Жамият | 16:20 / 29.10.2022
23720
3 дақиқада ўқилади

«Андархонда шамол қовунлар учун эсади» ­– баҳоргача қовун сақлайдиган деҳқон уйидан репортаж

Андархонлик Шавкатжон Отақулов ҳар йили эрта баҳорда икки ўғлини олиб қовун экиш учун Жиззахга йўл олади. Қовунлар пишгач, уларни уйидаги махсус омборхонага олиб келиб жойлайди. Октябр ойида илинган қовунлар кейинги йилнинг май ойигача туради.

Эрта баҳорда Жиззахга жўнаймиз...

Ота-боболаримиз ҳам уйларида қовун сақлаб келган. Биз уларнинг давомчиларимиз. Оилада 6 қиз, 4 ўғилмиз. Ака-укаларим ҳам айнан шу иш этагидан тутган. Мен ҳам акаларимга қизиқиб 1997 йилдан бери қовун экиб, уни сақлаб келаман.

Бешариқнинг Андархон қишлоғида катта бўлдим. Бошқалар қатори Россияга бормадим. Ҳар йили апрел ойида Жиззахга қараб йўл оламиз. Апрел-май ойларида ерга қовун уруғи қадаймиз. 21 сентябрдан мезон шамоли кириб келади. Шундан кейингина биз пайкалдан қовунларни узишни бошлаймиз. Мезон шамолини емаса, қовунларни сақлаб бўлмайди. Андархонда шамол кўп эсади. Омборхоналар шифт қисмига махсус туйнуклар очилган. Қовунлар ҳар тарафдан шамол еб туриши учун.

Май ойида келсангиз ҳам қовун сўйиб берамиз...

Омборхонамизга 3-4 юк машина қовун илинган. Яна бошқа жойда мана шундай омборхоналаримиз бор. Гулоби, Беданапати қовунлари, Душанбе, Вахш тарвузлари сақлаяпмиз.

Гулоби қовунларимизни айниқса Қўқон, Марғилон ва Андижон халқи севиб ейди. Беданапати навли қовунларимизни аксарият Тошкент, Қирғизистон, Тожикистон ва Андижонга етказиб берамиз. Ҳозирда урилган, “айби” бор қовунларни саралаб олиб сотишни бошлаганмиз. Яхши қовунларни баҳоргача сақлаймиз. Май ойида келсангиз ҳам қовун сўйиб беришимиз мумкин. Айни кунларда ҳолатига қараб бир дона қовун 15-20 минг сўмдан сотиляпти. Май ойига бориб асл катта қовунлар 50 минг сўмгача кўтарилади.

Туман қовун рангини ўзгартиради...

Яратган қишлоғимизни дунёнинг ҳеч бир гўшасида учрамайдиган ажиб шамол билан сийлаган. Агар шамол бўлмаганида, қовунларни бир кун ҳам сақлаб бўлмас эди.

Қишлоққа яқин жойда Қайроққум сув омбори бор. Шамол айнан ўша ерда пайдо бўлиб қишлоққа доимий эсиб туради. Шунинг ҳисобига қовунлар чиримай яхши туради.

Икки ўғлим бор. Улар билан бирга эрта баҳорда Жиззахга жўнаймиз. Болаларим қовун парваришлаш борасида анча устомон. Қовун экилгач, қишлоғимга қайтаман. Ўғилларим деҳқончилик билан банд.

Қовунларни ўзимизда экиб парвариш қилса ҳам бўлади, лекин Жиззахда етиштирилган қовунлар мазаси ўзгача бўлади.

Агар қишда ҳарорат тушиб кетса, омборхона туйнукларини беркитиб қўямиз. Айниқса туман тушганда туйнуклар беркитилиши керак. Чунки туман қовун рангини ўзгартириб, хунуклаштириб юборади.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири,

Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

1.jpg
2.jpg
3.jpg
4.jpg
5.jpg
6.jpg
7.jpg

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти