Жаҳон | 07:35 / 31.10.2022
7877
2 дақиқада ўқилади

Бразилиядаги президентлик сайловларида Лула да Силва ғалаба қозонди

Сайлов прогнозлари биринчи турда Луланинг ғалабасини башорат қилган эди, бироқ ўшанда у 48,5 фоиз, Болсонару эса 43,2 фоиз овоз олди.

Фото: Getty Images

30 октябр, якшанба куни бўлиб ўтган президентлик сайловларининг иккинчи босқичида Бразилия собиқ президенти, сўл қанот Ишчилар партияси вакили Луиз Инасиу Лула да Силва ғалаба қозонди. У 50,87 фоиз овоз тўплади. Унинг рақиби, амалдаги давлат раҳбари, ўнг қанот популист Жаир Болсонару 49,13 фоиз сайловчилар томонидан қўллаб-қувватланди.

2 октябр куни бўлиб ўтган сайловнинг биринчи босқичида 77 ёшли Лула да Силва сўровлар натижасида кутилганидан кичикроқ бўлса-да, Жаир Болсонарудан ўзиб кетди: сўл номзод учун 48,5 фоиз, амалдаги президент учун 43,2 фоиз овоз берилди.

Луис Инасиу Лула да Силва 2003-2010 йилларда Бразилия президенти бўлган ва жуда машҳур эди. Кейинчалик у коррупцияда айбланиб 12 йилга қамалган, бироқ Олий суд ҳукмни бекор қилиб, унга қайта сайланишга рухсат берди.

Сайловлар олдидан Болсонару бир неча бор сайлов тизимининг мустақиллигига шубҳа билдирган ва сайлов натижаларини тан олмаслигини истисно этмаган, унинг тарафдорлари эса ҳатто намойишларга чақиришганди.

Лотин Америкасининг энг йирик давлати Бразилияда 156 миллиондан ортиқ киши овоз бериш ҳуқуқига эга. Сайловда 118 миллионга яқин фуқаро қатнашди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид