмади, асосан Ғарбнинг «гўрига ғишт қалади», кўплаб россиялик машҳурлардан иқтибос келтирди. Ҳатто Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши масаласига тўхталди.

«Одамлар ўляпти, лекин Россия келажаги учун фойда»

Путиннинг айтишича, Украинадаги уруш Россиянинг аввало келажаги учун кўп нарса беради. Табиийки Путин уруш сўзини тилга олмади: «Махсус ҳарбий амалиёт» доирасидаги йўқотишлар ҳақида доим ўйлайман, ҳа, иқтисодий зарарлар ҳам бор. Аммо катта ютуқлар йўқ эмас. Бўлаётган воқеалар охир-оқибат Россия фойдасига хизмат қилади, унинг келажагига ҳам».

Путиннинг фикрича, Россия бизнеси энди ўзи оёққа туриш ҳақида ўйлайди ва бу мамлакат учун фойдали, Россиядан чиқиб кетган Ғарб компаниялари эса ҳали ортга қайтишни орзу қилишади.

Маълумот учун, 8 ойдан буён давом этаётган уруш давомида Россия иқтисодиёти катта зарар кўрди, ЯИМ тушиб кетди, Марказий банк валюта чекловлари жорий қилди ва иқтисодиёт қайта қурилишига тайёр бўлишга чақирди.

Уруш нега айнан шу йил бошланди?

Путин саҳнадалигида медератор Россия Украинага нега айнан шу йилда бостириб киргани ҳақида сўради. Албатта, тўғридан тўғри бундай деб сўрагани йўқ, чунки Россияда Украинадаги урушни уруш ёки босқин деб аташ жиноятга тенглаштирилган. У «махсус ҳарбий амалиёт» нега 2022 йилда бошланганини сўради.

Бу саволга жавоб берар экан, Путин НАТОнинг кенгайиши ва Минск келишуви бажарилмагани тўғрисидаги доимий иддаоларини такрорлади-да, кейин Россия 2014 йилдаги воқеалардан кейин Донбассда нимадир қилиши зарур бўлганини айтди. Путинга кўра «ўша нимадир» ўзини мустақил деб эълон қилган «ДХР» ва «ЛХР»ни тан олиб, уларни Россия таркибига қўшиб олиш бўлган. Бу ишларни амалга ошириш учун эса операция ўтказиш зарур бўлган.

Ваҳоланки, 2021 йил октябр ойидан буён АҚШ разведкаси Россия Украинага бостириб кириши ҳақида хабар бериб келган, Москва буни провокация деб атаганди. Ҳаттоки Киев бу маълумотлар бўрттирилгани ҳақида баёнот берган. Уруш бошланишида Россия Украина ҳудудларини ўз таркибига қўшиб олишни истамаётганини билдирганди, ҳозирга келиб эса «референдум» ўтказиб, Қримдан кейин Украинанинг яна тўртта ҳудудини аннексия қилди.

«Рақибни менсимадикми?»

Путиндан «Уруш давомида Украинани менсимай хато қилмадикми?» деб ҳам сўрашди. У эса йўқ, деб жавоб берди. Унинг фикрича, 8 йил давомида Донбассдаги жуда узун мудофаа ҳудудлари ташкил қилинган. Путин Ғарбдан қурол етказиб берилаётганини ҳам унутмасликни сўради.

Россия президентига яна бир қизиқ савол беришди: «Агар рус ва украинларни битта миллат деб ҳисобласангиз, демак бизда бир миллат вакиллари ўртасида фуқаролик уруши бўлаётган эканда?» «Қисман ҳа», жавоб берди Путин.

Асосий масала: ядро риторикаси

Залдан берилган биринчи савол ядро қуроли ҳақида бўлди. Афтидан, савол ҳам, унинг муаллифи ҳам яхшигина тайёрланган кўринади, муаллиф Путиннинг жавобини кутиб ўтирмай Украинани ядро провокациясида айблай кетди.

«Ядро қуроли бор экан уни қўллаш хавфи ҳам доим бўлади», деб бошлади жавобини Путин. У дунёда ядровий хавф ортишида Киев ва Ғарбни айблади. Кейин Путин Россия Украинада ядро қуроли ишлатмоқчи эмаслиги, бу мамлакатнинг на сиёсий ва на ҳарбий манфаатларига хизмат қилишини айтди.

Шунингдек, Путин Сергей Шойгуга ҳамкасбларини «ифлос бомба» хавфидан огоҳлантириш топшириғини шахсан ўзи берганини таъкидлади.

Владимир Путиннинг нутқидаги бошқа асосий парчалар:

Фото: YouTube

* «Дунёда халқаро институтлар деградацияга учрашига гувоҳ бўляпмиз, коллектив хавфсизлик принциплари назарга илинмаяпти, халқаро ҳуқуқ тушунчаси ўрнига Ғарбнинг ўзи писанд қилмайдиган «қоидалар» пайдо бўлди. Фақат битта қоидани ўтказишга интилишмоқда – глобал ҳукуматлар ҳеч қандай қоидасиз яшашини таъминлаш қоидасини».

* «АҚШ дунёга ўзининг гегемонлигидан бошқа ҳеч нарса бера олмайди, воқеалар негатив томонга ўзгаришда давом этади. Ғарб охирги вақтларда кўп ҳаракатлар қилди: Украинадаги урушни кучайтирди, Тайван атрофида провокация қилди, дунё энергия ва озиқ-овқат бозоридаги вазиятни издан чиқарди. Бу қонли, хавфли, ифлос ўйин, у мамлакатлар ва миллатлар суверенитетини рад этади».

* «Ҳозир инсоният олдида икки йўл турибди: ёки ортиб бораётган муаммоларни елкага ортиб юришда давом этиш ёки ҳамма биргаликда ечим топиш. Дунёни идеал қила олмасак-да, жим турмайдиган, барқарор ва хавфсиз қилиш мумкин. Давлатлар эртами кечми бизнинг келажагимиз борасида мулоқот қилишга мажбур бўлади, мен доим соғлом фикрга ишонганман.

Ҳақиқий демократия кўп қиррали дунёда бўлади. Бунда ҳар қандай миллат ўз сиёсий тизимини мустақил белгилайди. Ҳеч ким бизнинг миллатга жамият қандай тузилиши кераклиги борасида ақл ўргата олмайди. Анъанавий қарашларни қадрлаш керак.

Ғарб раҳбарлари ўзларига ёқмаган ҳаммани йўқотишни истайди. Ҳатто совуқ уруш даврида ҳам рақибининг қадриятларини рад қилиш ҳеч кимнинг хаёлига келмаган. Собиқ иттифоқ ва америкалик раҳбарларда гуманитар соҳада бир-бирига ҳурмат билан қараш учун етарли даражада ақл бўлган».

* «Миллатчилар китобларни ёқишгача боришди. Ғарб мансабдорлари эса энди Чехов ва Чайковскийни тақиқлашмоқда. Классик либерализм бузилиб кетди. Либераллар аввалига ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи борлигини айтишди, кейин XX асрда очиқ жамиятларнинг душмани борлигини, уларнинг ҳуқуқлари чекланиши мумкинлигини айтишди. Аммо Достоевский ҳам, Чайковский ҳам, Пушкин ҳам яшашда давом этади. Улар буни қанчалик хоҳлашмаса ҳам. Тарих ҳаммасини ўз ўрнига тушириб қўяди. Тарих буюк маданият даҳоларини эмас, уларни чекламоқчи бўлганларни инкор қилади. Чайковскийни эслашда давом этишади, уларни эса йўқ».

* «Ҳар қандай ўзгача фикр Ғарб томонидан демократия учун хавф деб қаралмоқда, ҳамма нарсани Кремлнинг фитнаси деб қарашмоқда. Гўёки Россиядан нима келса, ҳаммаси Кремлнинг фитнасидир. Наҳотки биз шунчалик қудратли бўлсак? Бу сафсата шунчаки. Ҳамма нарсани Кремлга тўнкашдан кўра миянгизни ишлатинг».

* Путин Ғарб сиёсати ҳақида гапирар экан, адабиёт бўйича Нобел мукофоти соҳиби Александр Солженициннинг Ҳарварддаги нутқидан иқтибос ҳам келтирди. «1978 йилдаёқ у Ғарб учун барча ҳудудлар Ғарбнинг тизимига ўхшаши кераклиги энг муҳими эканини айтиб кетганди», деди Путин.

* Бундан ташқари, Путин файласуф Алесандр Зиновёвдан ҳам иқтибос келтирди: «Ғарб тамаддуни улар хоҳлаган даражада сақланиб туриши учун бутун коинот шунчаки ресурс сифатида сафарбар қилиниши керак».

* «Агар сиз демократ бўлсангиз, табиийки миллиардлаб одамларнинг эркинликка интилишини олқишлашингиз керак. Аммо йўқ, Ғарб буни либерал тартибга қарши ҳаракат деб баҳолайди, иқтисодий ва савдо урушига, санкциялар, бойкотларга, рангли инқилобларга йўл очади, турли хил тўнтаришларни тайёрлайди ва амалга оширади. Улардан бири 2014 йил Украинада оғир оқибатларга олиб келди. Бу тўнтариш учун пул ҳам беришди».

* «Кундан кунга Америка ўрнатаётган тартиб хаос яратиб, Ғарб давлатларининг ўзи учун ҳам муаммо туғдира бошлади. Ғарб ўзини истисно қилинган деб, қолганларни эса иккинчи даражали деб ҳисоблайди. 2020 йилда Қосим Сулаймонийни шунчаки ўлдириб юборишди. Унга нисбатан хоҳлаганча муносабатда бўлишлари мумкин, лекин у бошқа бир давлатнинг расмий вакили-ку? Уни учинчи давлат ҳудудида ўлдириб, ҳа, буни биз қилдик, дейишди. Бу нима? Биз қаерда яшаяпмиз ўзи?».

* «Ғарб учун ҳақиқий таҳдид бу ўзгача яшаш тарзидир. АҚШ дунёга ўз гегемонлигидан бошқа ҳеч нарса таклиф қила олмайди. Россияга эса ҳеч ким айтганини қилдира олмайди. Ғарбдан фарқли ўлароқ, биз бировларнинг томорқасига мўраламаймиз. Россия ўзини Ғарбнинг душмани деб ҳисобламайди. Шунчаки икки хил Ғарб бор: бири насроний қадриятлар амал қилинадиган, бой маданиятга эга, умумийлигимиз бўлган Ғарб, бошқаси космополитликни улуғлайдиган либерал элитанинг қуролига айланган Ғарб. Бу Ғарбнинг диктаторлигига рози бўлмаймиз.

Россия Ғарб билан тил топишишга ҳаракат қилди. Келинг, тинч яшайлик, мулоқот қилайлик, ишончни мустаҳкамлайлик, мана шу тинчлик, дедик. Биз самимий бўлдик, бунга жавобан эса чегарамиз яқинида кескинлик ва босимни қабул қилиб олдик. Бу босимдан мақсад Россияни ҳам ўз йўлларига солиш эди. Улар ўзларига қарши чиққанларга қарши санкция қўллашади, давлат тўнтариши қилишади, харитадан ўчириб юбориш билан таҳдид қилишади.

Биз Ғарб элитасига жанг таклиф қилмаяпмиз, ҳамма ўз ривожланиш йўлини мустақил танлаши керак деяпмиз. Биз янги гегемон бўлишни истамаймиз, бу фақат янги боши берк кўчага кириб қолишга олиб келарди».

* «Ғарб дунё молия оламини ҳам обрўсизлантирди. Доллардан қурол сифатида фойдаланган ҳолда валюта тизими ғоясининг оёғини осмондан қилди. Фақат Ғарб томонидан белгиланган маҳсулотлар учун очиқ бўлган бозорларгина оёқда турди, бозорлар ва ресурсларни эгаллаб олишди».

* Путиннинг фикрича, тез орада миллий валюталардан фойдаланиш дунё молия бозорларида гегемонлик қила бошлайди. У халқаро савдодан фақат йирик корпорациялар эмас, ҳамма фойда олиши кераклигини айтди.

* «Бир қутбли дунёнинг вақти ўтди. Тепадагилар ортиқ уддалай олишмайди, пастдагилар хоҳлашмайди. Ишлар бундай давом этиши инсоният учун хавфлидир. Тарихий лаҳзаларда турибмиз. Олдинда бизни Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг мураккаб ва тахмин қилиб бўлмайдиган ўн йиллик кутмоқда. Вазият инқилобий ҳолатда. Бизнинг вазифамиз мана шу қарама-қаршиликни бартараф этиш».

Мавзуга оид