Жаҳон | 15:27 / 01.11.2022
8575
3 дақиқада ўқилади

Россияда ҳукмрон партия сафарбарликдан қочганларни 5 йилга қамашни таклиф қилди

«Единая Россия» депутатлари ва сенаторлари сафарбарликдан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этишни таклиф қилмоқда.

Фото: ТАСС

«Единая Россия» депутатлари ва сенаторлари чақирув қоғозини олганлар учун сафарбарликдан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда 1 ноябрь, сешанба куни манбаларга таяниб, «Известия» газетаси хабар берди. Маълумотни қонун лойиҳаси ҳаммуаллифи, Давлат думасининг Хавфсизлик ва коррупцияга қарши кураш қўмитаси раиси ўринбосари Эрнест Валеев тасдиқлади. 

Жиноят кодексига депутатлар томонидан таклиф этилган ўзгартиришлар сафарбарликдан бўйин товлаш учун 200 мингдан 500 минг рублгача жарима ёки бир йилдан уч йилгача даромад миқдорида, мажбурий меҳнат ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазолашни назарда тутади.

Валеевнинг сўзларига кўра, ҳарбий хизматга чақирувдан бўйин товлаган шахслар ҳарбий хизматга чақирув қоғозини расман олганидан кейин жиноий жавобгарликка тортилади. Жиноят кодексига ўзгартиришлар киритиш зарурлигини Валеев «қонунчиликдаги бўшлиқлар» билан изоҳлади. Амалдаги қонунчиликка кўра, сафарбарликдан бўйин товлаш Жиноят кодексининг 328-моддаси билан тартибга солинади. Бу фақат муддатли ҳарбий хизматга чақирилганларга тегишли. «Мавжуд қонун захирадаги шахсларга тааллуқли эмас. Лекин сафарбарлик пайтида улар захирадан чақирилади, бунга эса жиноий жавобгарлик йўқ», - дейди Валеев.

«Бу келажак учун, унинг ҳозирги вазиятга ҳеч қандай алоқаси йўқ, чунки сафарбарлик якунлангани расман эълон қилинган, бу энди у ёки бу тарзда қочиб кетганларга нисбатан қўлланмайди», деди Валеев.

Россия президенти Владимир Путин куни кеча сафарбарлик якунланиш арафасида эканини маълум қилганди. Шу билан бирга, у тегишли қарорни имзоламаганини таъкидлаб, буни қилиш керакми ёки йўқлигини билмаслигини айтди. «Ҳозир Мудофаа вазирлиги сафарбарлик тадбирларини якунлашни таклиф қилди. Ҳуқуқшунослар билан бунинг тугаллангани ҳақида фармон орқали эълон қилиш керакми ёки йўқлигини гаплашаман. Лекин у якунланди, охири белгиланди», деди Путин. 

Ҳудудлар раҳбарларининг «сафарбарлик тадбирлари» якунлангани ҳақидаги баёнотидан сўнг ҳуқуқшунослар ва ҳуқуқ ҳимоячилари сафарбарлик тегишли қарор имзолангандан кейингина якунланиши мумкинлигини таъкидладилар. 

«Мудофаа вазирлигининг низом ва кўрсатмалари мутлақо ошкора бўлмагани, ҳокимият вакилларининг баёнотлари эса бир-бирига зид бўлиб, ҳеч қандай ҳуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқармагани учун биз, ҳуқуқшунослар сифатида, бўшашмасликни қатъий тавсия қиламиз. Қисман сафарбарлик уни эълон қилган амалдор томонидан якунланади, ҳозирча ҳуқуқий режим сақланиб қолади. Яъни, биз президент фармонини кутишимиз керак», деди «Агора» инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Павел Чиков. У Москвада шаҳар мэри Сергей Собянин сафарбарлик тугаганлигини эълон қилганидан кейин шу ҳақда айтди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид