Иқтисодиёт | 14:19 / 01.11.2022
78787
11 дақиқада ўқилади

Фронтга йўналтирилаётган миллиардлар. Россия уруш учун пулни қаердан олмоқда?

Украинага бостириб кирганидан кейин Москвага қарши кенг кўламли санкциялар киритилганига қарамай, бу йил Россиянинг халқаро савдо ҳажми кескин ошди. Санкциялар кучга кирган сари, Москванинг иқтисодий иттифоқчилари ҳам ўзгармоқда. Россия айни дамда нималар экспорти ҳисобига пул топмоқда ва санкциялар самара берадими?

Станислав Красильников / ТАСС

Кўплаб давлатлар Россия Украинага бостириб киргач у билан иқтисодий алоқаларни узишга ва Россия иқтисодига зарба бериш учун санкциялар жорий қилишга ваъда берди. Аммо нефт, газ ва хомашё бўйича дунёдаги энг йирик ишлаб чиқарувчилардан бири сифатида Россия қадрдон ва фойдали савдо шерикликларига эга. Бу алоқаларни узиш осон эмас.

2020 йилда Россия дунё мамлакатларидан 220 миллиард долларлик товарлар, жумладан, автомобиллар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, дори-дармон ва компьютерлар импорт қилган. Бу маҳсулотлар асосан Хитой, Германия, Корея ва бошқа мамлакатлардан сотиб олинган.

The New York Times нашрининг савдо маълумотлари таҳлилига кўра, Россия импорти санкциялар ва савдо чекловлари киритилгандан сўнг кескин камайди. Аммо бир қанча давлатлар, хусусан, Хитой ва Туркия Украинадаги уруш бошланганидан сўнг Россия билан муносабатларини янада кучайтирди.

Кўпгина давлатлар учун Россия хомашёсисиз яшаш жуда қийин бўлди. Урушдан олдин Россия даромадининг учдан икки қисмидан кўпроғини нефт, газ, муҳим металлар (олтин, кумуш, палладий, иридий ва бошқалар) ва минераллар экспорти ташкил қилган бўлиб, улардан электр машинлар, уйларни иситиш ва заводлардаги ишлаб чиқаришда фойдаланилган.

NYT нашри таҳлили шуни кўрсатадики, ҳатто Россияга қарши ҳаракатларда фаол иштирок этган кўплаб мамлакатларга Россиянинг экспорт ҳажми Украинага бостириб кирганидан кейин ўсган. Бу Россия иқтисодини жазолаш орқали уруш ҳаракатларига таъсир кўрсатмоқчи бўлган Ғарб давлатлари расмийларини умидсизликка туширмоқда.

Россиянинг дунё билан алоқалари жадал ривожланишда давом этяпти. Глобал иқтисодий ўзгаришларни баҳолаш учун NYT нашри онлайн маълумотлар платформаси бўлган Observatory of Economic Complexity томонидан тузилган мамлакатлар даражасидаги йиллик савдо маълумотларни таҳлил қилди. Маълумотлар кечикиш билан чиқарилганлиги сабабли, улар орқали чизилган умумий картина моҳиятан ретроспективдир (эскироқ). Ғарб янги чекловлар киритгани туфайли, Россиянинг дунёнинг қолган мамлакатлар билан савдо қилиш қобилияти яқин ойларда янада камайган бўлиши мумкин.

Аммо ҳозирча, бу маълумотлар Россиянинг жаҳон иқтисодиёти билан қанчалик чуқур боғланганини кўрсата олади ва бу алоқалар урушнинг тўққизинчи ойини ўтказаётган Москвага катта миқдорда даромад олиш имконини тақдим этади. Ғарбнинг Россия иқтисодиётига зарба бериш учун қўллаган санкциялари ва бошқа чоралари ҳозиргача жуда кам самара берди.

«Россия ресурсларисиз яшаш жуда қийин. Унинг ўрнини босувчи муқобил йўқ», – дейди собиқ Россия молия вазири ўринбосари ҳамда Марказий банки раиси ўринбосари бўлган Сергей Алексашенко.

Уруш давом этиши ва унга дунё давлатларининг муносабати халқаро савдо оқимларида сезиларли ўзгаришларга олиб келмоқда. Ўз чегараларидан ташқарида етиштириладиган буғдой ва бошқа асосий маҳсулотлар импортига қарам бўлган кўплаб мамлакатларда озиқ-овқат захиралари етарли эмас. Ёнилғи ва бошқа маҳсулотлар нархи рекорд даражадаги инфляция сабаб кўтарилди. Маълумотлар шуни кўрсатадики, Россиянинг Европа билан узоқ йиллик иқтисодий алоқалари аста-секин камаймоқда, товарларнинг бошқа мамлакатларга йўналтирилиши натижасида эса янги савдо иттифоқлари тузиляпти.

Европа Иттифоқи, АҚШ ва Буюк Британия Россияга қарши жиддий иқтисодий санкциялар жорий этди, мамлакатнинг юзлаб бадавлат шахслари ва ҳукумат амалдорларини санкциялар рўйхатига киритди ҳамда Москвани халқаро молия тизимидан сезиларли даражада узиб қўйди. Улар, шунингдек, Россияга илғор технологиялар экспортини тўхтатишга ваъда берди ва Россия авиакомпанияларининг Ғарбга парвозларини тақиқлади.

Глобал компанияларнинг Россиядаги фаолиятини тўхтатиш ҳақидаги қарорлари ҳам катта таъсир эга бўлди. Чет эл товарларини ташувчи контейнер кемалари эндиликда Россияни дунёнинг қолган қисми билан боғловчи асосий нуқта бўлган Санкт-Петербург портига қўнғироқ қилгани йўқ. Инфляция ва иқтисодий ноаниқлик россиялик истеъмолчиларни ҳали ҳам дўкон пештахталарида турган маҳсулотларни харид қилишни камайтиришга мажбур этмоқда.

Аммо Ғарб иқтисодиёти учун муҳим бўлган Россия энергетикасига қарши киритилган санкциялар кучга кириши секин кечмоқда. АҚШ аллақачон Россия нефтини сотиб олишни тўхтатди, Буюк Британия эса бу ишни йил охиригача амалга оширмоқчи. Лекин бу давлатлар асосий харидорлардан эмас.

Россия энергетикасига қаттиқ қарам бўлган, инфляция билан курашаётган кўплаб мамлакатлар сингари Европа Иттифоқи ҳам бу борада секин ҳаракат қилмоқда. Август ойида Европа Россия кўмирини импорт қилишни тўхтатди. Декабр ойида Россиядан денгиз орқали келадиган барча нефт импортини, февралда эса барча нефт маҳсулотларини сотиб олишни тақиқлаш режалаштирилган. Россия ҳам, ўз навбатида айрим товарлар, жумладан, қишлоқ хўжалиги ва тиббиёт маҳсулотларини экспорт қилишни тақиқлади.

Нефт ва газ ҳозирги кунда Россиянинг энг муҳим экспорт маҳсулотлари ва давлат ғазнасини тўлдирувчи асосий манбалар ҳисобланади. Ўтган йили нефт ва газнинг юқори нархлари уларнинг экспорт қийматини ошириб юборди ва бу Москвага санкциялар туфайли йўқотилган даромадларни қоплашга ёрдам берди. Россиянинг давлат энергетика гиганти бўлмиш «Газпром» компанияси шу йилнинг биринчи ярмида Европага экспорт камайганига қарамай рекорд даражада даромад кўрди.

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) бу йилги Россия иқтисодиёти бўйича ўз прогнозларини қайта кўриб чиқди ва мамлакат иқтисодиёти ташкилот кутганидан камроқ қисқаришга учрашини айтди. Октябр ойида ХВЖ Россия иқтисодиёти жорий йилда 3,4 фоизга қисқаришини маълум қилди, бу июл ойидаги 6 фоиз ва апрелдаги 8,5 фоиздан анча паст кўрсаткич.

«Россия иқтисодий санкцияларни кутилганидан ҳам яхшироқ енгиб чиқди, бунга нефт ва газнинг юқори нархлари ҳамда бизнинг қазиб олинадиган ёнилғига боғлиқлигимиз ёрдам берди», – дейди Observatory of Economic Complexity’ни бошқарувчи Datawheel компанияси бош иқтисодчиси Жилберто Гарция-Васкес.

Европа расмийлари яқин ойларда жорий қиладиган нефт ва нефт маҳсулотларига нисбатан янги санкциялар Россия учун жиддий зарба бўлиши мумкин. Бироқ Россиянинг океанга тушган кемаларидаги нефти янги бозорларга йўл топиши мумкин. Украинадаги босқиндан сўнг Ҳиндистон ва Хитой Россия нефтининг асосий харидорларига айланди.

Февралдан буён РФнинг баъзи давлатлар билан савдо ҳажмидаги ўзгаришлар

Ўз навбатида, Украинадаги урушдан олдин Ҳиндистон ва Хитойга нефт экспорт қилган асосий давлатлар, жумладан, Саудия Арабистони, Ироқ ёки Ангола эндиликда ўз нефтини Европага юбориши мумкин.

«Бу глобал энергетика бозорининг чалкашиб кетишига олиб келади. Бунда рус нефти йўқолиб қолмайди, шунчаки янги бозорларга йўналтирилади», – дейди Алексашенко.

Россия нефт экспортидан қанча даромад кўриши номаълумлигича қолмоқда. Бошқа мамлакатларда унинг маҳсулотларига талаб пасайгани сабабли, Москва ўз нефтини Ҳиндистон ва Хитойга арзонлаштирилган нархда сотишга мажбур. Ғарб давлатлари ҳозирда Москванинг сотилган ҳар бир баррел нефтдан оладиган даромадини янада камайтириш учун нефт нархининг энг юқори чегарасини белгилашга ҳаракат қилмоқда.

Ҳозиргача энергия ташувчиларнинг юқори нархлари санкциялар таъсирларни бартараф этиб келди. Нефт харидорлари ва сотувчилари томонидан энг кўп ишлатиладиган Brent ва Ural каби машҳур нефт навлари нархи сўнгги ойларда тушиб кетди.

Лекин Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг катта қисмида энергия ташувчилар нархи ўсиб боргани сабаб, Россия шу йилнинг март ойидан июл ойигача нефт ва газ сотишдан аввалги йиллардагига қараганда кўпроқ даромад олган.

Узоқ муддатли келажакда Россиянинг газ сотиш бўйича истиқболлари ижобий бўлмайди. Аксарият қисми танкерларда денгиз орқали ташиладиган нефт экспортидан фарқли ўлароқ, Россия газининг катта қисми қурилиши бир неча йиллаб давом этувчи газ қувурлар орқали мамлакатни тарк этади ва бу Москванинг янги бозорларга чиқишини қийинлаштиради.

2022 йил июл ойига келиб Германия Россиядан табиий газ импортини икки баравар қисқартирди ҳамда Норвегия ва АҚШдан сотиб олишни кўпайтирди. Сентябр ойидаги портлашлар натижасида Россиядан Германияга газ етказиб берувчи магистрал газ қувурлари шикастланди.

Россия ўз газига бошқа мамлакатлардан харидор топишга ҳаракат қилмоқда. Хитойга экспорт кўпайди, аммо Хитойга фақат битта газ қувури линияси мавжуд. Газни денгиз орқали ташиш учун Россия янги газни суюлтириш заводларини қуриши керак, бу эса қиммат ва кўп вақт талаб қилувчи жараён.

Энергетикадан ташқари, Россия ўғит, асбест ва ядровий реакторлардан буғдойгача бўлган бошқа зарурий товарларнинг ҳам асосий сотувчиларидан бири бўлиб қолмоқда. Халқаро автомобил ишлаб чиқарувчилари каталитик конверторлар учун Россиянинг палладий ва родий металларига қарам бўлишда давом этмоқда. Франция атом электр станциялари Россия уранига боғлиқ ва Бельгия Россия билан олмос савдосида ҳамон асосий рол ўйнайди.

Россия экспорти урушгача
Россия экспорти урушдан кейин

Россиянинг йирик савдо ҳажми ва захира қилинган ҳарбий бюджети келгуси йилда, санкциялар кучайиши билан қисқариши мумкин.

«Европа аста-секин янги энергия манбаларига ўтиши ва янги санкциялар, жумладан, нефтнинг потенциал нархи ўрнатилиши Россия экспортининг узоқ муддатли келажакда камайишига олиб келади», – дейди Карнеги жамғармасининг катта илмий ходими Александр Габуев.

Унинг айтишича, Россиянинг сўнгги ойларда фронтда муваффақиятсизликка учраши ҳам иқтисодий муносабатларга таъсир қилиши мумкин. Шу ҳафта охирида Москва Украина портларидан дон экспорт қилиш имконини берувчи халқаро келишувдан чиқди. Агар Россия Украинада масалан ядро қуролидан фойдаланса, бу янги глобал санкцияларга олиб келиши мумкин, бу эса Россиянинг Осиё давлатлари билан ҳам савдо алоқалари узилишига олиб келади.

«Эҳтимол, биз келгуси йилда умуман бошқа картинани кўрамиз», – дея қўшимча қилган Габуев.

Мавзуга оид